Линклар

logo-print

Финляндияда яшаётган ўзбек оиласига депортация хавф солмоқда


Обид қори Назаров издошлари бўлган ўзбек қочқинлари томонидан Швецияда ўтказилган норозилик намойишидан лавҳа.

Обид қори Назаров издошлари бўлган ўзбек қочқинлари томонидан Швецияда ўтказилган норозилик намойишидан лавҳа.

Финляндияда олти йилдан бери қочқинлик изловчи сифатида яшаб келаётган ўзбек оиласи ватанига депортация қилиниши мумкин. Бу ҳақда Франциядаги Марказий Осиёда инсон ҳуқуқлари ташкилоти бонг урди.

Ташкилот раҳбари Надежда Атаеванинг Озодликка билдиришича, тўрт фарзанднинг онаси бўлган ўзбекистонлик аёл ҳозир Ла́ппеэнранта шаҳридаги қочқинлар учун мўлжалланган махсус изоляторда ушлаб турилибди.

- Бу ерда гап тўрт фарзандли диндор оила ҳақида кетяпти. Хавфсизлигини ўйлаб, исмларини айтмаяпмиз. Улар олти йил аввал Ўзбекистондаги тазйиқлардан қочиб, икки фарзанди билан Финляндияга келишган. 9 ва 7 ёшли фарзандлари мактабга борадиган ёшда. Икки ва бир яшар фарзандлари шу ерда туғилган. Ҳозир онаси изоляторда, фарзандларини тортиб олишган. Эри депортация қилинишидан қўрқиб, қочиб юрибди, - дейди Атаева.

Ҳуқуқ фаолига кўра, ўзбекистонлик бошпана изловчилар ватанларига депортация қилинса, қамалиши ва ҳатто ўлим хавфига юз тутишлари мумкин.

– Улар шунча йилдан бери бошпана олиш илинжида юришибди. Сабаби Ўзбекистонда уларни қамалиш, қийноққа солиниш ва ҳатто ўлим хавфи кутяпти. Фарзандлари эса ота-онасиз қолиб кетиши мумкин. Ҳозир биз уларнинг ҳимоясига чиқдик ва Финляндия ҳукуматига бу қочқинларни Ўзбекистонга асло қайтариб юбормасликни сўраб, мурожаат қилдик, - дейди Атаева.

Охирги пайтларда Европага келаётган қочқинлар орасида Исломий давлат каби террорчи ташкилотларга алоқадор экстремистлар бўлиш эҳтимоли борасида хавотирлар кучайди.

Франциядаги Марказий Осиёда инсон ҳуқуқлари ташкилоти ҳимоя қилишга уринаётган қочқинлар Ўзбекистонда конституциявий тузумга тажовуз қилганлик ва диний-экстремистик ташкилот тузганликда айбланган Обидхон қори Назаровнинг издошлари экани айтилади.

- Оила бошлиғи Обидхон қори Назаров масжидига қатнаб турганидан кейин СНБ (Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати - таҳр.) назарига тушган ва таъқиблар бошланган. Шундан сўнг у аввал ўзи, кейин эса оиласини Ўзбекистондан олиб чиқиб кетишга мажбур бўлган. Ҳозир улар тўрт фарзанди тарбияси билан овора бўлиб юрган оддий бир ўзбек оиласи, - дейди Атаева.

Ўтган йили Норвегия олти нафар ўзбек муҳожирини Ўзбекистонга қайтариб юборган эди. Олтовлон Ўзбекистонга қайтиши билан қамоққа олиниб, диний-экстремизм ҳамда конституциявий тузумга тажовуз қилганлик айблови билан 12 йилдан 13 йилгача озодликдан маҳрум қилинганди.

"Ўзбекистон" телеканали бу кишиларни жиҳодчилик ва бесоқолбозликда айблаб, кўрсатув намойиш қилганидан сўнг Норвегия ўзбек қочқинларини ватанига депортация қилишни тўхтатган.

XS
SM
MD
LG