Линклар

Арманистонда 1 оиланинг 6 аъзосини ўлдирган рус аскари айбига иқрор бўлди


Арманистоннинг Гумри шаҳрида бир оиланинг етти аъзосини ўлдирган россиялик ҳарбий Валерий Пермяков 12 август куни ўзи устидан бўлиб ўтган очиқ маҳкамада айбига иқрор бўлди. Гумридаги Россия ҳарбий базасида хизмат қилган 19 ёшли Пермяков шу йилнинг январь ойида содир этилган вахшиёна қотилликда гумонланиб ҳибсга олинган эди.

Россиянинг 102-ҳарбий базаси жойлашган Арманистоннинг Гумри шаҳрида январь ойи ўрталарида бир оиланинг олти аъзоси – эр-хотин, уларнинг ўғли ва қизи, келини ҳамда 2 ёшли невараси ўлик холда топилган эди.

Оиланинг тирик қолган, лекин яраланган 6 ойлик аъзоси бир ҳафтадан сўнг вафот этди.

Қотиллик жойида Валерий Пермяковнинг ДНКси излари топилган ва у ҳибсга олинган эди.

Ҳозирда уни ишини Арманистонда Россия ҳарбий трибунали кўриб чиқмоқда.

Унга ноқонуний қуролга эгалик қилиш ва дезертирлик айблари қўйилмоқда.

Россия ҳарбий трибуналидаги мазкур жараён тугаганидан сўнг Валерий Пермяков Арманистон маъмурларига топширилиши керак.

У ерда Пермяковни январь ойидаги мудхиш қотиллик бўйича судлов кутмоқда.

Ушбу қотиллик сабаблари эса ҳануз мавҳум бўлиб қолмоқда.

Қотиллик рўй берганининг эртаси шу қотилликда айбланаётган рус аскарининг Ереван қўлига топиширилиши имконсизлиги айтилган, бу эса маҳаллий аҳоли норозилигига сабаб бўлган эди.

Январь ойи ўрталарида гумриликлар маҳаллий прокуратура биноси олдида Пермяковнинг Арманистгон адлиясига топширилишини талаб қилиб намойишлар ўтказди.

Давомли намойишлар ортидан Россия тергов қўмитаси расмийлари қотилликда гумон қилинаётган рус аскари устидан маҳкама Арманистон тупроғида, лекин Россия қонунчилигига кўра ўтказилишини билдирди ва бу аҳолини тинчитгандай бўлди.

Июнь ойида Ереванда электр нархлари оширилишига қарши намойишлардан сўнг эса, Россия кутилмаганда Валерий Пермяковни Арманистон адлиясига топширилишига рози бўлди.

Арманистон Каспий минтақасидаги Эрон ва Туркия кесишган ҳудуддаги Россиянинг ягона иттифоқчиси саналади.

Арманистон Москва етакчилигидаги Коллектив хавфсизлик шартномаси аъзосидир.

Гумридаги қотилликдан 10 кун олдин мазкур давлат Россия таъсиридаги Евроосиё Иқтисодий Иттифоқига ҳам қўшилган эди.

Россиянинг Тожикистондаги ҳарбий базасида ҳам шунга ўхшаш воқеа рўй берган. Тожик такси ҳайдовчисини бўғизлаб ўлдирганликда айбланган рус аскарлари Илдар Сахапов ва Фёдор Басимов устидан маҳкама бўлиб ўтган эди.

Арманистон ва Тожикистондан ташқари Беларус, Қирғизистонда ҳам Россия ҳарбий базалари жойлашган.

XS
SM
MD
LG