Линклар

Тошкент вилоятида прокурор пора олганликда, адвокат берганликда айбланмоқда


11 августда Тошкент вилояти прокуратураси томонидан Тошкент вилояти адвокатлар ҳайъати адвокати Турсунбой Янгибоев ҳамда Бекобод туман прокурори ёрдамчиси Яҳё Маткаримовга оид жиноят иши муҳокама учун судга юборилди. Бу ҳақда “Озодлик”ка Ўзбекистон Адвоқатлар палатасидаги манба хабар қилди. Манбага кўра, адвокат ва прокурор ёрдамчиси Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 210-моддаси (Пора олиш) ва 211-моддаси (Пора бериш)да айбланмоқда.

“Шу йилнинг 7 июль куни Тошкент вилояти прокуратураси қошидаги Департамент ва МХХнинг Тошкент вилояти бошқармаси томонидан ўтказилган рейд пайтида адвокат Турсунбой Янгибоев прокурор ёрдамчисига муайян ишни ҳал қилиб бериш учун фуқароларнинг биридан 500 АҚШ доллари олаётган пайтда ҳибсга олинганди. Орадан бир кун ўтиб, махсус амалиёт пайтида Бекобод тумани прокурори ёрдамчиси Маткаримов ҳам ўз кабинетида ҳибсга олинди. Аммо адвокат Олий суднинг собиқ раиси, собиқ вазир Абдусамат Полвонзоданинг қариндоши бўлгани боис ҳам тергов даврида тилхат асосида очиққа чиқарилди” дейди “Озодлик” манбаси.

Маълум бўлишича, Тошкент вилояти адвокатлар ҳайъати аъзоси бўлган Т. Янгибоев айбланувчилардан бирининг ишини пора эвазига ҳал қилиб бериши учун давлат айбловчиси билан ўртада воситачилик қилишга уринган. МХХ идорасида тушган ариза асосида амалиёт ўтказилгач, фуқаронинг жиноят ишида қатнашаётган давлат айбловчиси ҳамда адвокат ҳибсга олинган.

“Асли фарғоналик бўлган Яҳё Маткаримовнинг ҳам орқаси бақувват экан. Аксинча, СНБ наличний ушлаган одамни қўйиб юбормайди. Шунга қарамай улар судланиши муқаррар, аммо муддат беришмаса керак. Адвокат ҳам, прокурор ҳам вилоятга отнинг қашқасидек таниқли одамлар” дейди бекободлик фуқаро.

Тошкент вилояти прокуратураси “Озодлик”нинг бу борадаги сўровини изоҳсиз қолдирди. Жиноят ишлари бўйича Тошкент вилояти судининг канцелярия бўлими ходими ишнинг ҳали судга келмаганини айтди.

XS
SM
MD
LG