Линклар

logo-print

Суриядаги ўзбек жангариси: Бағдодийга қарши жанг қилишга фатво олдик!


Толибларнинг эндиликда марҳум етакчиси мулла Умарга байъат бераётгани айтилган Суриядаги "Имом Бухорий" катибаси жангарилари

Толибларнинг эндиликда марҳум етакчиси мулла Умарга байъат бераётгани айтилган Суриядаги "Имом Бухорий" катибаси жангарилари

Суриядаги "Имом Бухорий" катибаси аъзосиман, деб иддао қилган ўзбек жангариси гуруҳнинг Толиблар янги раҳбари Ахтар Мансурга байъат берганини айтмоқда. Бу жангари "ботил ақида"да бўлган "Исломий давлат"га қарши жанг қилиш ҳақида катибага фатво берилганини даъво қилди. Покистон ва Афғонистонда бўлган ЎИҲ эса ўтган ҳафта "Исломий давлат"га қўшилганини билдирган.

"Катибамиз Бағдодийга байъат бермайди"

WhatsApp тармоғи орқали Озодликка боғланган ва ўзининг Суриядаги "Имом Бухорий" номли катиба аъзоси эканини иддао қилган ўзбек бу гуруҳ Толибларнинг янги раҳбари мулла Ахтар Мансурга байъат берганини айтди.

Бу катиба Сурияда 2013 йилдан бери жанг қилаётган йирик жангари гуруҳлардан биридир.

Исмини сир сақлаган ва Озодлик мухбирлари саволларига WhatsApp орқали овозли шаклда жавоб йўллаган жангарига кўра, шу кунда катибада 300дан ортиқ ўзбек бор ва уларнинг ҳаммаси Толиблар этагини тутган:

"ДАИШ (Ҳозирги "Исломий давлат"нинг эски номи - "Ироқ ва Шом Ислом давлати"нинг арабча қисқартмаси - таҳр.) ботил ақидада бўлган гуруҳдир... Бағдодий маишатга берилган, бир фосиқ одам. Унга ҳеч қачон байъат бермайди Суриядагилар. Мен буни катибамиз номидан айтаяпман. Биз мулла Умарга байъат берганмиз, у кишидан кейин янги раҳбаримизга байъат бердик", деб таъкилади жангари.

"ИД ботил ақидага эргашди"

Бу жангари иддаосича, ўзини "Исломий давлат"га халифа қилиб эълон қилган Абу Бакр Бағдодий аслида "ботил ақидага берилган" ва унинг атрофида "сигарет чекканни ҳам кофир деяверадиган жоҳил одамлар" йиғилган:

"Роққада билсангиз, энг катта нефт базаси бор. Уни "Жабҳатан Нусра" жанг қилиб, олган эди. Кейин Бағдодий "Нусра"га ҳужум қилиб, мингга яқин мужоҳиднинг қонини тўкиб, бир ярим мингини асир олиб, базани тортиб олди. Улар мусулмонларнинг қони, жони, молини ўзига ҳалол қилиб, аёлларни бозорларда 500 доллардан сотганидан кейин бизга фатво чиқди - Довлага ("Исломий давлат" - таҳр.) қарши уруш қилишлик ҳақида. Агар, бизга бостириб келса, уларга қарши жанг қиламиз!" дейди исмини сир сақлаган ўзбек мужоҳиди.

"Катибада 300 ўзбек бор"

Унинг иддаосича, катибадаги 300 га яқин ўзбекнинг аксарияти Сурияга оиласи билан ҳижрат қилган. Аммо, Сурия тупроғидаги жами ўзбеклар сонини бу жангари "тақрибан 6 мингтача" деб иддао қилмоқда:

"Сурияда ҳозир тақрибан, мен билган катибалар ичида 6 минг ўзбек бор. Чунки, бу ерда газдан бошқа нарсаларнинг кўпи текин, солиқ йўқ, шунақа. Шунинг учун кейинги бир йил ичида ҳижрат қилаётган оилалар кўпайган. Қаерни қарасангиз, ўзбек, алҳамдулиллаҳ", деб иддао қилди ўзининг "Имом Бухорий" катибаси аъзоси эканини иддао қилган ўзбек жангариси.

Унинг иддаосича, шу кунда Сурия ва Ироқ ҳудудида бир неча юз минг жангари бор:

"Суриядаги энг катта катиба "Жабҳатан Нусра" - "Ал-Қойда"нинг энг катта гуруҳи. Кейин "Аҳруруш Шом" - буям "Ал-Қойда"нинг янги гуруҳи. Кейин "Жайшул Мужоҳирин вал-Ансор" гуруҳи, "Имом Бухорий" катибаси, "Руман аш-Шом" катибалари. Аниқ ададини ҳеч ким билмайди. Тахмин қилишадики, 300 мингга яқин мужоҳид бор", деб даъво қилди Суриядан туриб, Озодликка боғланган ўзбек жангариси.

ИД жангарилари: 20 мингдан 200 минггача

Ироқ ва Суриядаги вазиятни кузатиб бораётган қатор таҳлилий марказлар ва турли давлат махсус хизматлари бу ҳудуддаги жангарилар сонини бир неча ўн мингдан 200 мингга яқин, деб тахмин қиладилар. Жумладан, АҚШ Марказий разведка бошқармаси 21-30 минг, Россия махсус хизматлари эса 70 минг атрофида, деган рақамларни эълон қилган. "Исломий давлат" га қарши муттасил кураш олиб бораётган Курд мухтор минтақаси раҳбарияти эса бу террорчи гуруҳ жангарилари сонини 200 мингдан ортиқ, деб билади.

Озодлик журналистлари саволларига WhatsApp тармоғи орқали жавоб берган ўзбек жангарисидан олинган иддаоли маълумотлар кейинги пайтларда Сурия ва Ироқ ҳудудудидаги жангари гуруҳлар ўртасида зиддият кучайгани ва "Исломий давлат" халифалиги остида, деб иддао қилинган ҳудуд аслида икки лагерга ажралиб қолгани ҳақида таҳлилчилар бераётган хулосани тасдиқламоқда.

"Халифалик икки лагерга бўлинди"

Бироз муқаддам "Исломий давлат" сафида эканини иддао қилган яна бир ўзбек жангариси миллатдошларини ИДдан бошқа гуруҳларга қўшилишдан қайтарган эди. Ўзини Абу Ҳусайн Ўзбекий, деб таништирган бу шахс ҳам Сурия ва Ироқ ҳудудидаги террорчи гуруҳлар орасида зиддият кучайгани ва хорижлик жангарилар маҳаллий жангарилар томонидан "замбаракка ем" қилинаётганини даъво қилган эди.

Ўзининг "Имом Бухорий" катибасидан эканини иддао қилган бир гуруҳ ўзбек 2014 йилнинг 29 октябрида халифа Бағдодийга байъат берганини даъво қилиб, Интернет видео эълон қилган эди. Сал ўтгач, уларни қоралаган катиба раҳбарияти азалдан Толиблар етакчисига, эндиликда марҳум мулла Муҳаммад Умарга байъат берганини билдирган.

Озодликка ижтимоий тармоқлардан боғланган ўзбекистонлик жангари ҳам Суриядаги ўзбекларнинг аксарияти ҳануз Толибларга хайрихоҳ эканини даъво қилмоқда. Ҳатто, уларга "Исломий давлат"га қарши курашишга фатво берилганини айтмоқда.

"Исломий давлат"ми ёки Толиблар?

Айни пайтда, Покистон ва Афғонистон ҳудудида қарийб 20 йилдан бери Толиблар билан бир сафда турган ва қатор давлатлар томонидан террорчи ташкилот, деб эълон қилинган Ўзбекистон Исломий ҳаракати эса "Исломий давлат" сафига ўтганини билдирди. Ҳатто, Толиблардан "Исломий давлат"га қўшилишни талаб қилди.

Шу тариқа, террорчи жангари гуруҳлар қўлида қолаётган икки йирик жабҳа - Толиблар ишғоли остидаги Афғонистон ва Покистон ҳамда "Исломий давлат" назорати остида қолаётган Ироқ ва Суриядан олинаётган норасмий ва расмий маълумотлар мазмунидан - жангари гуруҳлар ўртасидаги зиддият тобора кучайиб бормоқда, деган хулоса чиқмоқда.

Яъни, Афғонистонда таъсирини ошираётган "Исломий давлат" маҳаллий жангариларни Толибларга қарши қайрамоқда. Сурияда харихоҳларини ошираётган Толиблар эса турли давлатлардан борган жангари гуруҳларни "Исломий давлат"га қарши қайрамоқда.

Ироқ ва Сурия ҳудудида жанг қилаётган турли жангари гуруҳлар фаолиятини кузатаётган таҳлилчилар йирик гуруҳлар ўртасидаги зиддият анчадан буён давом этаётганини айтиб келмоқда.

Аммо кузатувларга кўра, барча жамоалар орасида ўзбек жангарилари гуруҳининг эътибори катта ва "Исломий давлат" тарғиботчилари навбатдаги видеомурожаатга шунинг учун айнан ўзбек мужоҳидини танланган.

Жабҳадаги ўзбеклар

Long War Journal таҳлилчиси Калиб Вайснинг айтишича, ўзбек жангари жамоалари орасида 2014 йилларгача "Жабҳат ал-Нусра" таркибида бўлган Абу Салоҳ номли ўзбек қўмондони гуруҳининг номи чиққан.

Маълумки, сўнгги пайтларда Ўзбекистон ҳукумати ҳам ИД таркибидаги ўзбекистонлик жангарилар масаласида бир неча баёнотлар берди ва улардан сўнггисида жами ўзбекистонлик жангарилар сони 200 га яқин экани айтилди.

Аммо, Марказий осиёлик бошқа таҳлилчилар уларнинг сони 500 тарофида экани, хорижлик норасмий манбаларда эса бир неча мингдан ошиқ эканини айтиб келади.

Озодликка WhatsApp тармоғи орқали боғланган "Имом Бухорий" катибаси аъзоси эса ўзбек жангарилари сони 6 минг атрофида, деб иддао қилган биргина манба бўлиб қолмоқда. Туркиядаги ҳуқуқ фаоллари 2014 йилда уларнинг сонини 3 ярим минга яқин, деб билдирган эди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG