Линклар

logo-print

АҚШ: Фазлиддин Қурбонов террорчиликда айбдор деб топилди


Америкага 2009 йили қочқин сифатида борган Қурбонов 2013 йили Айдаҳо штатининг Бойси шаҳрида ўз квартирасида ҳибсга олинган эди.

Америкага 2009 йили қочқин сифатида борган Қурбонов 2013 йили Айдаҳо штатининг Бойси шаҳрида ўз квартирасида ҳибсга олинган эди.

АҚШнинг Айдаҳо штати суди террорчиликда айбланган ўзбекистонлик қочқин Фазлиддин Қурбоновни беш айбловнинг учтаси бўйича айбдор деб топди.

Қарийб бир ой давом этган судда 33 ёшли Қурбоновга нисбатан қўйилган "Ўзбекистон исломий ҳаракати" террорчи гуруҳига моддий ёрдам беришга уриниш ва тил бириктириш ҳамда ноқонуний портловчи моддага эгалик қилиш айбловлари ўз исботини топган.

Ҳакамлар суди етарлича далил йўқлиги боис террорчи ташкилотга моддий ёрдам беришга оид яна икки айбловни бекор қилди.

Прокурорлар ўзбекистонликни ЎИҲга молиявий ва техник ёрдам беришга уринишда ва Америка ҳудудида террорчилик амалиётларини ўтказиш мақсадида портловчи моддаларга эгалик қилишда айблаган эди.

Айдаҳо штати прокурори Венди Олсон 12 август куни маҳкама якунида Қурбоновнинг иши Америкада террор ҳужумини режалаштирган барчага огоҳлантириш эканини айтди.

Фазлиддин Қурбоновга қамоқ жазоси 10 ноябрь кунга белгиланган суд мажлисида эълон қилинади. Учта айблов бўйича ўзбекистонлик 40 йилгача озодликдан маҳрум қилиниши мумкин.

Сўнг Қурбоновнинг суди Юта штатида давом эттирилиши кутилмоқда. Ўзбекистонлик қочқинга у ерда ҳам террорчиликга алоқадор айбловлар, жумладан, ЎИҲга одам ёллаш ва бомба ясаш бўйича маълумот тарқатиш айблови қўйилган.

Америкага 2009 йили қочқин сифатида борган Қурбонов 2013 йили Айдаҳо штатининг Бойси шаҳрида ўз квартирасида ҳибсга олинган эди.

Суд давомида у ЎИҲ вакиллари билан интернет орқали алоқада бўлганини тан олган, бироқ террорчиликка алоқдар айбловларни рад этган эди.

Фазлиддин Қурбонов АҚШда террорчиликда гумонланиб қўлга олинган ягона ўзбекистонлик эмас. 2012 йилнинг июлида ўзбекистонлик Улуғбек Қодиров АҚШ президентини ўлдиришга уринганликда айбланган ва 15 йилга қамалган эди.

Жиззахлик 35 яшар Жамшид Мухторов эса 2012 йилнинг январь ойида Чикаго шаҳрида террор гуруҳларига моддий ëрдам берганлик ва улар сафига қўшилишга уринганлик айби билан ҳисбга олинган.

XS
SM
MD
LG