Линклар

Покистоннинг Панжоб вилоятида 16 август куни амалга оширилган худкуш ҳужумда вилоят ички ишлар вазири Шуя Хонзода ҳалок бўлди. Воқеа вазирнинг Аттокдаги уйида содир бўлгани айтилмоқда.

Хабарларга кўра, якшанба кунги ҳужумда Хонзодадан ташқари яна камида 11 киши нобуд бўлган.

Гувоҳларнинг айтишича, худкуш шахс бинога кириб, портлаш содир этганида у ерда 30 дан зиёд одам бўлган.

Ҳужум учун масъулиятни Толибонга алоқадор “Лашкари Ислом” экстремистик гуруҳи ўз зиммасига олди ва келажакда ҳам шу каби портлашларни амалга ошириш билан таҳдид қилди.

Айни пайтда маҳаллий расмийлар “Лашкари Ислом” гуруҳи авваллари бундай катта амалиётлар ўтказмаганини, кечаги ҳужумни ҳам Толибон ҳаракати ёки тақиқланган “Лашкари жангвий” гуруҳи ёрдамида амалга оширган бўлиши мумкинлигини тахмин қилмоқдалар.

Покистон расмийлари Шуя Хонзодага “Лашкари жангвий” жанггари гуруҳи таҳдид қилиб келганини айтмоқдалар.

Июль ойи охирида полициянинг аксилтеррор бўлинмалари Панжобда “Лашкари жангвий” гуруҳи раҳбари Малик Исҳоқни йўқ қилганди. Бу амалиёт тафсилотларини матбуот анжуманида Шуя Хонзода очиқлаганди.

Покистон расмийлари якшанба кунги худкуш ҳужумни қасос амалиёти бўлганини эҳтимолдан соқит қилмаяптилар.

XS
SM
MD
LG