Линклар

Рассом "Президент трассасига қараган" устахонасидан маҳрум бўлмоқда


Ўзбекистон - Ўзбекистон халқ рассоми Ғофур Қодиров ўз устахонасида

Ўзбекистон - Ўзбекистон халқ рассоми Ғофур Қодиров ўз устахонасида

Тошкент шаҳар ҳокимияти мутасаддилари Ўзбекистон халқ рассоми Ғафур Қодировга "бошқа жойдан устахона қидириш"ни буюрган.

Бу ҳақда Озодликка Ғафур Қодировнинг ҳамкасблари маълум қилди.

Расмийлар ўз қарорларини рассом устахонаси деразасининг “Президент трассасига қарагани” билан изоҳлашган.

Таниқли рассом устахонаси Тошкентнинг "Буюк ипак йўли" метро бекати ёнидаги халқ орасида "Горький дом" номи билан машҳур бинонинг юқори қаватида жойлашган.

Аввалроқ Президент Хавфсизлик Хизмати ходимлари келиб, Ғафур Қодиров устахонаси деразалари тунука билан беркитиб кетишганди.

Ўзбекистон Бадиий академияси раҳбариятига яқин Озодлик манбасининг билдиришича¸ шу кунларда рассом Ғафур Қодировга оид устахона деразалари ташқаридан темир тунука билан қоплаб ташланган:

- ШОС саммитига тайергарлик деган баҳонада, лекин аслида ИШИД кириб келади, деган ваҳимада "трасса" (Президент ҳаракатланадиган йўлнинг шартли номи. ) бўйлаб, қўшимча чоралар нуқтаи назаридан, "перестройка" кетяпдида энди. "Горький-Дом"нинг тепасидаги тўртта блокнинг ҳар бирида рассомлар устахоналари мавжуд. Деразалари "трасса" га қарагани сабабли Ғафур Қодиров устахонасининг ҳамма ойналарини алюкабонд билан қоплаб ташлашди. У жойда Рональд Клеер, Хуршид Зиёхонов каби 12та рассом хусусийлаштирилган устахоналарга эга. Улардан фақат Ғафурнинг устахонаси трассага қарагани боис муаммо чиқди¸" дейди манба.

Ўнлаб шогирдлар чиқарган профессор Ғафур Қодиров эгалик қилган устахонанинг ёруғдан мосуво бўлгани аввало Facebook тармоғи муҳокамасига чиқди.

Улкан бино юқори қаватларидаги деразаларга тунука урилмоқда

Улкан бино юқори қаватларидаги деразаларга тунука урилмоқда

​Ғафур Қодиров устахонасиз қолдими, деган саволга ижодкор ўз бошига тушган сўнгги ҳодисаларни "даҳшатли туш"га ўхшатди.

Рассом ўзининг Facebook саҳифасида юзага келган вазиятни "нодўстона, аянчли” дея баҳолади.

Монументалчи рассом

57 ёшли Ғафур Қодиров - кўплаб халқаро кўргазмаларда ўзбек тасвирий санъатини тамсил қилган ижодкор.

Ғафур Қодировнинг таржимаи ҳоли бошқа ўзбек рассомларникига ўхшайди.

Тошкентдаги Бенков номли рассомлик билим юрти рангтасвир бўлимини 1978 йил тугатган.

Ортидан Москвадаги Суриков номли санъат академиясида таниқли таҳсил олган.

Маҳобатли рассомчилик¸ деворий суратлар устаси касбини эгаллаган Ғафур Қодиров кейинчалик дастгоҳли рассомлик билан шуғулланди.

Пластик ифодаларнинг оддийлиги¸ рангларнинг ëрқинлиги ва мавзу жўнлиги тагидаги сирлилик Ғафур Қодиров ижодига хос хусусият.

Ғафур Қодиров яратган “Товус”¸ “Давроннинг никоҳ тўйи”¸ “Бола кўтарган аëл”¸ “Ситора” деган асарлари аллақачон ўзбек тасвирий санъати дурдоналарига айланган.

Рассом асарларини Москва музейлари¸ Париж ва Римдаги шахсий коллекцияларда кўришимиз мумкин.

Бир одам учун шаҳар

Шаҳарсоз меъмор¸ таниқли француз рассоми Ле Корбюзье ғоясига кўра, шаҳарлар одамлар учун қурилади.

Яъни, шаҳар марказда кўпроқ пиëдалар ва велосипедда юрадиган йўллар бўлади.

Тезлик билан юришга мўлжалланган катта йўллар эса шаҳарни айланиб ўтади.

Хозир АҚШда истиқомат қилаëтган Тошкентлик меъмор Ҳиматилла Турдиевнинг айтишича¸ Ўзбекистон пойтахти "бир одам хархашаси учун мосланган":

- Шаҳар маркази президент эскортининг катта суръатда ҳаракат қилиши учун қурилган эстакада ва йўллардан иборат пойга майдонига менгзайди. Ҳатто, Навоий кўчаси ўртасидан девор ҳам тиклашди. Мабодо жаноб олийлари ўтаëтганида ҳеч ким йўлни кесиб ўтмасин, деган маънода. "Президент трассаси" Тошкентнинг энг муҳим аломатига айланди. Трасса бўйидаги музей, кутубхона, ҳайкалтарошлик мажмуалари бир одам хавфсизлиги учун олиб ташланди. Билишимча, Пушкин ҳайкали ҳам айнан шу хавфсизлик ғояси қурбони бўлди, дейди Ҳикматилла Турдиев.

Унинг айтишича, Совет даврида барпо қилинган маданий обидалар ва Чор давридан қолган тарихий биноларнинг бузилиши 1992 йилда Коммунизм тимсолларига қарши кураш тадбири доирасида бошланган:

- Кейинги ўн йил ва айниқса кейинги ойларда Тошкентдаги бузилишлар суръати ошгани кузатилди. Тошкентдаги геология музейининг мармар биноси, Навоий кўчасидаги расталар бузилиши “Ўртоқ” қандолат фабрикаси каби улкан корхоналар бузилишига омухта бўлди. Тошкент марказидаги энг уйғун меъморий комплекс бўлган Пушкин ҳаëбонининг бузилишиниу вандализм дея баҳолаш мумкин дейди, ўзбек маъмори.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG