Линклар

Урганч ҳалокати ортидан Ўзбекистондаги йирик кўприклар текширилмоқда


Урганчдан ўтадиган Шовот канали

Урганчдан ўтадиган Шовот канали

Урганчдаги “Ёшлар кўли” дам олиш масканида концерт пайтида юз берган ҳалокат ортидан Ўзбекистонда мавжуд барча йирик кўприклар қайта текширувдан ўтказилмоқда. 8 август оқшомида таниқли хонанда Наврўз Собиров концертига йиғилган юзлаб томошабин турган кўприк панжарасининг қулаши оқибатида ўндан зиёд одам сувга чўкиб ўлган ва ўнлаб одам жароҳат олган эди.

Урганчда рўй берган ҳалокат сабабларини Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов буйруғи билан тузилган махсус ҳукумат комиссияси ўрганмоқда.

Ўзбекистон ҳукуматига яқин Озодлик манбасининг айтишича, бош вазир Шавкат Мирзиёев бошчилигидаги мазкур комиссия мутасадди вазирликлар ва вилоятлар ҳокимиятларига барча йирик кўприкларни “изчил текширув”дан ўтказиш топшириғини берган.

Унга кўра, шу сабабдан Ўзбекистон олий ўқув юртларига кириш имтиҳонлари натижалари ҳам кечиктирилмоқда.

“Кабмин шу билан овора. Тест натижалари ҳам шунга кечикаяпти,” деди Ўзбекистон ҳукуматига яқин манба.

“Одамлар бир-бирининг устига қулади”

Урганч марказидаги дам олиш масканида юз берган воқеадан тўққиз кун ўтганига қарамасдан, ҳукумат комиссияси текшируви натижалари жамоатчиликка ошкор этилгани йўқ.

Ўзбекистонда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги қурбонлар борлигини тасдиқлаган, аммо ҳозирга қадар аниқ рақамларни келтиргани йўқ.

Бу ҳолат Урганчда қурбонлар сонига оид турли миш-мишларнинг урчишига сабаб бўлмоқда.

Воқеа гувоҳларига кўра, концерт пайтида боғдаги сунъий оролчага уланган кўприк ён панжараларининг бир қисми синиб кетган ва кўприкда туриб концерт томоша қилаётган юзлаб одам, асосан, ёшлар, болалар ва аёллар шом қоронғусида сувга қулаган.

“Ёшлар кўли” хизматчиларидан бири “бундай даҳшатли нарсани ҳаётимда кўрмагандим,” дейди.

Кўприк панажараси бирдан синиб, 180-200тача одам сувга йиқилди. Одамлар бир-бирининг устига қулади. Бақир-чақир бошланиб кетди. Йигирматача одам чўкаётганларни қутқариш учун ўзларини сувга отишди. Бундай даҳшатли нарсани ҳаётимда кўрганим йўқ. Қутқарувчилар ва тез ёрдам машинаси 10-15 минут ўтиб, етиб келди,” дейди “Ёшлар кўли” масканида ишловчилардан бири.

Қурбонлар оилаларига ёрдам

Озодлик суҳбатлашган урганчликлар сўзларига кўра, маҳаллий ҳокимият ҳодисада яқинларини йўқотган оилаларнинг баъзиларига моддий ёрдам кўрсатган.

Ўлганлар оилаларининг ҳаммасига эмас, баъзиларига давлат ёрдам берди. Ўзига тўқ бўлган оилаларга ёрдам кўрсатилмади. Лекин, камбағалроқ оилаларга 5 миллион сўмдан пул ажратишди”, деди урганчликлардан бири.

Фарзанди фожиада ҳалок бўлган урганчлик онанинг Озодликка айтишича, бош вазир Шавкат Мирзиёев шахсан уйига келиб, таъзия билдириб кетган.

Айни пайтда жабрланганлар яқинлари, фалокат айбдорларини жазолашни талаб қилиб, Урганч шаҳар прокуратурасига мурожаат қилган.

Урганч шаҳрида барча кўнгилочар тадбирлар бекор қилинган.

Қурбонлар яқинлари ва жабр кўрганлар 15 август куни Урганч истироҳат боғига бориб, қўй сўйишиб, марҳумлар хотирасига Қуръон тиловат қилишган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG