Линклар

Душанбе ва Бишкек чегараолди ҳудудидаги баҳсли масалалар бўйича келишиб олди


Қирғизистоннинг Кўктош ва Тожикистоннинг Сомониён қишлоқлари ўртасида юзага келган зиддиятли вазият бўйича Бишкек ва Душанбе расмийлари ўртасида бир неча кун давом этган музокаралар 7 август куни ҳар иккала томон учун самарали якунланди.

- Ўзаро келишувга эришилди. Масалани ҳал қилиш бўйича умумий қарорга келинди: Тожикистон томони зиддиятга сабаб бўлган деворнинг бир қисмини бузиб ташлашга рози бўлди, ўз навбатида, Қирғизистон томони сувни очадиган бўлди. Бу ерда гап Қирғизистоннинг Боткен туманига қарашли Ахтатир аҳоли пункти ва Тожикистоннинг Исфара туманига қарашли Майский аҳоли пункти устида бораяпти, - деди Қирғизистон ҳукуматининг чегара масалалари бўйича вакили Қурбанбай Искандаров Озодликнинг тожик хизматига берган интервьюсида.

Айни маълумотни Озодликнинг Тожикистон Ташқи ишлар вазирлигидаги манбаси ҳам тасдиқлади.

Эслатиб ўтамиз, чегараолди ҳудудида яшовчи кишилар ўртасида 3 август куни юзага келган зиддиятга тожикистонлик Фахриддин Шарофовнинг боғини ўраш учун тиклаган девори сабаб бўлганди. Бу девор Қирғизистон ҳудудида жойлашган Кўктош қишлоғидаги қабристонга олиб борувчи автомашина йўлини ёпиб қўйганди. Бунга жавобан қирғизистонликлар Тожикистоннинг Чоркўҳ қишлоғидан ўтувчи канал сувини бўғиб қўйганлар.

Ҳафта бошида оловланган можаро чоғида ҳар иккала томондан бир неча киши жароҳатлани хабар қилинганди.

Иккала томоннинг кечаги келишувига кўра, Фахриддин Шарофов деворни икки метр нари суриб, қирғизистонликлар қабристонига йўл очиб берадиган бўлган.

- Бугун деворни буза бошлайдилар, кенглиги тўрт метр келадиган йўл очадилар, Қирғизистон томони эса сувни очади. Баённома ана шу ишлар амалга оширилганидан кейин имзоланади, - деди Қирғизистон ҳукуматининг чегара масалалари бўйича вакили Қурбанбай Искандаров.

Марказий Осиёдаги қўшни мамлакатлар ўртасида бу каби можаролар Совет Иттифоқи парчаланиб, минтақа республикалари мустақил давлатларга айланганидан бери бот-бот кузатиб келинади. Таҳлилчилар минтақа мамлакатлари чегараларидаги баҳсли ҳудудлар масаласи ҳал бўлмагунича, бу каби можаролар келажакда ҳам содир бўлиб туришини эҳтимолдан соқит қилмаяптилар.

XS
SM
MD
LG