Линклар

Хадича Исмоилова нуфузли халқаро мукофот соҳибасига айланди


Хадича Исмоилова.

Хадича Исмоилова.

Озарбайжонда судланаётган журналист Хадича Исмоиловага ҳуқуқ муҳофазаси соҳасидаги нуфузли мукофотлардан бири - Алисон Дес Форгс номидаги мукофот топширилди. Бу ҳақда Human Rights Watch халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилоти хабар тарқатди.

2015 йилда мазкур мукофот Хадича Исмоиловадан ташқари малайзиялик ҳуқуқ фаоли Ниша Аюб, суриялик журналист Яра Бадер ва угандалик ҳуқуқ ҳимоячиси Николас Опийога ҳам топширилган.

HRW вакилларига кўра, Алисон Дес Форгс мукофоти хавфли вазиятларда шахсий қурбонликлар эвазига бўлса-да, инсон ҳуқуқлари учун мардонавор кураш олиб бораётган кишиларга берилади.

Human Rights Watch ташкилотида қарийб 20 йил фаолият кўрсатган Алисон Дес Форгс 2009 йил 12 февралида содир бўлган автоҳалокатда қазо қилган. У 1994 йили Руандада содир этилган қатлиом бўйича етакчи экспертлардан бири эди.

Июль ойи охирида суди бошланган озарбайжонлик журналист Хадича Исмоилова ҳокимиятнинг юқори поғоналарида авж олган коррупцияга оид журналистик текширувлари билан танилган.

Озодлик радиоси озарбайжон хизматига ишлаган ва етти ойдан буён ҳибсда сақланаётган Исмоиловага туҳмат, солиқлардан бўйин товлаганлик, ноқонуний тадбиркорлик билан шуғулланганлик ва мақомини суиистеъмол қилганлик бўйича айблов билдирилган.

Фуқаролик жамияти фаоллари Хадича Исмоилова касбий фаолияти туфайли таъқиб қилинаётганини айтиб келадилар.

XS
SM
MD
LG