Линклар

АҚШнинг Миссури штати Сент-Луис округи раҳбари намойишчилар билан полициячилар тўқнашган Фергюсон шаҳрида фавқулодда ҳолат эълон қилди.

Душанба куни бу шаҳарда полициячи томонидан ўлдирилган қора танли ўсмир Майкл Браун ўлимига бир йил тўлиши муносабати билан бир неча юз киши норозилик намойиши ўтказган. Қош қорайганда ирқчиликка қарши тинч намойишда иштирок этган норозилар ўрнини полиция билан тўқнашган гуруҳ эгаллаган.

Якшанба куни полициячиларнинг 18 ёшли қора танли Тайрон Харрис билан отишгани тафсилотига оид мишмишлардан кейин намойишчилар эҳтироси жунбушга келди. 9 август кунги тўқнашувдан кейин Харрис оғир аҳволда касалхонага ётқизилганди.

Полиция вакилларига кўра, у полициячиларга қарата ўқ узган, улар эса бунга жавоб тариқади йигитга қарата ўт очганлар. Харрисга тўртта пункт бўйича айблов эълон қилинган, бироқ унинг яқинлари воқеаларнинг бу талқинини рад этмоқдалар.

Сент-Луис округи раҳбарига кўра, фавқулодда ҳолат зўравонлик ҳаракатларининг олдини олиш учун жорий этилган. Айни дамда Фергюсон кўчаларида полициянинг кучайтирилган бўлинмалари қоровуллик қилмоқда.

XS
SM
MD
LG