Линклар

logo-print

Тожикистоннинг Хатлон вилоятида 500 чоғли аёл одам иммун тақчиллиги вирусини юқтириб олган. Хасталикни меҳнат муҳожирлигида бўлиб қайтган эрларидан юқтиргани айтилаётган бу аёллар оилаларини сақлаб қолиш учун бу ҳақда бировга шикоят қилишни хаёлларига ҳам келтирмаяптилар.

Хатлон вилоят ОИТС маркази маълумотларига кўра, 500 га яқин аёлнинг қарийб ҳаммаси хасталикни меҳнат муҳожирлигида бўлиб қайтган турмуш ўртоқларидан юқтириб олган. Бу эркакларнинг айримлари ОИТСга чалинганини билиб туриб касалликни хотинларига юқтирган бўлсалар-да, аёлларнинг биронтаси ҳам “уйдаги гапни кўчага олиб чиқмаслик” учун ҳеч жойга шикоят қилмаганлар.

ОИТСга чалинган аёлларнинг кўпчилиги касаллик юқтириб олганларини ҳомиладор бўлиб қолиб, қон анализи топшириш учун тиббий марказларга борган пайтларида билганлар.

Бохтар туманида яшовчи 34 ёшли Мавжуданинг тўрт нафар фарзанди бор. У эри 2009 йилдан Москвада ишлаганини, аммо ОИТСга чалинганидан кейин 2014 йили Россиядан бадарға қилинганини айтади.

Мавжуданинг эри Тожикистонга қайтганидан кейин касалликка чалинганини хотинидан яширган ва вирусни унга ҳам юқтирган.

Мавжуда ОИТСга чалинганини шу йил февраль ойида туғишига озгина вақт қолганида билиб қолган. Шифокорлар унга ОИТСга чалинганини айтганлар, кейин эса унинг эрини суҳбатга чақирганлар. Шифокорлар билан суҳбат чоғида Мавжуданинг эри хасталикка Россияда чалинганини, бироқ “оилани сақлаб қолиш учун” буни сир сақлаганини айтган.

Депортация бўлиб келганидан кейин Россия эшиклари ёпилган бу одам эндиликда Душанбе бозорида ҳаммоллик қилмоқда. Ҳозирда ОИТСга чалинган бу эр-хотин ва яқинда туғилган фарзандларини шифокорлар назоратга олганлар.

Уй бекаси бўлган Мавжуда турмуш ўртоғининг яқинлари хасталикни эридан юқтирганини билишларига қарамай, ундан ва болаларидан ҳазар қила бошлаганини, шу туфайли сўнгги пайтларда кўп вақтини ота-онасининг уйида ўтказаётганини изтироб билан қўшимча қилади.

Хатлон вилоят ОИТС маркази раҳбари Акром Давлатов Тожикистон қонунчилигига кўра бу хасталикни била туриб бошқа одамга юқтирган шахс жавобгарликка тортилиши кераклигини айтади.

- Одам иммун танқислиги синдромига чалинган киши билан суҳбат ўтказилади. Унга мазкур касалликни била туриб бошқага юқтирган киши 5 йилга озодликдан маҳрум этилиши уқтирилиб, ундан тилхат олинади. Аммо шу пайтгача бу борада бировдан шикоят тушганини билмайман, - дейди Акром Давлатов.

ОИТСга чалинган аёллар асосан ўз дардларини жамоатчилик ташкилотларига айтадилар ва ҳуқуқий ёрдам сўрайдилар, бироқ уларнинг ҳеч қайсиси бу ишни судгача олиб бормаган.

Расмий маълумотларга кўра, Хатлон вилоятида ОИТСга чалинмиш 1576 киши рўйхатга олинган. Уларнинг аксариятини касалликни хотинлари ва болаларига ҳам юқтирган муҳожир эркаклардир. Улар орасида касалликни шприц орқали юқтириб олган гиёҳвандлар ҳам бор.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG