Линклар

logo-print

Урганчлик она: Реклама қилишмасайди, шу концертга бормасдим, ўғлим ўлмасди

  • Ҳурмат Бобожон

Урганчдаги "Ёшлар кўли"даги концерт пайтида рўй берган фожиада ҳалок бўлган 11 ёшли боланинг онаси иддаосига кўра, фарзандининг ўлимида концерт ташкилотчилари ва шу концертга ахборот кўмаги кўрсатган "8-канал" айбдор. Озодликка дардини айтган урганчлик онага кўра, бош вазир Мирзиёев шахсан уйига бориб, таъзия билдирган. 8 август куни "Ёшлар кўли"даги концерт пайти кўприк панжараси синиб кетиб, ўндан зиёд одам сувга чўкиб ўлган.

"Ўғлимнинг ўлимига рекламачилар айбдор"

Исми очиқланмаслигини истаган урганчлик она Озодлик билан суҳбатда 11 ёшли ўғли таниқли хонанда Наврўз Собировнинг ашаддий мухлиси бўлгани, телевидениеда тинимсиз айлантирилган концерт рекламасининг таъсирида уч фарзандини олиб концертга бориб қолганини айтади:

“8-канал”да рекламасини қўяверганидан кейин ўғлим бораман, деб туриб олди. Шанба кунини кутди. Биз бунақа бўлишини билмадик. Шу ўғлим, яна 14 ёшли қизим ва қўлимда бир ярим ёшли эмизикли боламни олиб бордим. Тиқилинч экан. Саҳна томонга ўтиб бўлмади. Одамлар жуда кўп. Кўприкда турдик. Кейин шу ҳол рўй берди. Шу концертни дастидан ўғлим ўлиб кетди. Реклама қилишмасайди, мен шу концертга болаларимни олиб бормасдим, ўғлим ўлмасди", - дейди йиғи аралаш Озодликка гапирган урганчлик она.

8 август куни Урганчдаги “Ёшлар кўли”да хоразмлик хонанда Наврўз Собировнинг концерти пайти кўлдаги кўприк панжараси синиб кетиб, ўндан зиёд одам сувга чўкиб ўлган эди.

Урганчлик она концерт пайти юз берган ўша машъум ҳодисани шундай эслайди:

"Кўприкни устида эдик. Одам шунақа кўп эди. Наврўзнинг концерти бўлаётган томондан давка бўлди. Оқим шундай тез келдики, кўприкни четидаги темири қийшайиб, синиб кетди. Икки фарзандим кўприкни темир тўсинига яқин турганди, кўлга тушиб кетди, кичкина ўғлим қўлимда қолди. Одамлар сувга оқаётганини кўриб ҳамма ўзини сувга отди, у ердаги одамларни қутқара бошлашди. У ерда ёш болалар кўп эди. Қизимни ўн минутда чиқаришди, ўғлим сувга чуқур кириб кетган экан, ярим соат ичида чиқаришди. Ўғлим ўлиб бўлган экан. Қизим ҳозир реанимацияда ётибди, зўрға ўзига келтиришди. Қизимни қутқарганларга мингдан минг раҳмат, қизим ҳам кетса нима қилар эдим", дейди урганчлик она.

Урганчдаги манбаларнинг айтишича, Наврўз Собировнинг ўша кунги концертида одатдагидан кўп одам йиғилган. Юзлаб одам тиқилинчда ёш болалари билан кўприк устида туриб концертни томоша қилган.

Тиқилинч концертга фарзандларини етаклаб борган ота-оналарни ўзлари ҳам фожиага қисман сабабчи, деган фикрлар ҳам айтилди.

Фожиа сабаб бир ўғлини йўқотган урганчлик она бунга шундай муносабат билдирди:

"Ҳеч ким болаларимиз ўлади, ўзларимиз ўламиз, деб концертга бормайдику. Бунақа бўлишини ким билибди. Болаларим ўйнаб-кулсин, деб олиб бордим. Ўғлим рекламани кўриб, шу концертга бораман, деб туриб олганидан кейин нима қиласиз. Телевизорда рекламасини кўрганидан бери шу кунни кутди болам, ўлди, кетди", - дейди урганчлик она.

"Бош вазир ун, гуруч, шакар, ёғ ва қўй бериб кетди"

Фарзанди фожиада ўлган урганчлик онанинг Озодликка айтишича, бош вазир Шавкат Мирзиёев шахсан уйига келиб таъзия билдириб кетган:

"Уйга келиб кетибди, хўжайиним айтди. Мен қизим билан касалхонадаман. Бош вазир келиб кетганидан кейин уни одамлари икки қоп ун, гуруч, шакар, ёғ бериб кетибди. Қўчқор ҳам олиб келишибди. Ҳукуматимизга раҳмат. Кўнглимизни кўтармоқчи бўляпти. Пул ҳам беришибди, қанчалигини билмайман, сабаби мени ҳозир у нарсалар қизиқтирмайди. Ҳамма нарса беришди, лекин бунинг нима фойдаси бор, қайтиб келмайдику болам", деб йиғлайди урганчлик она.

Мотам ўрнига концертлар

Воқеа гувоҳлари ҳалок бўлганларнинг сони ўттиздан кўп бўлиши мумкинлигини иддао қилаяпти.

Озодлик Хоразм вилояти Ички ишлар бошқармасидаги ўз манбалари орқали фалокатда аксари ёш болалардан иборат 13 одам ҳалок бўлганини аниқлади.

Лекин, ҳукумат қурбонлар ва жароҳат кўрганлар борасида аниқ рақамларни эълон қилгани йўқ.

Ўзбекистон президенти топшириғи билан ҳалокат сабабларини ўрганиш учун бош вазир бошчилигида ҳукумат комиссияси тузилган.

Лекин, ҳукумат комиссияси ҳозирга қадар жамоатчиликка Урганчдаги фалокат бўйича дастлабки ҳисоботни тақдим этган эмас. Жавобгар шахслар ҳам аниқлангани йўқ.

Урганчдаги “Ёшлар кўли” масканида концерт пайтида юз берган ҳалокат бўйича “Мансабга совуққонлик билан қараш” моддасига кўра жиноий иш қўзғатилган.

Озодлик манбаларига кўра, “8-канал” раҳбари, собиқ прокурор Улуғбек Собиров ҳам сўроққа чақирилган.

Лекин “Ёшлар кўли”даги фожиадан 3 кун ўтиб, Улуғбек Собиров бошчилигидаги хоразмлик қўшиқчилар гуруҳи Россия бўйлаб концерт гастролларини бошлади.

Озодлик мухбири 11 август куни Россиянинг Тольятти шаҳрига етиб борган Улуғбек Собиров билан телефон орқали боғланди. Бироқ, Собиров “Ёшлар кўли”даги воқеа бўйича Озодликка гапиришни истамади.

Улуғбек Собировга яқин бўлган манбаларнинг айтишича, 8-канал “Ёшлар кўли”даги концертларга фақат ахборот кўмагини кўрсатган ва шу боис, телеканал раҳбарларига жиноий жавобгарлик таҳдид солмаяпти.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG