Линклар

Урганч "Ёшлар кўли"даги концертда кўприк синди, ўнлаб одам қурбон бўлди


"Ёшлар кўли"даги пиёдалар кўпригида концерт кўраётган томошабинлар

"Ёшлар кўли"даги пиёдалар кўпригида концерт кўраётган томошабинлар

Урганч марказидаги “Ёшлар кўли” дам олиш масканида концертга йиғилган юзлаб томошабин турган кўприкнинг панжараси синиб кетди ва ўнлаб одам сувга чўкиб ўлди. 8 август шом пайтида юз берган ҳодисада қурбонлар борлигини тасдиқлаган Фавқулодда вазиятлар вазирлиги сабабларни Президент буйруғи билан тузилган ҳукумат комиссияси ўрганаётганини билдирди.

Юзлаб одам йиғилган кўприк панжараси синди

Ҳодиса Хоразм вилояти Урганч тумани марказидаги "Ёшлар кўли"да Ўзбекистонда таниқли қўшиқчи Наврўз Собиров концерт бераётган кезда юз берди.

2013 йилнинг сентябрь ойида Мустақиллик байрами муносабати билан фойдаланишга топиширилган истироҳат боғидаги кўприк панжараларининг концертга йиғилган юзлаб томошабинни кўтара олмагани айтилмоқда.

Воқеа гувоҳларига кўра, концерт пайтида боғдаги сунъий оролчага уланган кўприк ён панжараларинин бир қисми синиб кетган ва кўприкда туриб концерт томоша қилаётган юзлаб одам, асосан, ёшлар, болалар ва аёллар шом қоронғусида сувга қулаган.

Гувоҳлар кўлнинг туби камида икки метр келиши ва ғира-ширада сувга тушган болалар, хотин-халажнинг бир-бирини тортиб, чўка бошлагани, "3-4та тез ёрдам машинаси орадан 10-15 минутлар ўтиб, ҳодиса жойига келганида" ўнлаб томошабин чўкиб кетганини айтмоқда.

Гувоҳлардан бирининг айтишича, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги қутқарувчилари ҳам "оз сонда, воқеадан анча ўтиб" етиб борган ва кўл атрофи панжаралар билан ўралгани учун тез ёрдам машиналари ҳам ҳодиса саҳнига тезда ўта олмаган.

Озодлик аниқлаган рақамлар:

Фавқулодда вазиятлар вазирлигидаги ўз исмини ошкор этишни истамаган манбага кўра, камида 15 нафар одам ҳалок бўлган ва яна камида 17 нафар одам касалхонага ётқизилган.

Урганч туман ҳокимияти мулозимининг айтишича, ҳодисада биргина Урганч туманидан 7 нафар, жумладан 5 нафар мактаб ўқувчиси, сувга чўкиб кетган. Аммо гувоҳлардан бири ҳодисада камида 30 нафар одам ҳалок бўлганини билдирди.

Қутқариб олинган ўнлаб одам, баъзи манбаларда айтилишича, 17 киши Урганч шаҳар марказий касалхонасига ётқизилган.

Шанбадан якшанбага ўтар кечаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги қутқарувчилари кўлда қидирув ишларини олиб боргани ҳам айтилди.

Қутқарувчилар "прожектлар ёқиб, туни билан кўлга чўкиб кетганларни қидирди," деди гувоҳлардан бири.

Вазирлик: Қурбонлар бор

Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ҳодисада қурбонлар борлигини тасдиқлади.

Вазирлик тарқатган баёнотда "одам кўп йиғилгани учун, кўприкнинг панжаралари қисман сингани" айтилди. Вазирлик ҳодисада "қурбонлар бор"лигини тасдиқлади, аммо аниқ рақамлар келтирмади.

Бундан ташқари, расмий баёнотда Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов буйруғи билан ҳодисани ўрганиш учун ҳукумат комиссияси тузилгани билдирилди.

Хабарда айтилишича, ҳукумат комиссияси аъзолари воқеа жойига етиб борган ва туман мутасаддилари билан бирга сабабларни ўрганмоқда.

Озодликка келган норасмий маълумотларга кўра, кўприк қурилишига масъул ташкилотларнинг бир неча ходими сўроққа тортилган, бир неча эса ҳибсга олинган.

"Бунёдкор" ёшларнинг Мустақилликка туҳфаси

Собиқ совет иттифоқи пайтида халқ орасида "Комсомол кўли" номи билан танилган "Ёшлар кўли" 2013 йилда таъмирланиб, Ўзбекистон мустақиллигининг 22 йиллиги муносабати билан фойдаланишга топширилган эди.

“Ёшлар кўли” дам олиш масканида замонавий аттракционлар, оталар чойхонаси, иккита кема-кафе, шахмат клуби ва бошқа объектлар бор. Шунингдек, кўл ўртасига сунъий орол бунёд этилган.

Муҳими, "Ёшлар кўли" 2013 йилда 12 миллиард сўмдан ошироқ маблағга қайта таъмирланган ва таъмирлаш ишларини ёшларнинг "Бунёдкор" номли меҳнат бригадалари қилган эди.

Дам олиш масканининг умумий майдони 15,5 гектар бўлиб, кейинги йилларда, айниқса, нафақат Урганч, балки қўшни туман ва вилоятлардан борадиган ёшларнинг дам олиш масканига айланган.

Айни пайтда Озодлик ҳодиса тафсилотларини ўрганишда давом этмоқда. Маълумотларни WhatsApp, Viber ва Telegram тармоғи орқали +420 724 971 539 рақамига йўлланг!

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG