Линклар

Америка Қўшма Штатлари Бокуда инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Лайло Юнус 8 йилга, унинг турмуш ўртоғи Ориф Юнус эса, 7 йилга озодликдан маҳрум қилинганидан чуқур хавотир билдирди.

Бу ҳақдаги АҚШ Департаменти расмий баёнотида айтилишича, эр-хотин ҳуқуқ ҳимоячиларига қўйилган айблов мутлақо уларнинг касбий фаолиятлари билан боғлиқдир.

Баёнотда ҳуқуқ фаолларининг соғлиқларидан хавотир билдирилиб, уларни зудлик билан озод қилишга чақирилган.

Лайло Юнус иқтисодий жиноятлар, жумладан, товламачилик, солиқ тўлашдан бош тортганликда ҳамда ноқонуний тадбиркорлик билан шуғулланганликда айбланган. Унинг турмуш ўртоғи Ориф Юнус ҳам товламачиликда айбланган.

59 ёшли Лейла Юнус ва унинг 60 ёшли турмуш ўртоғи Ориф Юнус Озарбайжон ҳукуматини танқид қилгани учун қамоққа ташланган фаоллар ва журналистлар орасидадир. Ҳуқуқ фаоллари президент Илҳом Алиевни ўзгача фикрловчилар овозини ўчиришга ҳаракат қилаётганликда айблаб келади.

Лейла Юнус Бокуда Тинчлик ва демократия институти ташкилоти асосчиси ва раҳбаридир. У ўз фаолияти учун халқаро мукофотларга сазовор бўлган. Юнус йиллардан бери арманистонлик ҳуқуқ фаоллари билан миллатлараро тотувлик масаласидаги лойиҳаларни амалга ошириб келган.

Ориф Юнус таниқли тарихчи бўлиб, Кавказ минтақасидаги можароларни тадқиқ қилиш билан шуғулланган. Унинг илмий изланишлари асосан Тоғли Қорабоғдаги можарони ўрганишга қаратилган.

XS
SM
MD
LG