Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 20:58

Кремлда саросималик ҳукм сурмоқда


Унча-мунчага пинагини бузмайдиган Сергей Лавровнинг жаҳли чиқса, билаверингки, аҳвол чатоқ.

Россия ташқи ишлар вазири омма олдида Владимир Путин маъмурияти номидан сурбетлик билан ёлғон гапирар экан, одатда ўзини жуда сипо тутади.

Аммо жорий ҳафтада Лавровнинг Саудия Арабистони ташқи ишлар вазири Одил ал-Жубайр билан бирга ўтказилган матбуот анжумани давомида зўр бериб сўкинаётгани камера ва микрофонга тушиб қолди.

Лавровнинг ғазаб отига минишига нима сабаб бўлгани ҳозирча номаълум. Аслини олганда, бунинг аҳамияти ҳам йўқ. Асосийси, содир бўлган ҳодиса бугунги Россиядаги аҳволни кўрсатади.

Сўнгги ҳафталарда содир бўлган бир неча ҳодиса Кремль элитасида ишлар нотекис кетаётганидан далолат беради.

Россия чегара ва соғлиқ хизмати расмийлари Европадан келтирилган пишлоқ ва бошқа озиқ-овқат маҳсулотларини ҳамда Нидерландиядан олиб келинган гулларни намойишкорона ёқиб юборишди.

Россия парламенти спикери Сергей Наришкин АҚШни Европадаги ҳамкорларини “зомбилаштириш”да ҳамда Москвага қарши йирик иғво режалаштиришда айблаб ёзган мақола ҳукуматга қарашли “Российская газета” кундалик газетасида чоп этилди.

Наришкин яна АҚШни 1945 йилда Хиросима ҳамда Нагасаки шаҳарларига атом бомбаси ташлагани учун халқаро трибуналга тортишга чақириб келади.

Энг қизиғи, Россия Шимолий қутбга даъвогарлик қилиб, БМТга расмий арз юборди.

Яна бирор ҳодиса эсимдан чиққан бўлиши мумкинми? Эҳтимол. Кейинги пайтда Россияда ғалати ва аҳмоқона ҳодисалар шунчалик кўп содир бўляптики, ҳаммасини қайд қилиб бориш осон эмас.

Сиёсий таҳлилчи Андрей Пионтковский “Апостроф” онлайн газетасида чоп этилган мақоласида: “Кремль тепасидагилар ваҳимада”, деб ёзди. “Бу Наришкин мақоласида, чегарада озиқ-овқат маҳсулотларининг ёқиб юборилишида ҳамда Лавровнинг саудиялик расмийлар билан бўлиб ўтган матбуот анжумани давомида ўзини тутишида яққол кўриниб турибди”.

Владимир Путинни режаси бор одам, оламнинг бошқарувчиси, йирик фитналар тузувчиси сифатида тасвирлаш кейинги йилларда расм бўлди.

Бир пайтлар бу ҳақиқатга яқин бўлган бўлиши мумкин, аммо Кремль фаолиятини кузатиб борувчилар орасида Путин машинасининг ғилдираклари чиқиб кетаётгани ҳақида хулоса қилаётганлар кўпаймоқда.

Москвалик шарҳловчи Игорь Яковенко яқинда Путин тизими “бошқарувдан чиқиб кетаётгани” ҳақида ёзди.

The New York Times газетасида чоп этилган мақоласида сиёсий таҳлилчи Иван Крастев Кремлнинг собиқ ходими Глеб Павловскийдан олган маълумотларига таяниб, Путин кундалик масалаларни ҳал қилишда борган сари камроқ иштирок этаётгани ҳақида ёзди. Крастев ҳозирги сиёсий қарорларга келиш жараёни “жаз гуруҳи мусиқасига ўхшайди; унинг тўхтамай импровизация қилаётгани навбатдаги бўҳронга бардош беришга уринишдир”, дея қўшимча қилди.

Элита бошига тушган бўҳрон марказида парадокс турибди – улар Путин билан яшай олмайдилар, аммо усиз ҳам яшай олмайдилар.

Россия элитаси орасида Путин тизими хизматини ўтаб бўлганини англаб етаётганлар кўпайиб бормоқда. Бу тизим озая бошловчи тушум нуқтасига етиб келди.

Путин учун Украинада яхши вариант қолмади. Россия иқтисоди эса уни деб ўтириб қолди. Президент шляпасидан чиқариши учун қуён қолмади.

Пионтковскийнинг ёзишича, агар ҳозирги аҳвол давом этадиган бўлса, элита миллиард-миллиард доллар йўқотади. Бу эса Путин тизимини қулатиши мумкин.

Афтидан, айнан шу муаммо Путинни фалажлантирмоқда.

Кейинги пайтда Кремль етакчиси ўзини ғалати тутмоқда. Мухолифатчи Борис Немцов ўлдириб кетилганидан кейин март ойида Путин номаълум сабабларга кўра омма назаридан ғойиб бўлди. Ўтган ёзда Минскда бўлиб ўтган матбуот анжуманида эса Путиннинг ғалати имо-ишораси кўпчилик эътиборига тушди.

Одамови Путин катта муаммо туғдиради, чунки у йўл кўрсатиб турмаса, тизим ишдан чиқа бошлайди.

“Путин муваффақиятли равишда ҳар қандай сиёсий альтернативани ақлга сиғмайдиган вариант қилиб қўйди. Бутун бошли мамлакат унинг муваффақиятли бўлишига тобедир”, деб ёзди Крастев.

“Бошқача қилиб айтганда, жаноб Путиннинг кенг миқёсда қўллаб-қавватланиши унинг кучли эмас, кучсиз жиҳати. Россия етакчилари буни билади”.

Крастевга кўра, бунинг натижасида Путин яқинидагилар Путин билан ва усиз қандай яшашлари ҳақида бош қотирмоқдалар.

“Кремль нафақат постсовет ўзгаришларни ўз бошидан кечирган одамларга, балки энг ёмон аҳвол мисолида фикрловчи, навбатдаги бўҳрон тез орада бошланишига ишонувчи, бўҳронларда гуллаб-яшнайдиган, фавқулодда вазиятларга ва қоидасиз сиёсатга ўрганиб қолган шахсларга тўла”, деб ёзди Крастев.

“Замонавий Россия сиёсатини англаб етиш учун жаноб Путиннинг инжиқликларидан кўра мана шундай мураккаб ва олдиндан айтиб бўлмайдиган шароит муҳимроқдир”.

Буларнинг барчаси келаётган ойлар хавфли дамлар бўлишидан далолат беради.

Браян Уитмор қаламига мансуб ушбу мақола Нодир Атаев томонидан ўзбекчага ўгирилди.

XS
SM
MD
LG