Линклар

Урганч фожиаси бўйича 207-модда асосида иш очилди


Кўприк панжарасининг синиши натижасида ўнлаб одам қурбон бўлди

Кўприк панжарасининг синиши натижасида ўнлаб одам қурбон бўлди

Урганчдаги “Ёшлар кўли” масканида концерт пайтида юз берган ҳалокат бўйича “Мансабга совуққонлик билан қараш” моддасига кўра жиноий иш қўзғатилди. Хоразм вилоятидаги икки мустақил манбага кўра, ҳозирча бу модда конкрет бир шахсга қарши қаратилмаган. Фожиадан 3 кун ўтиб концерт ташкилотчиларидан бири кўрилган Улуғбек Собиров бошчилигидаги хоразмлик қўшиқчилар гуруҳи Россия бўйлаб концерт гастролини бошлади.

207-модда бўйича иш очилди

Озодликка 11 август куни маълум бўлишича, ўнлаб киши ўлимига сабаб бўлган концертдаги ҳалокат бўйича Ўзбекистон Жиноят кодексининг 207-моддаси - “Мансабга совуққонлик билан қараш” жинояти бўйича иш очилган, тергов-суриштирув бошланган.

Хоразм вилоят ҳокимлигидаги манба иддаосига кўра, бу модда ҳозирча алоҳида бир шахс ёки шахсларга нисбатан қўлланилмаган:

Иш фақат по факту очилган. 207-модда бўйича тергов кетаяпти. Ҳозир концерт ташкилотчилари, кўприк қурилишига алоқадор ташкилотлар ва милиция бошлиқлари сўроқ қилиняпти. Лекин, ҳеч ким қамоққа олингани йўқ. Бу модда бирор шахсга қўйилгани ҳам йўқ. Лекин сўроққа чақирилганларга шу модда қўлланилиши эҳтимолдан ҳоли эмас. Ташкилотчилар концертни яхши ташкиллаштирмаганлик, қурувчилар эса кўприк конструкциясини мустаҳкам қилмаганлик, милиция ҳодимлари эса тартиб-интизомни сақлашда бефарқликка йўл қўйганликда айбланиши мумкин. Бош вазир Шавкат Мирзиёев бошчилигидаги Ҳукумат комиссияси очилган ишнинг қандай кетаётганини назорат қилаяпти”, деди вилоят ҳокимлигидаги исмини очиқламаётганимиз манба.

Бу маълумотни Озодликнинг вилоятдаги яна бир манбаси тасдиқлади. Озодлик сўрови асосида Урганч фожиаси тафсилотларини ўрганаётган манба Тошкентдан борган комиссия ҳодиса юзасидан тергов-суриштирув ишларини олиб бораётганини айтди.

Озодлик бир-биридан мустақил икки манбадан олинган бу маълумотга Хоразм вилояти ҳокимлиги ва ҳуқуқ-тартибот идораларидан бирор расмий муносабат олишга ҳозирча муваффақ бўлмади.

Жиноят кодексининг 207-моддасига асосан мансабга совуққонлик билан қараш — мансабдор шахснинг лоқайдлик ёки виждонсизларча муносабатда бўлиши оқибатида ўз вазифаларини бажармаслиги ёки лозим даражада бажармаслиги одам ўлимига сабаб бўлса, жавобгар шахсга муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш ёки беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси кўзда тутилган.

“Ёшлар кўли”даги бепул концертлар

Ўзбекистон “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракатининг Хоразм вилояти кенгаши раҳбарлари ҳам “Ёшлар кўли”даги фожиа ортидан сўроққа чақирилгани айтилмоқда.

“Камолот” ҳаракати Хоразм вилояти кенгашининг исмини ошкор қилмаган ходими “Ёшлар кўли”да ҳар шанба-якшанба кунлари бепул ўтказиладиган концертларга “Камолот” бошчилик қилганини тасдиқлади:

Фожиадан сўнг олинган сурат

Фожиадан сўнг олинган сурат

Бу концертлар Ўзбекистон Мустақиллигининг 24 йиллигига бағишланган. Вилоят ҳокими ўринбосарининг бу борада махсус қарори бор. Ўша қарорга кўра, “Камолот” концертлар ташкилотчиси қилиб белгиланган. Вилоят ҳокимлиги билан 8-канал бизнинг ҳамкорларимиз, қилиб кўрсатилган. Барча машҳур қўшиқчилар навбати билан концерт беришаяпти. Ўша куни Наврўз Собировнинг навбати эди. Шу воқеа бўлганидан кейин раҳбарларимиз сўроққа қатнаяпти”, деди “Камолот” ҳаракатининг исмини ошкор қилмаган ходими. Ҳаракат раҳбарияти эса бу борада бирор расмий маълумот бермади.

Мотам ўрнига концертлар

Озодлик манбалари иддаосига кўра, 8-канал раҳбари, собиқ прокурор Улуғбек Собиров ҳам сўроққа чақирилган.

Лекин “Ёшлар кўли”даги фожиадан 3 кун ўтиб, Улуғбек Собиров бошчилигидаги хоразмлик қўшиқчилар гуруҳи Россия бўйлаб концерт гастролларини бошлади.

Озодлик мухбири 11 август куни Россиянинг Тольятти шаҳрига етиб борган Улуғбек Собиров билан телефон орқали боғланди. Бироқ, Собиров “Ёшлар кўли”даги воқеа бўйича Озодликка гапиришни истамади.

Улуғбек Собировга яқин бўлган манбаларнинг айтишича, 8-канал “Ёшлар кўли”даги концертларга фақат ахборот кўмагини кўрсатган ва шу боис, телеканал раҳбарларига жиноий жавобгарлик таҳдид солмаяпти.

8 август кунги концерт пайтида кўлдаги кўприк панжараси синиб кетиб, ўнлаб одам сувга чўкиб ўлган эди.

Хоразм вилоят ҳуқуқ-тартибот идораларидан “Ёшлар кўли” масканидаги ҳалокат бўйича расмий маълумот олишнинг имкони ҳозирча бўлмаяпти.

Вазирлик: Қурбонлар бор

Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ҳодисада қурбонлар борлигини тасдиқлади.

Вазирлик тарқатган баёнотда "одам кўп йиғилгани учун, кўприкнинг панжаралари қисман сингани" айтилди. Вазирлик ҳодисада "қурбонлар бор"лигини тасдиқлади, аммо аниқ рақамлар келтирмади.

Бундан ташқари, расмий баёнотда Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов буйруғи билан ҳодисани ўрганиш учун ҳукумат комиссияси тузилгани билдирилди.

Хабарда айтилишича, ҳукумат комиссияси аъзолари воқеа жойига етиб борган ва туман мутасаддилари билан бирга сабабларни ўрганмоқда.

"Бунёдкор" ёшларнинг Мустақилликка туҳфаси

Собиқ совет иттифоқи пайтида халқ орасида "Комсомол кўли" номи билан танилган "Ёшлар кўли" 2013 йилда таъмирланиб, Ўзбекистон мустақиллигининг 22 йиллиги муносабати билан фойдаланишга топширилган эди.

“Ёшлар кўли” дам олиш масканида замонавий аттракционлар, оталар чойхонаси, иккита кема-кафе, шахмат клуби ва бошқа объектлар бор. Шунингдек, кўл ўртасига сунъий орол бунёд этилган.

Муҳими, "Ёшлар кўли" 2013 йилда 12 миллиард сўмдан ошироқ маблағга қайта таъмирланган ва таъмирлаш ишларини ёшларнинг "Бунёдкор" номли меҳнат бригадалари қилган эди.

Дам олиш масканининг умумий майдони 15,5 гектар бўлиб, кейинги йилларда, айниқса, нафақат Урганч, балки қўшни туман ва вилоятлардан борадиган ёшларнинг дам олиш масканига айланган.

Айни пайтда Озодлик ҳодиса тафсилотларини ўрганишда давом этмоқда. Маълумотларни WhatsApp, Viber ва Telegram тармоғи орқали +420 724 971 539 рақамига йўлланг!

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG