Линклар

Бульдозер сиёсати ёҳуд санкцияга учраган уч ғоз қисмати


"Россия халқи ейишни истамайди", дейилади ёзувда

"Россия халқи ейишни истамайди", дейилади ёзувда

Татаристондаги озиқ-овқат дўконларидан бирида топилган 3 дона музлатилган ғоз гўшти бульдозер билан эзиб ташлангани тасвирланган видео пайдо бўлди. Назорат идораси вакиллари томонидан олинган “оператив” видеодан маълум бўлишича, ғозлар Россия санкцияси рўйхатидаги Венгриядан келтирилгани боис бульдозер тагига тушган. Айни пайтда Россельхознадзор озиқ-овқат эмбаргоси эълон қилинганидан буён 500 тоннадан зиёд гўшт ва ўсимлик маҳсулотлари йўқ қилинганини хабар қилди.

Татаристон ҳам Россияда авж олиб бораётган “рақиб давлатларга тегишли озиқ-овқатларни йўқ қилиш” кампаниясига фаол қўшилган кўринади.

Минтақанинг Апастово қишлоғида жойлашган “Ал-Су” дўконида Россиянинг Ветеринария ва фитосанитария бўйича федерал хизмати ходимлари томонидан “Венгрияда ишлаб чиқарилгани исботланган” ва “ўта хавфли саналган” уч дона музлатилган ғоз гўшти аниқланди.

Базўр сўзларини топиб гапираётган идора ходимаси “жиноий топилма” “2015 йилнинг 12 августида маҳаллий вақт билан соат 15:30да дўкондаги текширув пайтида аниқлангани”ни айтади:

- Ҳукуматнинг 07.08.2014 йилги 778-сонли РФ Президентининг буйруғини амалга ошириш қарорига биноан, ҳар бири 3 килою 600 грамм бўлган 3 дона ғоз танаси Татаристон Республикаси Апастово қишлоғи Ленин кўчасидаги “Ал-Су” магазинидан топилди. Бу дўкон хусусий тадбиркор Хисиятуллин П.И.га тегишли. Бу маҳсулотнинг мусодара қилинишига тегишли ҳужжатлари йўқлиги, тамғаланмагани ҳамда номи фақат инглиз тилида ёзилгани сабабдир. Бу маҳсулот ҳукумат қарори асосида мусодара қилинади ва қаттиқ жисмли чиқиндиларни йўқ қилиш полигонида йўқ қилинади, деди жиддий оҳангда товуқларнинг тақдири ҳал этилганини баён қилган назорат идораси вакиласи.

Кейин видеода “Венгриядан келтирилган жиноий маҳсулотни” россияликларга сотишга уринган дўкон эгаси Данис Хисиятуллин ва дўкон сотувчиси гавдаланади. Ниҳоят россельхозчилар яна бир бор ғоз гўштларини тасвирга туширади ва бир нечта машинада полигонга йўқ қилгани олиб кетади.

Кейинги кадрда қаттиқ жисмларни йўқ қилиш полигонида камера олдида уч дона товуқ гўштини йўқ қилиш учун чақирилган икки гувоҳ пайдо бўлади. Улардан исми шарифлари сўралади, йўқ қилишга маҳкум этилган ғоз таналари устида қоғозга ёзилган ҳукм яна бир бор ўқилади.

Кейин видеолавҳанинг энг даҳшатли ва Интернет оламида катта шов-шувни келтириб чиқарган кадрлари кетади: узоқдан пайдо бўлган баҳайбат бульдозер узоқ юриб келади-да, товуқ таналарини мажақлаб ташлайди. "Қатл этилган" ғозлар яна маҳаллий дўконда пайдо бўлиб қолмаслиги учун, трактор санкция остига тушган учта музлатилган ғоз устидан бир неча маротаба у ёқ- бу ёққа ўтиб тепкилайди.

Видео бульдозернинг майдаланган гўштни чиқинди устига суриб ташлаётгани билан якунланади.

Россия президенти Владимир Путин томонидан 6 августда жорий қилинган озиқ-овқат эмбаргоси натижасида мамлакатда жами 500 тоннадан зиёд маҳсулот йўқ қилингани хабар қилинди. Бу ишларга бош-қош бўлаётган Россиянинг Ветеринария ва фитосанитария бўйича федерал хизмати “маҳсулотлар қонунбузарлар ҳисобига йўқ қилинаётгани”ни маълум қилди.

Айни пайтда Россиянинг турли минтақаларида санкция остига тушган егуликнинг йўқ қилинаётганига қарши маҳаллий фуқаролар чиқишлари ҳам бўлиб тургани маълум.

2014 йили Ғaрб дaвлaтлaри киритгaн иқтисодий сaнкциялaргa жaвобaн Москвa Европа озиқ-овқaт мaҳсулотлaри импортигa тaқиқ қўйгaн эди.

Куни кеча Москва яна тўрт Европа мамлакати - Албания, Черногория, Ирландия ва Лихтенштейнда ишлаб чиқилган бундай товарларнинг Россияга олиб кирилишини ман этди.

Смоленск ахлатхонасида йўқ қилинган мева-чеваларни териб юрган маҳаллийлар

Смоленск ахлатхонасида йўқ қилинган мева-чеваларни териб юрган маҳаллийлар

Лекин Россия чегара хизматидаги коррупция туфайли ҳамда Россиянинг иттифоқчилари қўллаётган турли схемалар ёрдамида озиқ-овқат импорти Кремль истаганчалик қисқаргани йўқ.

Ўтгaн ҳaфтa президент Влaдимир Путин жорий тaқиққa хилоф равишда Россияга олиб кирилган ҳар қандай озиқ-овқат мaҳсулотини йўқ қилишга буюрган эди.

Аммо, санкциялар жорий қилинганидан бир кун ўтар-ўтмас Россия раҳбари буйруғи асосида тонналаб йўқ қилинган маҳсулотлардан қолганларини чиқиндиҳоналарда териб юрган Россия фуқаролари тасвирланган фотосуратлар пайдо бўла бошлади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG