Линклар

"Курск" фожеаси Путиннинг илк ёлғони бўлган эди"


"Курск" атом сув ости кемаси қурбонларига Украинада ўрнатилган ёдгорлик.

"Курск" атом сув ости кемаси қурбонларига Украинада ўрнатилган ёдгорлик.

"Курск" атом сув ости кемаси чўкиб кетганига 15 йил тўлди. 2000 йилнинг августида кемада чўкиб кетган 118 денгизчидан 55 нафари оиласи адвокати бўлган ҳуқуқшунос Борис Кузнецов ўша фожеани Россиянинг энг янги тарихидаги ўта муҳим ҳодиса сифатида баҳолайди.

Кузнецовнинг айтишича, Владимир Путин ўзининг ёлғонларини ўша фожеадан бошлаган. "Курск" ҳалокати ва унинг оқибатлари тўғрисидаги гаплари Путиннинг “илк ёлғонлари” эди.

“Ёлғонлар Курск чўкиши билан бошланган. Курск чўкиб кетганидан кейин ҳукумат ҳуқуқ-тартибот тизимларига аралаша бошлади. Ҳукумат барча оммавий ахборот воситаларини ўз бошқаруви остига ола бошлади.Россияда демократия томирларини кесиш кўп маънода айнан шундан бошланган”, дейди Кузнецов.

67 га кирган Кузнецов чўкиб кетган денгизчилардан 55 нафари оиласи адвокати бўлган. АҚШ Кузнецовга сиёсий бошпана берган. Россия ҳукумати унга қарши жиноий иш очган ва уни қўлга олиш учун халқаро қидирув эълон қилган. Ҳуқуқшуносни Россия судида Федерал хавфсизлик хизмати парламент аъзосининг суҳбатларини ноқонуний равишда ёзиб олганини кўрсатиб бергани учун давлат сирларини ошкор қилишда айблашди.

Кузнецов бу айбловлар уни катта аҳамиятга эга юридик ҳаракатларига тўсқинлик қилиш мақсадида қўйилганини айтади.

Курск сув ости кемаси 2000 йил 12 август куни Баренц денгизида олиб борилаётган кенг миқёсдаги ҳарбий машқлар давомида чўкиб кетган.

Ўша пайтда Россия чиндан бошқача мамлакат бўлган. Воқеа содир бўлганида Путин президентлик курсисига ўтирганига эндигина бир неча ой тўлган эди. Миллий телевидениени олигархлар бошқарган, уларнинг ҳукумат билан алоқалари нотекис бўлган пайт эди.

2000 йилнинг октябрида Россиянинг ОРТ миллий каналида таниқли журналист Сергей Доренко Курск фожеасига бағишлаб тайёрлаган бир соатлик махсус дастур эфирга узатилган.

Ўша пайтда каналга олигарх Борис Березовский етакчилик қилган. Доренко фожеани бошқаришда ҳукумат йўл қўйган хатоларни санаб берганидан кейин, қуйидагича хулоса қилган:

“Курск ҳикояси ҳали тугагани йўқ. Биз илк савол ва хулосаларни тилга олдик. Асосий хулоса шуки, ҳукумат ҳеч биримизни ҳурмат қилмайди ва шунинг учун ёлғон гапиряпти. Энг муҳими, ҳукуматнинг бизга бундай муносабатда бўлишига ягона сабаб биз шунга йўл қўйиб бераётганимиздадир”.

Яққол саросимага тушиб қолган Путин чўкиб кетган денгизчиларнинг рафиқалари ва оила аъзолари билан 2000 йилнинг 22 августида учрашганида ҳеч ким унга бақиришдан унга айбловларни қўйишдан қўрқмаган:

Кузнецов ўша йиғилиш Путин ҳаётидаги “энг ёмон лаҳза” бўлган бўлиши мумкин, деб ҳисоблайди ва бу ҳодиса ортидан президент бошқа бу аҳвол такрорланмаслиги учун жон-жаҳди билан кураша бошлаганини айтади.

Кузнецов Курск фожеасининг 15 йиллиги муносабати билан шу мавзуда ёзган китобининг иккинчи нашрини эълон қилди. Китоб “Чўкиб кетди” деб номланди. Америкалик журналист Ларри Кинг Путиндан Курскка нима бўлгани ҳақида сўраганида президент шундай жавоб берган: "Чўкиб кетди"

Китобда Кузнецов фожеа содир бўлишида ҳукуматнинг айби ҳамда ўзининг воқеа тафсилотларини ўрганишга қаратилган ҳаракатларига Кремлнинг тўсқинлик қилгани ҳақида сўз юритади.

Ҳукумат тайёрлаган 113 жилддан иборат ҳисобот ҳали ҳам сир сақланади. Ҳисоботнинг тўрт саҳифадан иборат қисқача мазмуни 2002 йилда оммага эълон қилинган.

Кузнецов "Курск" бошқа бир сувости кемаси билан тўқнашиб кетган, уни НАТО сувости кемаси чўктириб юборган ёки машқда қатнашаётган бошқа рус кемасидан келган “дўстона ўқ” сабаб чўкиб кетган қабилидаги фитна назариялари нотўғри, деб ҳисоблайди.

Кузнецовнинг айтишича, акустик далиллар ва кема кўрган зарарлар отишга тайёрланаётган торпеда ёнилғиси портлаб кетганини, бу портлаш сабаб орадан икки дақиқа ўтиб кемадаги ўнта торпеданинг кўпчилиги портлаб кетганини кўрсатади. Кеманинг айрим қисмлари фожеадан 14 ой ўтиб топилган. Иккинчи портлаш шунчалик кучли бўлган-ки, у келтириб чиқарган тебранишни Европа ва Аляскадаги сейсмографлар қайд этган.

Шундай бўлса-да, Кузнецов Путиндан бошлаб Россия ҳукумати ва армияси ҳали кўп саволларга жавоб бериши керак, деб ҳисоблайди. Кузнецов бош қўмондон сифатида Путин СССРдан кейинги Россия тарихидаги энг йирик денгиз машқини ипидан-игнасигача билиши керак бўлган, дейди.

“У мутахассислар, қўмондонлар ҳисоботлари ва ҳарбий қўмондонлик ҳисоботларига қулоқ солиши керак бўлган. Бунинг барчасини бажариш мажбурияти бўлган. Аммо у бундай қилмаган”, дейди Кузнецов.

Агар Путин шуларни бажарганида, Кузнецовнинг айтишича, у "Курск" бундан аввал бунақа торпедаларни ҳеч қачон ҳеч қандай вазиятда отмаганини билган бўларди. Балким у яна "Курск"нинг қочиш люкига қутқарувчи кемаларни улаш механизми ҳеч қачон текширилмаганини ҳам билган бўларди. Кўпчилик мутахассисларнинг айтишича, "Курск"даги махсус антиакустик қатлам туфайли механизмни сув ўтмайдиган қилиб ёпишнинг иложи бўлмаган ва шу сабаб Россия ҳарбий денгиз флоти кема люкини оча олмаган.

Кузнецовнинг айтишича, Буюк Пётр ҳарбий кемасидаги акустик оператор 12 август куни соат 11:28 да портлаш қайд қилган. Оператор портлаш содир бўлган жой "Курск" сузиб юрган жойда эканлигини аниқлаган. Аммо ҳеч қандай чора кўрилмаган.

“Кема қўмондони ҳамда машқларнинг етакчилари нима қилиши керак бўлган? Улар портлашни аниқлашлари, унинг қаерда содир бўлганини топишлари ва унга нима сабаб бўлганини аниқлашлари керак бўлган. Улар бундай қилмаган”, дейди Кузнецов.

Бунинг ўрнига илк фожеада омон қолиб, кеманинг тўққизинчи бўлмасига қамалиб жон сақлаган 23 денгизчи ҳаёти хавф остида қолаверган.

“Курск муаммога учрагани 23:30 да эълон қилинган. Яъни, 12 соатдан кейин. Ўша 12 соат беҳуда кетган”, дейди Кузнецов.

Денгиз қўмондонлари Путинга Британия, Норвегия, АҚШ ва бошқа мамлакатлар таклиф қилган ёрдамсиз кемадагиларни қутқаришга ҳаракат қила олишларини таъкидлашган. Путин бундай ёрдамга фожеадан беш кун ўтиб рози бўлган.

Кузнецовга кўра, қўмондонлар Путинни ишонтиришаётганларида сувости қутқарув кемалари ҳеч қачон "Курск" билан биргаликда текширилмаганини билишган.

“Аниғи шуки, бу кемалар турли сувости кемалари, жумладан, "Курск" билан ишлаш учун яратилган. Аммо уларни ҳеч ҳачон, бирор марта ҳам бирга текширишмаган – денгиз синовларида ҳам, сувости кемаси ишлаб юрган пайтда ҳам, машқларга тайёрланаётиб ҳам текширишмаган”, дейди Кузнецов.

"Курск" фожеаси учун ҳеч ким жавобгарликка тортилмади. Кузнецов Путин денгиз флоти қўмондони адмирал Владимир Куроедовни ҳимоя қилиш учун “сиёсий қарорга” келганини айтади. Куроедов фожеа сабаб истеъфо беришни таклиф қилган. Аммо унинг таклифини қабул олишмади. Натижада Куроедов 2005 йилгача ишлиб, кейин нафақага чиқди.

Путин 13 юқори лавозимли зобитни, жумладан, Шимолий флот қўмондони вице-адмирал Олег Бурцовни ишдан олди. Аммо уларнинг барчасига кўп ўтмай ҳукумат ёки ҳукумат бошқарувидаги ширкатларда юқори лавозимли ишлар таклиф қилинди.

XS
SM
MD
LG