Линклар

Урганч фожиаси: Концерт ташкилотчилари сўроқ қилинмоқда


Панжараси синган кўприк сурати

Панжараси синган кўприк сурати

Урганч марказидаги “Ёшлар кўли” дам олиш масканида концерт пайтида юз берган ҳалокат ортидан томоша ташкилотчилари сўроқ қилинмоқда. Айни пайтда Бош вазир Шавкат Мирзиёев бошчилигидаги Ҳукумат комиссияси Урганчда фожеа сабабларини ўрганмоқда. 8 август кунги концерт пайтида кўлдаги кўприк панжараси синиб кетиб, ўнлаб одам сувга чўкиб ўлган эди.

Хорзм вилояти ҳуқуқ-тартибот органларидаги Озодлик манбаларига кўра, 8 август якшанба куни Ўзбекистон Бош вазири Шавкат Мирзиëев бошчилигидаги ҳукумат комиссияси Урганчга борган:

- Шавкат Миромоновични ўзи келиб разборка қилиб ëтибди. Улуғбек Собировга тегишли саккизинчи канал суратга олган барча видеолар олиниб воқеа текширилмоқда¸ концерт ташкилотчиларига барча эътибор қаратилган, деб иддао қилди манба.

Ўзбекистон Маданият ва спорт вазирлигидаги Озодлик манбасининг иддао қилишича, "Ўзбекнаво" лицензиясига эга бўлган ва бу машъум концерт солисти бўлган қўшиқчи Наврўз Собиров ҳам гувоҳ сифатида прокуратурага чақирилган. ​

Вазирликдаги ушбу манба иддаосига кўра, ушбу концерт ташкил этилишига алоқадор кўрилган Урганчдаги саккизинчи телеканал раҳбари ҳам сўроққа чақиртирилган:

"Биласизми-йўқми, Улуғбек Собиров олдин прокуратурада ишлаган. Шу боис, у доимо шундай концертларни ўтказиб келади. Масалан, олдин шунақа концертларни ташкил қиладиган Сардор деган йигит қамалиб чиқди. Кейинги бир йил ичида кўлда бўлган концертларни ҳаммасини Улуғбек уюштирган", дея иддао қилди Озодлик манбаси.

Бу манбанинг иддаолари бошқа мустақил манбалар томонидан тасдиқлангани йўқ ва Озодлик мухбирининг 10 август куни Собировнинг ўзи билан боғланиш уринишлари натижа бермади. (Аммо, 11 август куни Озодлик мухбири боғланишга муваффақ бўлганида, Улуғбек Собиров мухбир билан бу масалада гаплашишни истамади)

Бир кўчадан етти тобут чиқди

Урганч туманидаги битта кўчани ўзида якшанба куни еттита жаноза маросими бўлди, дейди айни кўчада яшовчи 42 яшар йигит:

- Мен бу кўчада тураман. Уйим шу кўчадаги пожарныйнинг идорасини ëнида. Якшанба куни 7 та тобут чиқди кўчадан. Ҳаммаси кўлда ўлганлар. Кўпи ëш бола. Бизда мусибатда эркаклар йиғламайди¸ лекин бу сафар ота-оналарнинг йиғиси тинмади¸ дейди суҳбатдош.

Озодликнинг яна бир манбасига кўра Урганч шаҳридаги моргдан ўлик олиш учун навбат пайдо бўлган:

- Видеотасвирчи ўртоғимнинг хотини кўлга чўкиб ўлди. Шуни ўлигини олишга бордик. Ўлган хотини иккиқат бўлган. Бугун эрта кўзи ëрийдиган хотини концерт пайтида кўлга чўкиб ўлди. Ўлигини бирга олдик. Ўртоғим ҳам хотини¸ ҳам бўлажак фарзандидан айрилди.

Унинг илова қилишича¸ Хоразмда фақат кўл фожиаси ҳақида гапирилмоқда:

- Шунча одам ўлди, лекин телевизорда концерт бериб ëтибди. Одамлар шундан ҳафа. Қаранг битта хотин боласини қучоқлаганча чўкиб кетибди. Уни топишганда ҳам боласини қучоқлаган ҳолда топишган.

Кўлдан ўлик чиқишда давом этмоқда

Фавқулодда Вазиятлар вазирлигидаги ўз исмини ошкор этишни истамаган манбага кўра, камида 15 одам ҳалок бўлган ва яна камида 17 одам касалхонага ётқизилган.

Урганч туман ҳокимияти мулозимининг айтишича, ҳодисада биргина Урганч туманидан 7 , жумладан 5 мактаб ўқувчиси, сувга чўкиб кетган.

Аммо гувоҳлардан бири ҳодисада камида 30 одам ҳалок бўлганини билдирди.

Қутқариб олинган ўнлаб одам, баъзи манбаларда айтилишича, 17 киши Урганч шаҳар марказий касалхонасига ётқизилган.

Шанбадан якшанбага ўтар кечаси Фавқулодда Вазиятлар вазирлиги қутқарувчилари кўлда қидирув ишларини олиб боргани ҳам айтилди.

Қутқарувчилар "прожекторларни ёқиб, туни билан кўлга чўкиб кетганларни қидирди," деди гувоҳлардан бири.

Озодлик билан гаплашган кўл бўйи турғунларидан бирига кўра, “ўликлар якшанба куни ҳам қалқиб чиққан”.

- Мен кўл бўйида яшайман. Якшанба куни бир ўлик сув юзига қалқиб чиқди. Хотин кишининг ўлиги. Устига панжара тушиб кетиб сув тагида илашиб қолган экан. Қидириш тугаганидан кейин қалқиб чиқди. Скорий келиб олиб кетди¸ дейди манба.

“Милиционерлар кўприкдаги тиқилинч сабаби бўлди”

Урганч марказидаги “Ёшлар кўли”да юз берган ҳалокат сабаблари ҳақида турли фараз ва тахминлар урчиган.

8 август оқшомида ҳодиса юз берган концертда иштирок этган собиқ харбийнинг Озодликка айтишича¸ кўприк панжараси қулашига сабаб бўлган тиқилинч “қўшиқчи учун йўлак” яратиш пайтида юзага келган.

- Наврўз Собиров уч-тўрт қўшиқни айтиб бўлганидан кейин маҳаллий телеканал раҳбари¸ собиқ прокуратура ходими қўшиқчини кўприк устида¸ одамлар орасида юриб келаëтганини суратга олиш истагини билдирди. Милиционерлар эни икки ярим метрлик ва одам билан лиқ тўла кўприкни ўртасидан қўшиқчи ўтиши учун йўлак очмоқчи бўлишди. Одамлар икки томонга тисарилди. Шу пайтда кўприк панжараси дош бермай синиб кетди¸ дейди 33 ёшли бу суҳбатдош.

Унинг бу иддаосини расман тасдиқлашнинг имкони бўлмади.

Вазирлик: Қурбонлар бор

Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ҳодисада қурбонлар борлигини тасдиқлади.

Вазирлик тарқатган баёнотда "одам кўп йиғилгани учун, кўприкнинг панжаралари қисман сингани" айтилди. Вазирлик ҳодисада "қурбонлар бор"лигини тасдиқлади, аммо аниқ рақамлар келтирмади.

Бундан ташқари, расмий баёнотда Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов буйруғи билан ҳодисани ўрганиш учун ҳукумат комиссияси тузилгани билдирилди.

Хабарда айтилишича, ҳукумат комиссияси аъзолари воқеа жойига етиб борган ва туман мутасаддилари билан бирга сабабларни ўрганмоқда.

Озодликка келган норасмий маълумотларга кўра, кўприк қурилишига масъул ташкилотларнинг бир неча ходими сўроққа тортилган, бир неча эса ҳибсга олинган.

"Бунёдкор" ёшларнинг Мустақилликка туҳфаси

Собиқ совет иттифоқи пайтида халқ орасида "Комсомол кўли" номи билан танилган "Ёшлар кўли" 2013 йилда таъмирланиб, Ўзбекистон мустақиллигининг 22 йиллиги муносабати билан фойдаланишга топширилган эди.

“Ёшлар кўли” дам олиш масканида замонавий аттракционлар, оталар чойхонаси, иккита кема-кафе, шахмат клуби ва бошқа объектлар бор. Шунингдек, кўл ўртасига сунъий орол бунёд этилган.

Муҳими, "Ёшлар кўли" 2013 йилда 12 миллиард сўмдан ошироқ маблағга қайта таъмирланган ва таъмирлаш ишларини ёшларнинг "Бунёдкор" номли меҳнат бригадалари қилган эди.

Дам олиш масканининг умумий майдони 15,5 гектар бўлиб, кейинги йилларда, айниқса, нафақат Урганч, балки қўшни туман ва вилоятлардан борадиган ёшларнинг дам олиш масканига айланган.

Айни пайтда Озодлик ҳодиса тафсилотларини ўрганишда давом этмоқда. Маълумотларни WhatsApp, Viber ва Telegram тармоғи орқали +420 724 971 539 рақамига йўлланг!

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG