Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 20:32

Чорраҳадаги тиланчи, мусодара бўлган айфон ва “молпараст” актриса


Террорчилар Ўзбекистон фуқаролигидан маҳрум этилади. Ўзбекистонга АҚШдан почта орқали юборилган айфонлар мусодара қилинди. Таниқли актриса пулга учиб сартарош йигитга эрга теккан. Жорий ҳафта матбуот шу каби воқеалар ҳақида ёзди.

“Чел эл фойдасини кўзлаганлар Ўзбекистон фуқаролигидан маҳрум этилади”

Ўзбекистонда фуқароликдан маҳрум этиш тартиби амалга киритилди (“Халқ сўзи”, 157-cон).

“Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги тўғрисида”ги қонуннинг 21-моддасига киритилган ўзгартиришга кўра, агар шахс чет эл фойдасини кўзлаб фаолият юритиш ёки тинчлик ва хавфсизликка қарши жиноятлар содир этиш орқали жамият ва давлат манфаатларига жиддий зарар етказса, Ўзбекистон Республикаси фуқаролигидан маҳрум этилиши мумкин.

Мазкур қонун Олий Мажлис Сенати томонидан 2015 йил 6 августда маъқулланган ва 10 август куни Ўзбекистон Президенти томонидан имзоланган.

“Мактаб формаси ижтимоий тенгсизликнинг олдини олади”

Мактабларда ўқувчиларнинг бир хил кийимда юриши болалар ўртасида келиб чиқадиган ижтимоий тенгсизликнинг олдини олади (“Оила даврасида”, 13 август).

Ўзбекистон халқ таълими вазирлиги вакиллари янги ўқув йили бошланаётган паллада ота-оналарга мактаб формаси тартибига риоя этишни эслатиб ўтган.

“Бир хил кийим ўқувчиларни ҳар жиҳатдан тенглаштиради. Бола ҳам ўз навбатида мактабга билим олиш учун боришини тушуниб етади” деган вазирликнинг маънавий-ахлоқий тарбия бошқармаси бошлиғи Ҳикматилла Даминов.

“Агар бирон ўқувчи бошқаларга нисбатан қимматроқ кийим кийса, гарчи у аъло баҳоларга ўқимаса ҳам, айрим ўқувчилар ўша болани синфнинг “лидери” ўрнида кўради. Бироқ аслида синфнинг сардори, етакчиси фақат яхши ўқийдиган намунали ўқувчи бўлиши лозим” деган ўқитувчи Бибинор Собирова.

“Наманганда сабзавот ва полиз маҳсулотлари ўрнига қайтадан чигит экилди”

Прокуратура идораси Наманган вилоятидаги фермерлар чигит ўрнига бошқа экинлар экканини аниқлади (“Ҳуқуқ”, 13 август).

Масалан, Поп туманидаги “Жўрабек” фермер хўжалиги чигит қадаш режалаштирилган 9 гектар майдонга кунгабоқар, “Аломат Мадинабону” фермер хўжалиги 7 гектар ерга полиз маҳсулотлари, “Ҳамиджон Маназаров” фермер хўжалиги 4,7 гектар ерга зиравор кўкат, “Аҳрор файзли келажак” фермер хўжалиги 3,5 гектар майдонга пиёз эккан.

Қайд этилишича, бу каби ҳолатларни бошқа туманларда ҳам ажратиш мумкин. Наманган вилояти прокуратураси вакили Илҳомжон Раҳмоновга кўра, чигит ўрнига бошқа экин эккан фермер хўжаликларида қайтадан чигит экилиши таъминланган.

“Кўзга чиққан чипқон – тиланчилар”

Ўзбекистоннинг йирик шаҳарларидаги чорраҳаларда тиланчилик қилаётганлар ҳайдовчиларни чалғитиб, ҳаракат хавфсизлигига таҳдид солмоқда.

“Оила ва жамият” газетасига кўра, чорраҳаларда тиланчилик қилаётганларнинг аксарияти боласини кўтариб ёки етаклаб олган аёллардир.

“Биласиз, барибир бағрикенг халқмиз, кўча-кўйдами, қаерда бўлмасин, садақа сўраб турса бефарқ ўтиб кетолмаймиз. Бу каби раҳмдиллик баъзида турли ҳалокатларга ҳам сабаб бўлиши мумкин” деган йўл патрул хизмати вакили Тожибой Боқибоев.

“Тинчлик” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Мухтор Зоиров эса тиланчилар мамлакатни чет элликлар олдида уятга қўётганини айтган. “Бундай пайтда кўзга чиққан чипқондек ҳалиги ҳолат рўй бериб турса уят-да энди” деган маҳалла раиси.

“Таниқли актриса пулга учиб сартарош йигитга эрга теккан”

Ўзбекистонлик таниқли актриса Гулчеҳра Эшонқулова ўзидан 13 ёш кичик сартарош Шароф Шараповга мол-дунёга ўчиб турмушга чиққан (“Даракчи”, 13 август).

Мазкур фикр Шароф Шараповнинг онаси томонидан билдирилган. “Уларнинг орасида ҳеч қандай муҳаббат йўқ. Балки ўғлимнинг номида уй-жой бўлгани учунгина Гулчеҳрага керак бўлгандир?! Ўз вақтида уй-жойни ўз номимга расмийлаштириб олдим. Отаси ҳам пул бермай қўйди. Натижани эса ўзингиз кўряпсиз: ҳеч нарсаси йўқ Шароф Гулчеҳрага керак бўлмай қолди” деган сартарош Ш.Шараповнинг онаси. Шоу бизнес нашрига кўра, 34 ёшли актриса Г.Эшонқулова ва 21 ёшли сартарош Ш.Шаропов бир неча ой аввал ота-онасидан яширинча никоҳдан ўтган, аммо ушбу никоҳ икки ойга бормай бузилиб кетган.

“Хатомни тушуниб етдим. Ота-онамни танладим, уларни ҳеч қачон қайтариб бўлмайди, хотинни эса ҳамиша топса бўлади” деган собиқ куёв Ш.Шаропов.

“Ўзбекистонга АҚШдан почта орқали юборилган айфонлар мусодара этилди”

Тошкентда истиқомат қилувчи уч фуқаро номига АҚШдан юборилган 39 дона “iPhone 6”, “iPhone 6+” ва “LG” русумли телефон мусодара этилди (“Инсон ва қонун”, 11 август).

Тошкент шаҳар божхона бошқармаси хабарига кўра, қимматбаҳо телефонлар декларацияда қайд этилмагани сабабли олиб қўйилган. Мазкур ҳолат юзасидан ҳуқуқбузарларга тегишли жазо қўлланилиши маълум қилинган.

“Сирдарёлик ёшлар спорт майдонига эга бўладими?”

Cирдарё вилоятида яшовчи фуқаро А.Равшанов шу номли туманнинг 244-контурдаги ер майдонидан 2 гектарни спорт майдони қуриш учун ажратишни сўраб бир неча бор вилоят ва туман ҳокимликларига мурожаат қилган (“Адолат кўзгуси”, 13 август).

Фуқаро ҳам спорт майдони қуриш, ҳам ташландиқ аҳволдаги ерни обод қилишни мақсад қилганини билдирган.

Сирдарё тумани ҳокими К.Саматов 244-контурдаги ер экин майдони экани, шу боис у ерда ўйингоҳ барпо қилиш мумкин эмаслигини расман маълум қилган.

XS
SM
MD
LG