Линклар

logo-print

Жиззахлик газчи 4 ойлик, пайариқлик дўхтир 2 ойлик маошини ололмаяпти


Нақд пулини банкк қўйса¸ уни қайтиб ола олмаслигини билган ўзбекистонликларнинг бундай ишончсизлиги¸ мутахассисларга кўра¸ Ўзбекистон иқтисодининг нотўғри асослар устида турганидан берилган очиқ далолатдир.

Нақд пулини банкк қўйса¸ уни қайтиб ола олмаслигини билган ўзбекистонликларнинг бундай ишончсизлиги¸ мутахассисларга кўра¸ Ўзбекистон иқтисодининг нотўғри асослар устида турганидан берилган очиқ далолатдир.

Жиззах шаҳар газ филиалининг ўттиздан зиёд ишчилари тўрт ойдан буён иш ҳақларини ололмаяпти. Самарқанд вилояти Пайариқ тумани касалхонаси шифокорлари эса икки ойдан буён маошсиз қолмоқда. Кузатувчилар Ўзбекистонда иш ҳақларининг ойлаб кечиктирилиши сурункали тус олаётганини айтмоқдалар.

"Очликдан ўлиб қолмасин деб юз минг сўм ташлаб берди"

Жиззах шаҳар газ филиали ишчиларга тўрт ойдан буён иш ҳақи берилмаётгани ҳақида ана шу идоранинг ишчилари Озодликка ёзди:

“Биз Жиззах шаҳар газ филиалида ишлаймиз. Ўттиз нафардан ортиқ ишчи ва хизматчилар тўрт ойдан буён ойлик олгани йўқ. Бизнинг уч ярим миллиондан тўрт ярим миллион сўмгача ойликларимиз йиғилиб қолган. Бошлиқларга айтинг, ойлигимизни беришсин”, деб ёзди ишчилар.

Ишчиларнинг исм-шарифлари, уларнинг илтимосига кўра, сир сақланмоқда.

Озодлик телефон орқали ишчилардан бири билан боғланди. Овози ёзиб олинмаслик шарти билан гапирган ишчи тўрт ойдан буён маошсиз қолаётгани борасидаги уларнинг шикоятларини газ идораси раҳбарлари инобатга олмаётганини таъкидлади:

“Апрель ойидан маош йўқ. Ҳар замон ўлиб қолмасин деб, 100 минг сўм ташлаб беради. Бу оилали одамга нима бўлади? Эртага мактаб келяпти, болларни мактабга кийинтиришимиз керак. Қаердан пул топамиз? Хўжайинлар ўзлари ойликларини олишяпти, лекин биз 34 ишчининг бола-чақаси бор, тирикчилиги бор деб ҳеч ким ўйламайди”, деди газ идораси ишчиси.

Жиззах шаҳар газ филиали бошлиғи Шавкат Холматов Озодлик билан суҳбатда ишчиларнинг тўрт ойдан буён маошсиз қолаётганини инкор қилди:

- Бўлиши мумкин эмас. Ойма ой иш ҳақини бериб боряпмиз. Ойлигидан ҳеч қанақа проблемаси йўқ. Мана бугун ҳам аванс ташлаб бердим. Бу нотўғри информация,- деди Шавкат Холматов.

Бошлиқнинг бу гапларидан сўнг, яна шаҳар газ филиали ишчилари билан боғланиб, бошлиқнинг иддаоларига муносабат сўрадик. Ишчилар бошлиқнинг ёлғон гапирганини иддао қилди:

“Бошлиқ бекорларни айтибди. Биз сизга далил ҳам юборамиз. Бугун апрель ойининг авансини ташлаб берди, юз минг сўмдан холос”, деди ишчилар.

Дўхтирлар ҳам икки ойдан буён маошсиз қоляпти

Жиззахлик газчилар тўрт ойлик маошларини ололмаётгани ҳақидаги мақолани тайёрлаш чоғида Озодликка Самарқанд вилояти Пайариқ туманидаги касалхона шифокорларидан ҳам шикоят келди. Шикоятда ёзилишича, уларнинг ҳам икки ойлик маошлари берилмаган:

“Биз Самарқанд вилояти Пайариқ тиббиёт бирлашмасиданмиз. Сиз хақиқатан вазиятни ўзгартириш қўлларингиздан келадими, йўқми билмаймиз. Лекин таваккал қилиб боғланиб кўраяпмиз. Пайариқ туман тиббиёт бирлашмасида ҳозир май ойи учун маошлар берилган, холос. 2 ойдан буён бўш косага термулиииб ўтирибмиз. Шифохона ишчилари июнь ва июль маошларини ҳали ололгани йўқ. Лекин шуниси аниқки, бошқа туман тиббиёт бирлашмаларида бундай муаммо йўқ. Ахир яқинда мустақиллигимизнинг 24 йиллик тўйи. Бу раҳбарлар президент юритаётган сиёсатга қаршими ёки улар суньий муаммолар яратишни ва халқни қийнашни ўзларига мақсад қилиб олганми?!”, деб ёзади бир гуруҳ шифокорлар.

Пайариқ тумани касалхонаси бош врачи Шуҳрат Бойзоқов Озодлик билан суҳбатда шифокорлар шикоятида асос йўқлигини айтди:

- Йўқ, унақа бўлиши мумкин эмас. Ҳар ойда иш ҳақи бериб бориляпти. Сизга нотўғри информация беришибди, деб суҳбатни қисқа қилди бош шифокор Шуҳрат Бойзоқов.

Маош кечикиши Ўзбекистонда сурункали тус олмоқда

Ўзбекистонда давлат бюджети ҳисобидан молияланадиган ташкилот ва корхоналарда иш ҳақининг бир неча ойлаб кечикиши сурункали тус олмоқда.

Мустақил иқтисодчилар бу ҳолатни мамлакат иқтисодида жиддий қийинчиликлар, хусусан, нақд пул тақчиллиги юзага келгани билан изоҳламоқда.

Май ойида Озодликка сиздирилган, Ўзбекистон Марказий банки раиси ўринбосари Бош вазир Шавкат Мирзиёевга йўллаган ҳисоботида мамлакат иқтисодида вужудга келган нақд пул тақчиллиги боис банкларнинг ойлик ва бошқа ижтимоий тўловларни вақтида бериш учун нақд пул қолмагани тўғрисида огоҳлантирилган эди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG