Линклар

“Ўзбекнефтегаз” “Тошшаҳартрансхизмат”га ёнилғи беряптими, бермаяптими?

  • Сарвар Усмон

“Ўзбекнефтегаз” Миллий холдинг компанияси расмий сайтида 11 август куни мана бу хабар пайдо бўлди.

“МАТБУОТ ХИЗМАТИНИНГ ХАБАРИ

Тошкент шаҳри йўловчи автотранспортини таъминлашда дизель ёнилғиси етишмаётганлиги юзасидан истеъмочиларнинг кўп сонли мурожаатларига жавобан шуни маълум қиламизки, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2004-йил 5-февралдаги 57-сонли «Маҳсулотлар, хом ашё ва материалларнинг юқори ликвидли турларини сотишнинг бозор механизмларини жорий этишни давом эттириш тўғрисида»ги Қарорига мувофиқ “Ўзбекнефтегаз” Миллий холдинг компанияси “Тошшаҳартрансхизмат” Акциядорлик компанияси корхоналарига, тўловни 100 фоиз олдиндан амалга ошириш шарти билан, тўлиқ ҳажмда ёнилғи етказиб беряпти.

Ҳозирги вақтда «Тошшаҳартрансхизмат» Акциядорлик компанияси тўловларни олдиндан ўтказиб бермаяпти ва олинган дизель ёнилғиси учун катта миқдорда қарз бўлиб қолганлиги тўғрисида хабар берамиз”.

Хабарни 3 марта ўқисак ҳам асосий масалани - “Ўзбекнефтегаз” “Тошшаҳартрансхизмат”га ёнилғи етказиб бераяптими-йўқми - тушуна олмадик.

Чидамай, хабарнинг ўрисчасига ўтдик. Ўрисчаси ўзбекчасидан ҳам ғализроқ. Унда “шуни маълум қиламизки”нинг таржимаси йўқ ва натижада жумла синтаксиси бузилган.

Ўзбекчага қайтиб, тўртинчи марта ўқигандан кейингина бироз аниқлик кирганга ўхшади: “Тошшаҳартрансхизмат”нинг “Ўзбекнефтегаз”дан қарзи жуда катта, лекин шунга қарамай, “Ўзбекнефтегаз” “Тошшаҳартрансхизмат”га ёнилғи етказиб бераяпти.

Аслида эса, аҳвол бундай бўлмаса керак.

Аслида “Ўзбекнефтегаз” “Тошшаҳартрансхизмат”ни ёнилғидан қисиб қўйган ва буни - жорий йил июни бошида пойтахтда жамоат автобусларини ёнилғи билан таъминлаш 30 фоизга озайганини компаниянинг ўзи билдирган эди. Орадан бир неча кун ўтиб, "Ўзбекнефтмаҳсулот" Тошкентга ёнилғи етказиб бериш камайгани ҳақидаги хабарларни рад этган эди.

Хуллас, компаниялараро даҳанаки жанг давом этмоқда.

Бу жангда чала-чулпа, тушунарсиз баёнотлардан қўлланишмоқда.

Чунки жангда иштирок этаётган компаниялар гўёки мустақилу эгаси битта – давлат. Бу ширкатлар битта Эганинг чап чўнтак, ўнг чўнтакларидир.

Баёнотларнинг ғалча тил билан ёзилиши шундан.

Эртага Эга чақириб қолса, кўрсатиш учун. “Мана ёзганман, қарзни тўла деганман, тўламаса нима қилай”, деб ерга тикилиб, бўйинни қисиб туриш учун.

Фақат буни бечора йўловчи тушунмайди.

Йўловчи офтобда қоқи бўлиб, бекатда автобус кутяпти...

XS
SM
MD
LG