Линклар

logo-print

Жорий йил 24 июлида Россия фуқароси, асли наманганлик 37 ёшли имом Темур Турсунов Ўзбекистонга меҳмонга борганида ҳибсга олинди. Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги ертўласида ушлаб турилгани айтилаётган имом ҳимоясига Россияда “Темур Турсуновни озод этиш қўмитаси” тузилди. Ҳуқуқ фаолларига кўра, имом Турсунов масаласида Россия Ташқи ишлар вазирлиги Ўзбекистонга нота жўнатган.

Киров вилояти муфтийси муовини асли Ўзбекистоннинг Наманган вилояти Норин туманидан бўлган Темур Турсунов Рамазон тугаши билан 22 июль куни кекса онасини зиёрат қилиш мақсадида Москвадан Ўзбекистонга учиб келади.

Онаси билан дийдорлашганидан кейин имом Ўш-Свердловск йўналиши бўйича парвоз қилувчи учоқда ортга қайтишни режалаштиради, аммо чегара назорат пунктидан ўтаётганида номаълум кимсалар томонидан онасининг кўз олдида ҳибс этилиб, олиб кетилади.

Бу тафсилотларни Озодликка сўзлаб берган Москвадаги “Ёрдам” инсон ҳуқуқлари ҳимояси ташкилоти раҳбари Баҳром Ҳамроев, Темур Турсунов Ўзбекистонга кириб келаётганида хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан 4 соатдан ортиқ вақт давомида Тошкент аэропортида сўроқ қилинганини маълум қилди:

- У учиб борганда аэропортда 4 соат сўроқ қилишган, лекин кейин қўйиб юборишган. Аммо шундан кейин унинг орқасидан 2 кун ичида интенсив кузатув олиб боришган. Шундан кейин Темур хавфсираб, кетишга мажбур бўлган, ваҳоланки ота-онасининг уйида 2 ҳафта таътилини ўтказишга борган эди. Бу босимлардан кейин 24 июль куни онаси билан биргаликда ўз уйига, Россияга қайтиш мақсадида билет олган.Онаси билан “Дўстлик” чегарасидан ўтаётганида номаълум шахслар уни қўлини қайриб, номаълум томонга олиб кетишган. Онаси милицияга бориб арз қилган, аммо натижа бўлмаган. Ана шундан кейин мен шахсан Киров шаҳрига бориб, бўлган ҳодисани ўрганиб, имомни таниган барча одамлар билан гаплашдим, дейди ҳуқуқ фаоли.

Чегарадан ўғирлаб кетилган имомнинг рафиқаси ва онаси қилган аризага чегара ва Ички ишлар хизматида “биз билмаймиз, Темур Турсунов деган одам бу ердан ўтмаган”, деган жавоб берилган.

Вятка имом-хатиби Р.Романқулов ва Б.Ҳамроев "Турсуновни ҳимоя қилиш қўмитаси"да

Вятка имом-хатиби Р.Романқулов ва Б.Ҳамроев "Турсуновни ҳимоя қилиш қўмитаси"да

Баҳром Ҳамроевнинг айтишига кўра, Темур Турсунов Киров шаҳридаги жоме масжидда имомлик қилган, вилоят муфтийси ёрдамчиси вазифасини эгаллаб келган. Наманганлик диндор Киров шаҳар Жоме масжидида "Дин асослари" фанидан таълим ҳам бериб келгани, имом рус ва ўзбек тилидан ташқари озарбайжон, турк, араб, татар тилларини мукаммал билади.

Ҳамроевга кўра, Турсуновга босимлар Ўзбекистонга аввалги сафарларида ҳам бўлган, бироқ у бирор маротаба ҳибс этилмаган.

Баҳром Ҳамроев Россия фуқароси бўлган Темур Турсунов иши юзасидан Россия Ташқи ишлар вазирлигига махсус билдиришнома ёзганини айтади:

- Мен Россия консулига ҳам мурожаатнома ёздим ва Россия Ташқи ишлар вазирлиги ходимлари билан бу масалада атрофлича суҳбатлашдим. Билишимча, Россия Ташқи ишлар вазирлиги Ўзбекистонга Турсунов масаласида махсус нота беришган. Онаси шу кунгача ўғлининг қаерда экани тўғрисида бирорта жавоб ололмаган. Кировда эса “Темур Турсуновни озод этиш қўмитаси” тузилди. Бу ҳаракатлар бошлангандан сўнг кеча миллий хавфсизлик хизмати ходимлари Андижон вилоят бошқармасидан онасига телефон қилиб, Темур Ички ишлар вазирлигида, ҳеч қаерга йўқолмагани тўғрисида хабар берилган, дейди Баҳром Ҳамроев.

Ҳимоячи ҳибсда қолаётган имом Турсунов аниқ қаерда ва нима айблов асосида Ўзбекистон ҳибсхонасида сақланаётгани номаълумлигича қолаётганини гапирди. Милиция ходимларидан бири онаси билан бўлган учрашув давомида Россия фуқароси Темур Турсуновнинг “Россия фуқаролигини қандай қилиб олганлиги текширилиши”ни айтган.

“Ёрдам” ташкилоти раҳбари Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идоралари имом Темур Турсуновга сохта иш тайёрлаб, уни “экстремизм, терроризмда айблаш” мақсадида қўлга олганини тахмин қилди. Баҳром Ҳамроев Россия фуқаролигини олган ўзбекистонликларга нисбатан бундай ноқонуний ҳатти-ҳаракатлар олдин ҳам бўлгани, аммо бундай очиқчасига ўғирлаш биринчи маротаба кузатилаётганини ҳам қўшимча қилди.

Озодлик икки ҳафтадан буён Ўзбекистон ҳибсхоналаридан бирида қолаётган кировлик муфтий Темур Турсунов билан боғлиқ вазиятни кузатиб боради.

Айни пайтда, Ўзбекистон Божхона хизмати хабарига кўра, Россиядан флеш-картасида “диний экстремизмни тарғиб этувчи материалларни олиб киришга уринган” наманганлик Ўзбекистон фуқароси 5,5 йиллик қамоқ жазосига маҳкум этилгани хабар қилинди. Санкт-Петербургдан Андижонга самолётда учиб келган бу шахснинг юки орасида “минглаб аудио-видео файллар аниқлангани” айтилди.

Ўзбек божхонасилари экспертиза хулосасига таяниб, бу аудио-видеоматериалларда “Ўзбекистон Исломий ҳаракати” ташкилоти томонидан тузилган маърузалар, Сурияда ёзилган ва ИДни мадҳ этувчи қўшиқлар топилганини очиқлади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG