Линклар

Шошилинч хабар
16 апрел 2024, Тошкент вақти: 20:42

Тожикистонда жиҳодга отланган 36 киши авф қилинди


Тожикистонлик Аминаи Аҳмад ватанига қайтганидан кейин авф қилинганлардан биридир.
Тожикистонлик Аминаи Аҳмад ватанига қайтганидан кейин авф қилинганлардан биридир.

Тожикистон Ички ишлар вазирлиги Сурия жанг майдони ёки Туркия-Сурия чегарасидан мамлакатга қайтган 36 фуқаро жавобгарликдан озод этилганини маълум қилди. Юртига қайтганлар орасида эри ёки қаллиғи билан Сурияга кетган, бироқ йўлдоши ўлгач, жинсий тажовузга дучор бўлган аёл-қизларнинг борлиги айтилмоқда.

Тожикистон ИИВдаги манбанинг Озодлик радиоси тожик хизматига билдиришича, жавобгарликдан озод қилинган “муҳтамал жиҳодчилар” милиция назорати остида бўладилар, бироқ улар оилалари ёнида яшашлари мумкин.

“Рустамжон Далеров, Аъзам Хўжаев, Парвиз Набиев, Рустам Ҳаётов, Комил Шукуров, Аминаи Аҳмад, Жамолби Ҳомидова ва бошқалардан иборат жами 36 киши авф қилинди. Улар тушунмовчилик ёки алдов таъсирида Сурияга йўл олганлар. Уларнинг ҳаммаси қилган ишидан афсусдалар”, деди Тожикистон Ички ишлар вазирлигидаги Озодлик манбаси.

Тожикистонга қайтган фуқаролар орасида эри ёки қаллиғи билан Сурияга кетган, бироқ йўлдошлари ўлганидан кейин жинсий тажовузга дучор бўлган аёллар ва қизлар борлиги айтилмоқда.

Восеъ туманидан бўлган 18 ёшли Рустам Ҳаётов 2012 йилдан бери Туркияда таҳсил олиб келган, кейин эса “Исломий давлат” гуруҳига қўшилган. Тожикистон ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан тайёрланган ва давлат телевидениеси орқали намойиш қилинган лавҳада у жиҳодчиларни танқид қилади.

Ҳаётов иддаосича, “Исломий давлат” вакиллари гуруҳга янги қўшилганларни Рамазон ойида рўза тутиш ва намоз ўқишга чақирсалар-да, ўзлари бу ибодатларни амалга оширмайдилар.

Шунингдек, собиқ мужоҳид “Исломий давлат” гуруҳидаги сафдошлари эрлари жанг майдонида ҳалок бўлган аёллар билан никоҳсиз алоқага киришганини даъво қилади.

Июль ойи охирида Тожикистон бош прокурори Юсуф Раҳмон “Исломий давлат” гуруҳига қўшилган айрим тожик аёллари беш марталаб эрга текканини айтиб чиққанди. Бунга ўтган ой тожик расмийлари кўмаги билан Суриядан ватанига қайтариб олиб келинган аёлни мисол келтирган Юсуф Раҳмон эрининг қазосидан кейин унинг қарийб бир йил давомида жинсий тажовузга дучор этилганини таъкидлаганди.

Тожикистон Бош прокурори қилмишидан пушаймон тожикистонликлар Туркиядан ватанига мамлакат бюджети ҳисобидан қайтарилганини қўшимча қилган.

Тожикистон Ички ишлар вазирлигининг билдиришича, ҳозирги пайтда 500 дан зиёд тожикистонлик Сурияга жиҳод нияти билан чиқиб кетгани ва улардан 150 чоғлиси ҳалок бўлгани маълум.

Аввалроқ тожик расмийлари Сурия ва Ироқдан қайтган фуқаролар, агар уларнинг хатти-ҳаракатларидан жиноят унсури бўлмаса, авф қилинишларини ваъда қилгандилар.

XS
SM
MD
LG