Линклар

Тошкент милициясининг юқори лавозимли амалдорлари ишдан олинди


Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси Йўл ҳаракати хавфсизлиги бўлими бошлиғи Собир Ирисбеков эгаллаб турган лавозимидан бўшатилди. Бошқарма расмийлари унинг ўрни ҳозирча вакант бўлиб қолаётганини айтмоқда.

Айни пайтда Тошкент шаҳар Чилонзор ва Олмазор туманлари Ички ишлар бўлими бошлиқларининг биринчи муовинлари ҳам лавозимларидан айрилган.

Чилонзор тумани ИИБнинг ўзини таништирмаган мулозимига кўра, собиқ бошлиқ биринчи муовини Даврон Мадаминов икки кун аввал лавозимидан бўшатилган ва унинг ўрни ҳам вакант бўлиб қолмоқда.

Уч кун аввал лавозимидан айрилган Олмазор тумани милицияси биринчи муовини Беҳзод Икромов ўрнига эса Баходир Юсуфжонов тайинланган.

Шунингдек, Ўзбекистон Ички ишлар вазирлигининг еттинчи бошқармаси бошлиғи Файзулла Ҳакимов ҳам вазифасидан четлатилган.

Уларнинг нима учун лавозимидан четлатилгани борасида бирон расмий сабаб келтирилмаяпти.

Эски бошлиқларнинг тақдири бобида ҳам ҳеч қандай маълумот йўқ.

Уларнинг айримлари ҳизмат лавозимини суиистеъмол қилганлик айблови бўйича тергов қилинаётгани ҳақида хабарлар бор.

Лекин, ИИВ расмийлари буни тасдиқлашмади ва инкор ҳам қилишмади.

Норасмий манбалар ИИВдаги бу қадар кенг кўламдаги раҳбар алмашинуви Баҳодир Матлюбов ўрнига Адҳамжон Аҳмадбоевнинг Ички ишлар вазири этиб тайинлагани билан боғлиқлигини иддао қилмоқда.

- Ҳозир Аҳмадбоев эски вазир давридаги амалдорларни бўшатиб, ўз одамларни қўймоқда. Олдин ўз атрофидаги муовинларини алмаштирди. Ҳозир кузатаётганимиз кадр ўзгаришлари ИИВга янги вазир келиши билан боғлиқ ўзгаришларнинг узвий давоми, - дейди тошкентлик журналист Абдураҳмон Ташанов.

Бундан аввал Тошкент вилоятидаги 8 та туман ва шаҳар ички ишлар бўлими бошлиқлари ишдан олиниб, ўрнига янги раҳбарлар тайинлангани ҳақида Озодлик хабар берган эди.

Тошкентлик инсон ҳуқуқлари фаоли Суръат Икромов ИИВ таркибида кадрлар ўзгаргани билан милиция тизими ўзгаришсиз қолаётганини айтади.

- Тўғри, йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси, яъни ГАИ тизимида ўзгаришлар бўляпти, янги раҳбарлар келяпти. Йўлларда порахўрликни камайтириш учун камералар кўпайтириляпти. Лекин, бу билан порахўрлик камаяётгани йўқ. У раҳбарни олиб ўрнига бошқасини қўйиш билан буни йўқтиб бўлмайди. Туб ислоҳот зарур. Милиция тўғрисида қонунлар қабул қилиниб, бу тизимни тубдан ўзгартириш керак, - дейди Сурат Икромов.

Йил бошида Ўзбекистон Ички ишлар вазирлигига 2006 йилдан бери раҳбарлик қилиб келган Баҳодир Матлубов ўз саломатлиги ваъжи билан лавозимидан бўшатилган ва ўрнига унинг биринчи ўринбосари Адҳамжон Аҳмадбоевни тайинлаганди.

XS
SM
MD
LG