Линклар

Ўзбекистонда жамият ва давлатга зарар етказганлик учун фуқароликдан маҳрум қилиш имконини берадиган қонун кучга кирди


Ўзбекистонда жамият ва давлат манфаатларига сезиларли зиён етказган шахсларни фуқароликдан маҳрум қилиш имконини берадиган қонун кучга кирди.

Бундай имкониятни яратадиган “Ўзбекистон Республикаси фуқаролиги тўғрисида”ги қонунга тузатиш ва ўзгартишлар киритишга оид қонунни мамлакат президенти Ислом Каримов 10 август куни имзолади.

Мазкур қонун 29 июль куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилинган ва 6 август куни Сенат томонидан маъқулланган.

Ҳужжатга мувофиқ, агар ўзбекистонлик бирор шахс бошқа давлат фойдасига ишлаш ёки осойишталик ва хавфсизликка қарши жиноятларни содир этиш орқали жамият ва давлат манфаатларига зиён етказса, фуқаролигидан айрилиши мумкин.

Ўзбекистон Жиноят кодексига кўра, уруш, тажовузкорликни ташвиқ қилиш, уруш қонунлари ва одатларини бузиш, геноцид, чет давлатларда ҳарбий хизматга ёлланиш, хорижий давлатда хавфсизлик органлари, полиция, ҳарбий юстиция ва бошқа шу каби идораларга ишга кириш, террорчилик, миллий, ирқий ёки диний адоват қўзғаш кабилар осойишталик ва хавфсизликка қарши жиноятлар бўлиб ҳисобланади.

Янги тартиб 2015 йил 11 августидан кучга кирди.

XS
SM
MD
LG