Линклар

Бугун эрталаб таҳририятимизда ҳамманинг фиғони фалакка ўрлади:

- Бу қанақа думбул?! деди биров.

- Шунақаям фаросатсиз бўладими?! деди бошқаси.

- Роботми бу?! деди учинчи ҳамкасбим.

“Фаросатсиз думбул робот” Наврўз Собировдир.

Ўша – Урганчнинг “Ёшлар кўли”да концерт берган ашулачи.

8 август кунги фожеа юзасидан журналист Жасур Ҳамроевнинг саволларига Наврўз берган жавобларда ҳис йўқ, ҳаяжон йўқ.

- Бир неча юртдошингиз ўлганидан хабарингиз борми?

- Ҳа, шундай дейишди. Мен фақат куйладим.

Ҳа, “шундай дейишибди”. У “фақат куйлаганмиш”!!!

Урганчликлардан бирининг айтишича, Наврўзбой кўприк панжараси синиб, одамлар сувга тушиб кетганидан кейин ҳам яна бир соатча куйлаганмиш!

Ким нима десину лекин Наврўзда айб йўқ.

Наврўз — одам ва унинг қадр-қиммати икки пулдан арзон бўлган тизим туққан бола.

Фожеадан бери 3 кун ўтди.

Бир неча ўн киши (аниқ-тиниқ рақам йўқ), жумладан болалар ўлди.

“4 қаричли” кўчадан 7, битта оиладан 4 одам ўлди.

Бундай фожеа ортидан бошқа давлатларда мотам эълон қилинади.

Ўзбекистонда эълон қилингани йўқ.

Ҳатто, вилоят миқёсида эълон қилингани йўқ.

Ҳатто, Урганч миқёсида эълон қилингани йўқ.

ЎзА 9 август куни эълон қилган қисқа хабардаги мана бу сўзларни қайта ва қайта ўқинг: “…айрим томошабинлар кўлга тушиб кетган. Ҳалок бўлганлар бор”.

ЎзАнинг бу хабари фожеадан қарийб бир кеча-кундуз ўтиб, 9 август куни соат 17:45 да эълон қилинди.

Бир суткада аниқлай олмадиларми, ҳалок бўлганларнинг исм-фамилияларини?!

Ёки истамадиларми?

Ёки тепадан рухсат беришмадими?

Сўнггиси аниқроқ, сўнггиси ҳақиқатга яқинроқ.

Чунки ЎзАни фожеа ҳақида гапириш учун боқишмаяпти.

ЎзАни “Тинч ва осойишта ҳаёт қадри” ҳақида, “Ўзбекистон –бетакрор мамлакат” эканлиги тўғрисида, “Ҳар бир инсон меҳр ва эътиборда” эканлиги тўғрисида ёзсин учун боқишаяпти. (агентликнинг фожеадан кейинги кунлардаги баъзи сарлавҳаларини келтирдик)

Урганчдан келаётган хабарларга қараганда, Каримов Хоразмга Мирзиёевни жўнатганмиш. Бош вазир Урганчга етиб бориб, росса тарақлатаётганмиш. Одамларни ишдан олаётганмиш.

Лекин, биронта ҳам урганчликдан Мирзиёев фожеа қурбонлари уйига борди, ҳамдардлик билдирди, фотиҳа ўқиди, онаси ўлган болага, боласи ўлган онага товон тўланишини айтди, деган хабар етиб келмади.

Ахир, одамлар хавфсизлигини таъминлай олмаган ҳукумат ўз айбини ҳеч йўқ пул билан ювиши керакмасми? Ҳамма давлатларда қилинади бу иш. Фақат Ўзбекистондамас.

Мирзиёевнинг Хоразмдан нималарни буюриб қайтишини тахмин қилиш қийин эмас: театрдан бошқа жойда концерт бермайсан, кўприкни бузиб ташлайсан, кўлнинг сувини қуритиб, кўмиб ташлайсан...

Қуритиш учун борди бош вазир, қуритиш учун...

Урганчдагидай фожеа юз берган жойга бошқа мамлакатларнинг каримовлари, минг қариб-чуриб қолсаям, шахсан ўзи боради.

“Болаларим, мен ҳаммангизни бағримга босаман”, дейди.

Лекин, Ўзбекистоннинг Каримови бормайди ўлим бўлган жойга.

Ўзбекистоннинг Каримови, одатда, ўлим арафасида боради...


Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG