Линклар

Ҳамюртини қутқараман деб поезд тагига тушган йигит ёрдамга муҳтож


Ўз дўстини поезд уриб кетишидан сақлаб қолган Фирдавс Ашуров

Ўз дўстини поезд уриб кетишидан сақлаб қолган Фирдавс Ашуров

Москванинг Долгопрудный шаҳарчасида ўзбекистонлик Фирдавс Ашуров электропоезд остига ўзини отган ҳамюртини қутқараман деб оғир жароҳатлар билан шифохонага ётқизилди. Умуртқасида иккита жарроҳлик амалиёти ўтказилган 24 ёшли Фирдавс даволанишни давом эттириши учун моддий ёрдамга муҳтож. Иқтисодий қийинчиликлар боис ўз жонига қасд қилгани айтилаётган ўзбек муҳожири ҳам шифохонада даволанмоқда.

Чустлик 24 яшар Фирдавс Ашуров икки ҳафтадан буён Москва вилоятининг Долгопрудный шаҳар хирургия бўлимида қолмоқда. У бу ерга 1 август куни шифохонадан узоқ бўлмаган темир йўл станциясида содир бўлган ҳалокат жойидан олиб келинди.

Фирдавснинг укаси Илҳом сўзларига кўра, ўша куни акаси ҳамхонаси бўлган Ҳамид (исмли ўзгартирилган.-таҳр.) исмли йигит билан кўчага чиқиб кетган.

“Улар чиқиб кетганидан кейин бироз вақт ўтиб менга “Водники” деган станциядан одамлар қўнғироқ қилишди”, дейди Озодлик билан суҳбатда Фирдавснинг укаси Илҳомжон:

- Ҳамид биз билан бир хонада ётади. Акам ишидан эрталаб 8-9-да келди. Кейин акам чиқиб кетишган эди – “битта одамда телефоним бор, сотамиз, пул қиламиз”, деб чиқиб кетишди. Ярим соатдан кейин телефон бўлди. “Битта бола поезд остига ўзини ташлади, иккинчиси – кейин ташлади! Акангиз ўзини ташлаган!”, деб ўша “Водник”да гувоҳ бўлган ўзбек бола айтиб қолди. Яхши инсон экан: паспорт, документ, телефонларини олиб қўйди ва кейин менга олиб келиб берди. Уларни тасаввурида иккалови поезд остига ўзини ташлаган. Аслида, Фирдавс уни тортиб қолган экан,- деди Илҳом.

Суҳбатдошнинг айтишига кўра, станцияга яқинлашаётиб Ҳамид ҳамёни ва телефонини Фирдавсга берган ва бирдан тезлик билан яқинлашиб келаётган электричка томон югуриб қолган.

Дўстининг поездга қараб кетаётганини кўрган Фирдавс эса Ҳамиднинг орқасидан югурган.

- Кейин у ўзини ташлаган поездга. Бу секундда бўлган иш! Фирдавс уни электричкадан тортиб олишга улгураман, деб ташлаган. Поезд аввал Ҳамидни, кейин Фирдавсни урган. Худога шукур, иккаласи ҳам тирик чиқди: қандай қилиб – Худони ўзи билади, чунки у ердан тирик чиқиб бўлмайди. Мен у ерни бориб кўрдим. Биттасини оёқ кийими электричка йўлининг устида турибди... Ўша ерлар қон бўлиб кетибди. Мен аввал уларни ўлди деб ўйладим. Болнисага келсам, “иккаласи реанимацияда, биттаси ўладиган, биттаси – яхши” дейишди менга. Ҳамид бошидан чайқалган, оёғи йиртилган. Акамнинг қовурғаси синган – уни олиб ташлашибдиме-ей, умуртқаси синган, оёқ-қўли шилинган. Ҳозир акамни перевязкага олиб кетишди,- деди билган тафсилотларни гапириб берган Фирдавснинг укаси Илҳом.

У акасининг қўл-оёқлари ишлаётгани яхши белги экани тўғрисида врачлар ташҳисини олгани, Фирдавс яқин орада тузалиб кетишига ишонч борлиги тўғрисида ҳам гапирди.

Ҳамид ўзини поезд остига ташлашдан олдин яқинлари билан суҳбатлашгани, улар уни “Пул жўнатмаяпсан!” деб койигани маълум бўлди. Ҳамхоналарининг айтишича, бундан икки ой олдин Ҳамид фарзандли бўлган, аммо бошқа ота-оналардек хурсанд бўлиш ўрнига ўз яқинларига ёрдам бера олмаётганидан қаттиқ тушкунликка тушган. “У ҳатто имомга бориб, ўзини ўлдиришини айтган!”, дейди ҳамюртининг бундай ҳолатга тушишига моддий қийинчилик сабаб бўлганини очиқлаган Илҳом.

Шу йилнинг 1 августида содир бўлган бу воқеа натижасида Савёловский йўналиши бўйича поездлар қатнови 20 дақиқага тўхтатилганини хабар қилди “Россия Темир Йўллари”(РЖД) расмий сайти. Ҳодиса эрталабки соат 9:40ларда Икша-Кубинка йўналиши бўйича кетаётган 6227-сонли электропоезд маршрутида содир бўлгани айтилди.

Россия Тергов қўмитасининг Москва вилояти бўйича бошқармасида ҳодиса тафтиш этилаётгани ва ҳозирча “бу эркакларнинг ўзини поезд остига улоқтириши сабаблари номаълумлигича қолаётганини” билдиришди.

Муолажадан чиққан Фирдавс Озодлик билан суҳбатда ўзини ҳечам “қаҳрамон”дек ҳис этмаётгани ва бундай деб атамасликни сўради:

Бир неча сонияда бўлган гап: кўз олдимда Ҳамид ўзини поезд остига ташлаётганини кўриб, мен орқасидан автоматик тарзда югурдим. Уни бир қўлиб билан кийимидан ушлаб тортган эдимки, поезд келиб иккаловимизни урди. Кейин нима бўлганини эслай олмайман. Бирмунча вақтдан кейин кўзимни очсам, ҳаммаёқ қон”, деди Фирдавс.

Фирдавс билан суҳбатда у Чуст шаҳридан экани, ёши 24-да экани аниқланди. Яхши жисмоний қувватга эгалиги кўриниб турган бу йигит яккакураш билан шуғулланиши, Москвада шундай спорт клубларидан бирида ишлаб келаётганини айтди.

Ҳозирда умуртқасининг икки жойидан жарроҳлик амалиёти ўтказилган чустлик Фирдавснинг яқинлари Долгопрудний шифохонасидаги муолажалар учун ҳозирча пул тўланмагани ва даволаниш ҳаражатларининг катта миқдорда эканлигини гапирмоқда.

Ўз яқинининг жонини сақлаб қолиб, ўзи оғир аҳволга тушган Фирдавс Ашуровга кўмак бериш истагида бўлганлар +79060887200 телефон рақами бўйича унинг яқинларига қўнғироқ қилишлари ёки Озодлик таҳририятига мурожаат қилишлари мумкин.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG