Линклар

Текширув ортидан "Ўзбекнефтгаз" раиси ишдан олинди


"Ўзбекнефтгаз"нинг янги раиси Алишер Султонов

"Ўзбекнефтгаз"нинг янги раиси Алишер Султонов

“Ўзбекнефтгаз” миллий холдинг ширкати раиси Шокир Файзуллаев ишдан олинди. Нефт соҳасида етакчи лавозимда ишлайдиган Озодлик манбасининг таъкидлашича¸ 50 яшар Шокир Файзуллаев Бухоро нефтни қайта ишлаш заводидаги тафтиш ва UzGazOilдаги рейдлар ортидан ишдан олинган. Шокир Файзуллаев ўрнига унинг собиқ муовини, 48 яшар Алишер Султонов тайинланган.

Озодликнинг Тошкентдаги бир-биридан мустақил икки манбасига кўра, 2013 йилдан бери “Ўзбекнефтгаз” бўлиб ишлаб келган Шокир Файзуллаев 14 август, жума куни кечқурун тўсатдан ишдан олинган.

Манбаларимизга кўра, давлат ширкати раҳбари кейинги пайтларда рўй берган жараёнлар натижасида вазифасидан четлаштирилган.

- Бу одам Бухорода қайта ишланган нефт маҳсулотларини кирим қилмасдан, UzGazOil заправкалари орқали, чапга сотиш схемаси бошида турган эди. Бу схема ўтган ой UzGazOilга қарашли АЁҚШларда прокуратура ва солиқ инспекцияси ўтказган кенг кўламли тафтишларда ошкор бўлди. МХХ зобитлари иштирокидаги бу рейдлардан кейин Файзуллаев кетади, деган гап чиқди. Мустақиллик байрамидан кейин сентябр ойида олинади, дейишганди. Масала жиддийлашиб, иш тезлашди¸- дейди манба.

Унга кўра¸ Файзуллаев Бухоро нефтни қайта ишлаш заводида нефтни ўғринча сотиб¸ қайддан ўтмаган нақд пул ишлашнинг “жиноий занжир ташкилотчиси” сифатида кўрилмоқда.

Манба таъкидича¸ яқин орада Шокир Файзуллаев устидан жиноий иш очилиш эҳтимоли катта.

- Ҳозир тинчгина ишдан олинди. Мендаги маълумотларга кўра¸ Шокир Файзуллаевга нисбатан энди жиноий иш очилади. Бундан олдинги раис ҳам 2013 йилда ишдан олинганидан кейин жиноий иш очилган эди. Олдинги раис Шавкат Мажидов ҳам айни схема бўйича ишдан олинганди. Ҳозирги раис Бухородан келадиган “левый” ëқилғини сотишда айбланаяпти. Ундан олдинги раисни ишдан олиниши Фарғона нефтни қайта ишлаш заводидаги тафтишлар билан боғлиқ бўлган¸- дейди манба.

Озодликка бундан бирмунча олдин келган мактубда “Ўзбекнефтгаз” миллий холдинг ширкати раҳбарлари назоратидаги жиноий тармоқ “ишлаган пуллар” Болтиқбўйидаги оффшор банкларда “ювилиб”¸ мулозимларнинг хориждаги банк ҳисобларига ўрнашаëтгани иддао қилинган эди.

Озодлик манбаси таъкидига кўра¸ ҳозирда Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи ва UzGazOilдаги бир неча мулозим камомадда айбланмоқда.

“Ўзбекнефтгаз” миллий холдинг тизимидаги коррупция ва ўғирлик ҳолатлари янгилик эмас.

Ўтган ой “Ўзбекнефтгаз” таркибидаги UzGazOil устидан ўтказилган текширувларда 2 миллиард сўмлик камомад аниқланган эди.

2013 йилда Фарғона Нефтни қайта ишлаш заводи 30 га яқин мулозими нефт маҳсулотларини кирим қилмасдан четга сотганликда айбланиб, ҳибсга олинган эди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG