Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 15:45

АҚШ: Жўрабоев ИШИДга кўмаклашганини бўйнига олди


Нью-Йоркдаги суд залида чизилган бу суратда Абдурасул Жўрабоев ўнг томонда тасвирланган.
Нью-Йоркдаги суд залида чизилган бу суратда Абдурасул Жўрабоев ўнг томонда тасвирланган.

АҚШнинг Нью-Йорк шаҳрида яшаб келган асли ўзбекистонлик Абдурасул Жўрабоев “Исломий давлат” гуруҳига моддий ёрдам бериб келганликка оид айбловни тан олди.

Нью-Йорк Шарқий округи прокурори вазифасини бажарувчи Келли Каррининг билдиришича, 25 ёшли Абдурасул Жўрабоев “Исломий давлат” сафида жиҳодда иштирок этиш учун Сурияга кетишни режалаб юрган ва агар бу сафари амалга ошмай қолса, АҚШ ҳудудида террор хуружларини амалга оширишга тайёр бўлган.

Прокуратура вакилларига кўра, эндиликда Жўрабоев 15 йилгача озодликдан маҳрум қилиниши мумкин.

Маълумотларга кўра, Абдурасул Жўрабоев Интернетда, агар “Исломий давлат”дан тегишли амр олса, АҚШ президенти Барак Обамага суиқасд қилишга ёки Кони-Айлейд оролидаги дам олиш ҳудудида портлаш содир этишга тайёр экани ҳақида хабар қолдирган.

Жўрабоев шу йил февраль ойида Бруклиндаги уйида ҳибсга олинганди.

Февраль ойида Жўрабоев билан бирга террорчилик фаолиятига алоқадорликда гумонланмиш уч киши - ўзбекистонлик Дилҳаёт Қосимов, Аброр Ҳабибов ва қозоғистонлик Аҳрор Саидахметов, кейинроқ эса яна бир ўзбекистонлик - Акмал Зокиров қўлга олинганди.

Аммо уларнинг ҳеч бири ўзига қўйилаётган айбловни тан олмаганлар.

Нью-Йорк прокуратураси маълумотларига кўра, февраль ойида Жон Кеннеди халқаро аэропортида 19 ёшли қозоғистонлик Аҳрор Сайдахметов қўлга олинган ва бу айбловнинг асосий далилларидан бири бўлиб қолмоқда. Тахминларга кўра, Туркияга йўл олмиш самолётга ўтирган Сайдахметов Сурияга ўтиб кетиш тараддудида бўлган.
Жўрабоев эса Туркияга март ойида учмоқчи, у ердан эса Сурияга ўтиб, жиҳодчилар сафига қўшилмоқчи бўлган.

Ҳибсдан бир неча кун ўтиб, АҚШ суди Абдурасул Жўрабоев, Аброр Ҳабибов ва Аҳрор Саидахметовларга айблов эълон қилган.

АҚШдаги расмий статистика маълумотларига кўра, Қўшма Штатларда 60 мингдан ортиқ ўзбекистонлик бўлиб, уларнинг қарийб ярми Нью Йоркда яшайди. Нью Йоркнинг биргина Бруклин мавзесида 13 мингдан кўпроқ ўзбекистонлик бор. Уларни аксари грин-карта орқали АҚШга кириб келганлар.

Нью Йорк ва Флоридада ушланган тўрт ўзбекистонлик бевосита "Исломий давлат" билан алоқадорликда гумонланиб ушланган дастлабки ўзбеклар бўлса-да¸ улар радикал исломий гуруҳларни қўллашда айбланаëтган биринчи ўзбекистонликлар эмас.

2012 йил 13 июль куни АҚШнинг Бирмингем округидаги Федерал суд ҳакамлари президент Барак Обамани ўлдирмоқчи бўлганини тан олган 22 яшар ўзбекистонлик Улуғбек Қодировни 15 йилга озодликдан маҳрум қилди.

2012 йилнинг 21 январь куни Чикагонинг О’Ҳара халқаро аэропортида 35 ёшли Ўзбекистон фуқароси Жамшид Мухторов ҳибсга олинди.

АҚШдан сиёсий бошпана олган¸ Ўзбекистонда расман рўйхатга олинган "Эзгулик" инсон ҳуқуқлари жамиятининг Жиззах бўлимини бошқарган Мухторов Исломий жиҳод иттифоқига аъзоликда айбланиб, ҳибсда сақланмоқда.

2012 йилнинг мартида Филадельфия шаҳрида яна бир ўзбекистонлик - Бахтиëр Жумаев террорчиликка алоқадорликда гумонланиб ҳибсга олинди.

АҚШ Федерал тергов бюроси ходимлари Жумаевга қарши илгари сурилган айбловларга унинг Жамшид Мухторов билан яқин дўстлиги, хусусан унга 300 доллар пул юборганини террор ташкилотига моддий ëрдам кўрсатганлик далили сифатида асос қилиб келтирган.

АҚШ маҳкамаси бир-бирига алоқадор бўлган бу ишлар бўйича ҳозирча ўз ҳукмини чиқаргани йўқ.

XS
SM
MD
LG