Линклар

logo-print

Россиялик аскарларнинг хорижий мамлакатлардаги жиноятлари


Рус аскари В. Пермяков Арманистонда бир оиланинг етти аъзосини, шу жумладан, 2 яшар қизалоқ ва 6 ойлик чақалоқни ўлдирганликда айбланмоқда.

Рус аскари В. Пермяков Арманистонда бир оиланинг етти аъзосини, шу жумладан, 2 яшар қизалоқ ва 6 ойлик чақалоқни ўлдирганликда айбланмоқда.

Молдованинг айирмачи Приднестровье ўлкасидан тортиб Ўрта Осиёда жойлашган тоғли Тожикистонгача бўлган ҳудуддаги собиқ совет ўлкаларида россиялик минглаб аскар ўрнашган.

12 август куни Гюмрида жорий йил январь ойида бир арман оиласининг барча аъзосини ўлдирганликда айбланаётган россиялик оддий аскар суди бошланди. Қуйида россиялик аскарлар хорижий мамлакатларда жанг майдонидан йироқда қўл урган энг мудҳиш жиноятлар билан танишишингиз мумкин.

Москва “яқин хориж” деб аташни хуш кўрадиган мамлакатларда бирор жиноятга қўл уришда айбланган рус аскарлари иши, одатда, мезбон мамлакат маҳкамаларига топширилмай, Россия гарнизонларидаги ҳарбий судларда кўриб чиқилади.

2009 йил сентябрь, Тожикистон

Россиялик аскарлар Вячеслав Чернов ва Дмитрий Кучма асосий ишига қўшимча равишда такси ҳайдаш билан шуғулланган тожикистонлик милиция капитани Амур Муродовни ўлдиришда гумонланиб қўлга олинди. Тожикистонлик айбловчига кўра, Муродов рус аскарларини Душанбедан Қўрғонтепага олиб кетаётган бўлган.

Фарғона.ру янгиликлар агентлиги аскарлар айбига иқрор бўлгани, қотиллик келишмовчилик ортидан содир бўлгани ҳақида хабар берди. Агентликка кўра, Россиянинг 201-ҳарбий базасидаги аскарлар кўпинча маошини ўз вақтида олмайди. Шу сабаб аскарлар қарзга такси хизматидан фойдаланади. Бу эса аскарлар ва такси ҳайдовчилари ўртасида тарангликка сабаб бўлади.

2012 йил январь, Молдова

2012 йилнинг илк кунида айирмачи Приднестровье ва Молдова ўртасидаги чегара ҳудудини назорат қилиб турган рус аскари 18 ёшли молдоваликни отиб ўлдирди. Хабарларга кўра, соат 6:30 да молдовалик йигит чегарадаги тинчлик ўрнатувчи аскарларга эътибор бермасдан машинасини чегара назорат бўлимидан ҳайдаб ўтган. Шу сабаб рус аскари уни ўққа тутган. Яраланган молдовалик шифохонага олиб борилган ва кўп ўтмай вафот этган.

Россия бу ҳодиса бўйича жиноий иш қўзғади, лекин кейинроқ аскар тўғри йўл тутганини айтиб, бу ишни ёпди. Шундай бўлса-да, Кишинёв Россияни тинчликни сақловчи аскарларини олиб кетишга чақирди. Ўша пайтда бош вазир лавозимида ишлаган Влад Филат: “Ўлдириш учун ҳеч қандай асос бўлмаган, жиноятчи жазоланиши керак”, деган эди.

2014 йил апрель, Қрим

Россия Қримни Украинадан аннексия қилиб олганидан кейин бир ой ўтгач, рус аскари Евгений Зайцев яриморолни ташлаб, Украинанинг асосий ҳудудига отланган украин аскари Станислав Карачевскийни отиб ўлдиришда айбланди. 2015 йилнинг апрель ойида гарнизон суди Зайцевни айбдор деб топиб, икки йил қамоқ жазосига ҳукм қилгани ҳақида хабар берилди.

2014 йил август, Тожикистон

Тожикистондаги Россия ҳарбий базасининг гарнизон суди тожикистонлик такси ҳайдовчисини ўлдиришда гумонланаётган яна бошқа икки рус аскари ишини кўриб чиқмоқда. 2014 йилнинг август ойида Раҳимжон Тешабоевнинг жасади бўғизланган ҳолда кўл бўйида топилганидан кейин Фёдор Басимов ва Элдор Саҳобов қўлга олинди.

Озодлик радиоси тожик хизмати хабарига кўра, Басимовнинг Тешабоевдан 50 минг рубль қарзи бўлган. Ҳарбий базадаги аскарларни манзилига элтиб қўйиб тирикчилик қилган ҳайдовчининг уч фарзанди отасиз қолди. 2012 йилнинг октябрь ойида Россия ва Тожикистон рус ҳарбий базасини 2042 йилгача қолдириш ҳақидаги битимни имзолаган.

2015 йил январь, Арманистон

12 август куни Россия гарнизон суди иш жойини қурол олиб ташлаб кетганлик, қурол ва ўқ-дори ўғирлаганлик ҳамда ноқонуний равишда қурол олиб юрганликда айбланаётган 19 ёшли рус аскари Валерий Пермяков ишини кўра бошлади. Бу суддан кейин Пермяков Арманистонда маҳкамага тортилади. Аскар 12 январь куни Россиянинг 102-ҳарбий базаси жойлашган Гюмри шаҳрида бир оиланинг етти аъзосини ўлдиргани учун суд қилинади. Ҳалок бўлганлар орасида икки яшар қизалоқ ҳамда 6 ойлик болакай бор. Бу жиноят Гюмри ва Ереванда йирик намойишларга сабаб бўлди.

2015 йил июнь, Арманистон

Гюмридаги ҳарбий база яқинида танасида пичоқ излари ҳамда зўрланганлик белгилари бор россиялик аскарнинг жасади топилганидан кейин айримлар бу қотиллик рус аскари томонидан бир оиланинг ўлдирилишига ваҳшиёна жавоб бўлиши мумкинлигини айтишди. 102-ҳарбий база матбуот котиби эса бу жиноятда асосий гумонланувчи шахс базадаги бошқа бир россиялик ҳарбий эканлигини билдирди. Бу ҳодиса ҳатто кремлпараст матбуотни Арманистондаги база билан боғлиқ ваҳший қотилликлар масаласини кўриб чиқишга чорлашга ундади.

Озодликнинг инглиз хизмати томонидан тайёрланган ушбу мақола Нодир Атаев томонидан ўзбекчага ўгирилди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG