Линклар

logo-print

БРИКС мамлакатлари молиявий муаммоларга дуч келмоқда


Хитой биржаси инқирозга юз тутган 7 июль куни сармоячи Пекиндаги брокерлик ширкати олдида акциялар нархини кўрсатувчи электрон таблодан маълумотлар олмоқда.

Хитой биржаси инқирозга юз тутган 7 июль куни сармоячи Пекиндаги брокерлик ширкати олдида акциялар нархини кўрсатувчи электрон таблодан маълумотлар олмоқда.

БРИКСга аъзо мамлакатлар, яъни Бразилия, Россия, Ҳиндистон, Хитой ва Жанубий Африка дунёни АҚШ доллари ҳамда ғарб мамлакатлари бошқарувидаги молия институтларидан йироқлатишни истайди. БРИКС мамлакатлари бу институтлар ривожланаётган мамлакатлар иқтисоди эҳтиёжларини қондира олмайди, деб ҳисоблайди.

Аммо кейинги ҳафталарда бу беш мамлакат пул бирликларининг кескин қадрсизлангани доллар ўрнини босиш уларнинг бирортаси учун ҳам осон бўлмаслигини кўрсатади.

Июль ойида нефть нархининг тушиши ортидан бир доллар 60 Россия рублига кўтарилди. Бу билан ўтган йилнинг охиридан шу кунгача қисман қайта тикланган рубль яна қадрсизланди. Ўтган йил охирида нефть нархининг тушиши ҳамда Москванинг Украинадаги хатти-ҳаракатлари сабаб Россияга қарши ғарб мамлакатлари жорий қилган санкциялар натижасида бир доллар 80 рублга кўтарилган эди. 6 август куни бир доллар 64,4 рублга тенг бўлди. Бу эса рубль қадри нисбатида февраль ойидан бери энг паст кўрсаткичдир.

Июлда долларга нисбатан Хитой юани ҳам қадрсизланди. Бунга ярим йил давомида жадаллик билан ўсиб борган Хитой биржаси бирданига 30 фоиз қийматини йўқотиши сабаб бўлди.

Россия пул бирлигининг беқарорлигига геосиёсий тангликлардан ташқари рублнинг товар-хомашё нархига қарамлиги ҳам сабабдир. Бразилия, Ҳиндистон ҳамда Жанубий Африка иқтисодлари ҳам шундай аҳволда. Хомашё сотиб олувчи энг йирик мамлакатлардан бири бўлган Хитой турли хил маҳсулотларни экспорт қилади, аммо мамлакатнинг аста-секинлик билан либераллашаётган иқтисодида кутилмаган ҳодисалар рўй бериб туради. Хитой фонд биржасининг қулаши бунга яққол мисол бўла олади.

Таҳлилчиларнинг айтишича, БРИКС пул бирликлари учун янада каттароқ муаммо валюталарнинг бесаранжом ва сиёсий эркинликка эга бўлмаган марказий банклар томонидан бўҳронлар давомида керагидан ортиқча бошқарилишидир. Бунинг натижасида сармоячилар учун нима содир бўлишини олдиндан кўриш қийинлашади. Бундай валюталардан глобал савдо ва сармоя воситаси ўлароқ фойдаланиш мушкул.

Халқаро иқтисодчи ва Копенгагенда жойлашган Пул ва бозор масалалари бўйича консалтинг маркази етакчиси Ларс Кристиансенга кўра, “Бразилия ёки Россия валюта сиёсати очиқ-ойдин олиб борилмайди. Бу эса мазкур марказий банкларнинг мақсади нима эканлиги ва валюта бозорида ёки фоизлар ставкаси сиёсатини олиб боришда қандай шароитларда қандай йўл тутиши ҳақида савол туғдиради”.

Хитой кўпдан бери ўз валютасини халқаро валютага айлантириш ҳақида орзу қилиб келади. Жорий йил охирида Халқаро валюта жамғармаси (ХВЖ) юанни ўзининг резерв валюталар саватига қўшиш-қўшмаслик масаласини кўриб чиқиши кутилмоқда. Бу саватга киритилган валюталар ёрдамида мамлакатлар ХВЖдан қарз олиши ёки депозит қўйиши мумкин. Ҳозирда фақатгина тўрт валюта – АҚШ доллари, евро, Япония иенаси ҳамда Британия фунт стерлинги – ХВЖ саватига киритилган.

Женьминби номи билан ҳам маълум бўлган юаннинг ХВЖ валюта саватига киритилиши Хитойнинг эркин тебранувчи курс жорий қилиш йўлида бошлаб қўйилган ишларни ўз якунига етказишига боғлиқ бўлади.

Кристиансен: “Женьминбининг ХВЖ Махсус ўзлаштириш ҳуқуқлари саватига киритилмаганининг сабаби женьминбини тўлиқ конверсия қилиб бўлмайди. Табиийки, бирор валютадан эркин фойдалана олмасангиз, ўша валюта резерв валюта бўла олмайди”, дейди.

Хитой Марказий банки мамлакат экспортларини рағбатлантириш учун юанни долларга нисбатан арзон ушлаб келади. Бундан ташқари, мамлакатга кирадиган ва чиқадиган пул миқдорига ҳам чекловлар жорий қилинган.

Хитой ва БРИКСга кирувчи бошқа мамлакатлар АҚШ долларига альтернатива яратиш учун рақиб тизим ишлаб чиқиш ўрнига долларни сармоячилар ва савдогарларни ўзига тортадиган валютага айлантирган эркин бозор қадриятларини қабул қилишса, яхшироқ бўлади.

Аммо БРИКС мамлакатлари бу йўлдан боришга ошиқмаяпти. Бу мамлакатларнинг етакчилари ўтган ой Россиянинг Уфа шаҳрида учрашиб, кўпдан бери режалаштириб келинаётган Янги ривожланиш банкини ишга туширишга келишиб олишди. Банкдан аъзо мамлакатлар инфратузилма лойиҳалари учун қарз олса бўлади. Бундан ташқари, аъзо мамлакатларнинг доллар заҳиралари озайса, ёрдам бериш учун валюта жамғармаси тузиладиган бўлди.

Янги банк 50 миллиард доллар капитал билан иш бошлайди. БРИКС мамлакатлари бу банк ёрдамида ғарб мамлакатлари устунлик қиладиган молия институтларига муқобил тизим яратишни истайди. Ғарб мамлакатлари етакчилик қиладиган бу институтлар қарз беришда ва ҳисобот олишда очиқ-ойдинлик ва қонун устуворлигига катта аҳамият беради.

Янги яратиладиган валюта жамғармасига 100 миллиард доллар қийматга эга резервлар қўйилади. Жамғармадан бўҳрон пайтида сармоячилар аъзо мамлакатлар иқтисодини тарк этиши натижасида мамлакат валютаси қадрсизланишининг олдини олиш йўлида фойдаланиш кўзда тутилган.

Чарльз Рекнагель қаламига мансуб ушбу мақола Нодир Атаев томонидан ўзбекчага ўгирилди.

XS
SM
MD
LG