Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 10:18

Қирғизистон: Иссиқкўлдаги жанжалда бир киши нобуд бўлди


Иссиқкўлдаги "Керемет-Суу" пансионати.
Иссиқкўлдаги "Керемет-Суу" пансионати.

Жорий ҳафта Қирғизистоннинг Иссиқкўл вилоятида “Керемет-Суу” пансионати ходимлари ва маҳаллий ёшлар ўртасида юз берган можаро туфайли Мирзажалил Тажиев исмли бир йигит нобуд бўлган. Шундан сўнг йигитнинг яқинлари пансионат эгасининг уйи ва машиналарини ёқиб юборган.

Қирғизистон Ички ишлар вазири Мелис Турғанбаев Иссиқкўлдаги “Керемет-Суу” пансионатида содир бўлган воқеа юзасидан жиноят иши қўзғатилганини билдирди.Жума куни Қирғизистон ҳукумати мажлисида чиқиш қилган Турғанбаевга кўра, 13 август куни Иссиқкўлда содир бўлган нохуш воқеага 29 ёшли марҳум Мирзажалил Тажиев билан пансионат эгаси Ишенбек Аширов ўртасида чиққан жанжал сабаб бўлган.

Бишкеклик дўстлари билан дам олиш учун келган Тажиевдан Аширов пансионатга пул тўлаб қўйишни сўраган, бироқ мижозлар пул беришни истамаган. Ўзаро даҳанакидан кейин ўртада муштлаш чиққан. Айтилишича, пансионат эгасининг йигитлари Тажиевни тош билан урган. Тан жароҳати билан касалхонага етказилган Мирзажалил кўп ўтмай жон таслим қилган.

Маълумотларга кўра, 13 август куни мазкур воқеадан сўнг Чўнгўрукту ҳамда Кичиўрукту қишлоғида яшовчи 350-400 га яқин киши йиғилиб, пансионатдаги қамиш уйлар, ёғоч коттежлар, ошхона ва пансионат раҳбарининг 2 қаватли уйи ҳамда уч машинага ўт қўйган.

Чўнгўрукту қишлоқ ҳукумати раҳбари Қанибек Тўқтўсўпиевга кўра, ғазабланган оломонни вақтида тўхтатиб қолиш имкони бўлмаган.

- “Керемет-Суу” пансионати ҳудудида нима бўлса, ҳаммасини ёқиб юборишган. Ҳозир халқ тинчиди. Ўзлари келиб: “Тинчликни сақлайлик, болани тинчгина ерга берайлик”, дейишди, - дер экан Қанибек Тўқтўсўпиев оломон пансионат эгасини ҳам аёвсиз калтаклаганини, у одамлар орасидан зўрға олиб чиқилганини қўшимча қилди.

Иссиқкўл вилоят Ички ишлар бошқармаси раҳбари Эмил Салиевнинг айтишича, мазкур воқеа юзасидан Жиноят кодексининг 97-моддаси бўйича жиноят иши қўзғатилиб, беш киши қамоққа олинган.

- Қотиллик моддаси бўйича жиноят иши қўзғатилиб, беш киши қўлга олинган. Ҳозир тергов ишлари олиб борилаяпти. Воқеа жойида вазият барқарор,- дейди Эмил Салиев.

Айни пайтда Чўнгўрукту қишлоғида содир бўлган воқеани Қирғизистон ҳукуматининг Иссиқкўл вилоятидаги мухтор вакили Эмилбек Каптагаев икки одам ўртасида чиққан оддий жанжал сифатида баҳолади. Бироқ, унга кўра, бу каби воқеалар туристик ҳудуд обрў-эътиборини тушириши мумкин:

- Одамлар: “Муштлашув бўлди, одам ўлди” деса, туристлар албатта қўрқади. Негаки уларнинг ҳам фарзанди, дўстлари бор. Агар фарзанди бу ерда дам олаётган бўлса, ота-онаси телефон қилиб, “У ерда муштлашув бўлаяпти экан, одам ўлибди, хавфли қайтинглар” деса, уларнинг барчасига салбий таъсир кўрсатади, - дейди Эмилбек Каптагаев.

Сўнгги маълумотларга кўра, Қирғизистон бош вазири Темир Сариев Ички ишлар вазирлигига Чўнгўруктудаги воқеани батафсил ўрганиш, маҳаллий ҳокимиятга эса дам олиш жойларида хавфсизлик чораларини кучайтириб, халқ орасида тушунтириш ишларини олиб боришни топширган.

Иссиқкўлдаги пансионатда содир бўлган воқеа юзасидан қўзғатилган жиноят ишини Қирғизистон Ички ишлар вазири Мелис Турғанбаев шахсий назоратига олгани айтилмоқда.

XS
SM
MD
LG