Линклар

Қарши шаҳридаги шифохоналардан бирининг бош врачи шанба куни иш кабинетида сўйиб кетилди. Бош шифокорнинг қўл томирлари ва бўйнини кесган қотил ўз ихтиёри билан милицияга таслим бўлган. Норасмий хабарларга кўра, қотилликда айбланаётган шахс хотинининг врач билан ишқий муносабатини билиб қолгандан сўнг кучли рашк оқибатида бу ишга қўл урган.

Қашқадарё вилояти Қарши шаҳридаги шифохоналардан бирининг бош шифокори 51 яшар И.Т. 8 август куни ўз иш кабинетида сўйиб кетилди.

Озодликнинг вилоят ҳуқуқ-тартибот идораларидаги манбаларидан олинган маълумотларга кўра, қотилликда айбланаётган шахс (унинг номи Озодликка маълум, лекин тергов сири бўлгани учун ҳозирча сир сақланмоқда – таҳририят) касалхонанинг ўзида милицияга таслим бўлган.

Касалхона ҳамшираларидан бирининг даъво қилишича, қотил рашк аччиғида бош врачни сўйиб ташлаган:

Воқеа шанба куни эрталаб рўй берди. Мен ишда эдим. Бир пайт ҳамшираларимиздан бири чинқириб қолди. Бориб кўрсак, бош врач иш кабинети эшиги олдида қонга беланиб ётибди. Унинг қўл томирлари, бўйни кесилган эди. Зудлик билан ёнимиздаги шошилинч тиббий ёрдамни чақирдик, олиб кетишди. Кейин билишимизча, қотил хотини билан бош врачимиз ўртасида ишқий муносабатлар борлигидан хабар топгач, жаҳл ва стресс устида шу ишни қилган экан”, деди исмини сир сақлаётганимиз ҳамишра.

Шошилинч тиббий ёрдам марказида И.Т. жарроҳлик амалиётидан ўтказилган, бироқ артерия томирлари кесилгани ва ҳаддан ташқари кўп қон йўқотгани боис, унинг ҳаётини сақлаб қолишнинг имкони бўлмагани айтилмоқда.

Қарши шаҳар ички ишлар бўлимида ишлайдиган Озодлик манбасига кўра, қотил айбига тўла иқрор бўлган:

У қотилликни қилиб қўйганидан сўнг, касалхона деворига суяниб ўтириб қолган экан. Қонни кўрганидан сўнг карахт бўлиб қолганга ўхшарди. “Мен уни сўйдим, мени олиб кетинглар”, деб бошини чангаллаб ўтираверган. Биринчи сўроқдаёқ у хотини билан бош врачнинг ишқий муносабатларини билиб қолгандан сўнг аччиқ устида уни сўйиб ташлаганини бўйнига олди. У қурол ўрнида сартарошлик устарасини ишлатган. Ўзбекистон Жиноят Кодексининг 97-моддаси - қасддан одам ўлдириш моддаси билан жиноят иши қўзғатилди. Тергов давом этяпти", деди манба ва жиноят ишини Қарши шаҳар прокуратураси тергов қилаётганини қўшимча қилди.

Озодлик бу маълумотлар юзасидан Қашқадарё вилояти ва Қарши шаҳрининг номи тилга олинган ҳуқуқ-тартибот идораларига боғланди, аммо бирор расмий маълумот олишга муваффақ бўлмади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG