Линклар

logo-print

Урганч фожиаси: Жабрланганлар ҳукуматдан адолат талаб қилмоқда

  • Ҳурмат Бобожон

Урганчдаги истироҳат боғида концерт пайтида рўй берган фожиада ҳалок бўлганларнинг яқинлари ҳамда жабр кўрганлар ҳокимият органларидан ҳодиса айбдорларини аниқлаб, жазолашни талаб қилмоқда.

8 август куни Урганчдаги “Ёшлар кўли”да хоразмлик хонанда Наврўз Собировнинг хайрия концерти пайти кўлдаги кўприк панжараси синиб кетиб, ўндан зиёд одам сувга чўкиб ўлган эди.

Ўзбекистон президенти топшириғи билан ҳалокат сабабларини ўрганиш учун бош вазир бошчилигида ҳукумат комиссияси тузилган.

Бироқ орадан беш кун ўтган эса-да, жавобгар шахслар аниқлангани йўқ.

Ҳукумат комиссияси ҳозирга қадар жамоатчиликка Урганчдаги фалокат бўйича дастлабки ҳисоботни тақдим этган эмас.

Қурбонлар ва жароҳат кўрганлар борасида аниқ рақам берилгани йўқ.

Ўзбекистон расмий матбуотида ҳам Урганчдаги фалокат ҳақида лом-лим дейилмаяпти.

Айни пайтда жабрланганларнинг яқинлари, фалокат айбдорларини жазолашни талаб қилиб, Урганч шаҳар прокуратурасига бош урган.

- У жой концерт берадиган жой эмас. Сайр қилиб юришга мўлжалланган кичгина сайлгоҳ. Шунча оломонни тўплаб у ерда концерт берилишига ким йўл қўйиб берди? Бу зудлик билан аниқланиб, масъуллар жазоланиши керак, - дейди Урганч шаҳар прокуратурасига адолат истаб борган ўнлаб урганчликлардан бири.

Наврўз Собировнинг концертини кўраман деб Хивадан Урганчга келган Гулноза ҳодиса учун милицияни айблади.

- Наврўз Собиров деса бизда ҳамма ёпиралади. Менку Хивадан борибман, Қорақалпоғистоннинг Элликқаласи, Тўрткўлидан гурас-гурас одамлар келди. Кўприкка шунча одам ўтиб кетганидан кейин ҳар қандай панжара синиб кетади-да. Одамларда айб йўқ. Милиция ходимлари у ерга кўп одамни чиқармаслиги керак эди, - дейди “Ёшлар кўли”даги фалокат гувоҳи.

Ҳодиса ортидан Урганч шаҳар Ички ишлар бўлими бошлиғи лавозимидан бўшатилгани ҳақидаги хабарлар расмийлар томонидан тасдиқланмади.

Урганчдаги фалокат бўйича расмийлар дастлабки хулосаларни очиқламаётган айни пайтда қурбонлар сони ҳақида турли миш-мишлар оралаган.

13 одам ҳалок бўлган

Воқеа гувоҳлари ҳалок бўлганларнинг сони ўттиздан кўп бўлиши мумкинлигини айтишади.

Озодлик Хоразм вилояти Ички ишлар бошқармасидаги ўз манбалари орқали фалокатда аксари ёш болалардан иборат 13 одам ҳалок бўлганини аниқлади.

Урганч туманилик 11 ёшли Эгамберганов Эгамберган “Ёшлар кўли”даги фожиали концерт қурбонларидан бири.

Уни яқиндан таниган қўшнилари Эгамберганни истеъдодли ўқувчи бўлганини айтишади.

- Бу йил тўртинчи синфга кўчган эди. Жуда қобилиятли бола эди. Шеърлар ёзар эди. Мактабни фахри эди. Ўша куни ота-онаси билан концертга борган. Тўрт боласи билан тушиб кетган. Уч боласини топган, Эгамберган сувни тагида қолиб кетган, - дейди исми сир қолишини истаган марҳумнинг қўшниларидан бири.

Қабристон устидаги кўл

Урганч шаҳрининг қоқ марказидаги "Ёшлар кўли" ўтган аср ўрталарида эски қабристон ўрнида барпо этилган.

Урганчдаги "Қора тўнли бува" қабристони бузилиб, уни ўрнида барпо этилган кўл Совет даврида "Комсомол кўли" деб аталган.

Икки йил аввал қайта таъмирланиб очилган “Ёшлар кўли” машҳур хонандаларнинг концерт бериш жойига айланган.

- Ўзи бу кўл аввал қабристон бўлган. Буни ҳамма билади. Шундай бўлса-да ҳар ҳафтани шанба, якшанбаси шу кўлни остидаги қабрларда ётган марҳумлар руҳини чинқиртириб концертлар бериб келишди. 8-канал ҳар куни реклама қилди. Мана нима билан тугади. Кўл одамларни ютди, - дейди урганчлик Арслон.

Наврўз Собиров концертида фожиа илк бор рўй бергани йўқ.

Уч йил муқаддам Урганчдаги “Олимпия” стадиондаги концертда юз берган издиҳомда, стадионнинг йўғон темирдан ясалган тўсини одамлар устига ағдарилиб кетган эди.

Ўшанда бир одам ўлгани хабар қилинганди.

“Ёшлар кўли”да шанба куни фожиага сабаб бўлган концертдан сўнг оломон хонанданинг Captiva русумли автомобилини ағдариб ташлагани ҳақида гап-сўзлар тарқалди.

Лекин, Урганч шаҳар ИИБ расмийлари бу хабарни тасдиқлашмади.

Фожиа жабрланувчиларига компенсация тўлансин!

Тошкентдаги "Эзгулик" инсон ҳуқуқлари ташкилоти 13 август куни шундай талаб битилган баёнот билан чиқди.

"Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари "Эзгулик" жамияти Урганчдаги воқеалар бўйича республика комиссиясини қисқа фурсатларда жамоатчиликка шаффоф хулосалар тақдим этишга, шунингдек, қурбонлар, уларнинг оилаларига халқаро стандартлар даражасида компенсациялар тўлашга чақиради", - дейилади ташкилот баёнотида.

Ташкилот раҳбари Васила Иноятова Озодлик билан суҳбатда Урганчдаги фалокатдан беш кун ўтиб жабрланганларни яқинларига ҳеч қанақа компенсация берилмаганини айтди.

Иноятовага кўра, бош вазир Шавкат Мирзиёевнинг жабрланганлар оиласини зиёрат қилгани ҳақидаги хабарлар ҳам асоссиз.

- Оиласи аъзоси ўлган биронта оилага ҳеч қанақа ёрдам кўрсатилмаган. Мирзиёев ҳам биронта оилани зиёрат қилмаган, биз буни ўша ердаги вакилларимиз орқали ўргандик, бу аниқ. Жабрланганлар моддий ёрдамга мухтож эмасдир, лекин ҳукумат раҳбарининг шу оилаларга ҳамдардлик билдириши жуда катта маънавий далда берар эди, - дейди Иноятова.

Ўзбекистон Фавқулотда вазиятлар вазирлиги расмийларига кўра, Урганчдаги фожиа бўйича тузилган ҳукумат комиссияси ҳодиса сабабларини ўрганмоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG