Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 20:22

Қирғиз-қозоқ чегарасидан мол олиб ўтиш ҳали ҳам муаммолигича қолмоқда


Қирғизистонлик тадбиркорлар мамлакат Евросиё иқтисодий иттифоқига киришидан аввал йиғиб қўйган Хитой молларини сотиш йўлларини излаяптилар. Тадбиркорлар Қирғизистон 12 август куни иттифоққа тўла қўшилган бўлса-да, ўз молларини Қозоғистонга олиб ўтолмаётганликларидан шикоят қилмоқдалар.

“Қирғизистон Евросиё иқтисодий иттифоқига қўшилгач, нарх кўтарилади” дея Хитой молларини йиғиб олган айрим тадбиркорлар эндиликда нима қилишларини билмай бошлари қотган. Уларнинг бири Асқат Усенов Бишкекдаги “Дўрдўй” бозорида кийим-кечак сотади. Асқатнинг айтишича, ҳозир тадбиркорлар Қозоғистон ва Россияга мол чиқаролмай ҳалак.

- “Иттифоққа кирсак, савдо-сотиқ жонланади”, деган умид бор эди. Бироқ аксинча бўлаяпти. Савдо умуман тўхтади. Аввал олиб келган молларимизни ўтказа олмаяпмиз. Россия ва Қозоғистондан харидорлар келмаяпти. Улар учун чегарадан мол олиб ўтиш қийинлашди, - дейди тадбиркор.

Қирғизистонлик тадбиркорлар Қозоғистон чегарачилари молларни чегарадан ўтказишда текширувни янада кучайтирганидан норози. Бунинг оқибатида икки давлат чегарасида йўловчилар ва автомобиллар тиқилинчи пайдо бўлмоқда.

Қирғизистон Иқтисодиёт вазирлиги, агар Қозоғистон Евросиё иқтисодий иттифоқи шартномасида кўрсатилган молларни чегарадан бож тўловисиз, эркин ўтишини таъминламаса, норозилик нотаси юборилишини билдирди.

- Евросиё иқтисодий иттифоқига қўшилгунча Қирғизистонга келган моллар Қозоғистон, Россияга ҳеч қанақа қўшимча тўловларсиз чиқарилади. Бундан кейин Хитой ёки Евросиё иқтисодий иттифоқидан ташқари мамлакатлардан кирган молларга иттифоқнинг ягона божхона солиғи олинади. Божхона солиқлари молларнинг турига қараб белгиланган. Жами бўлиб 13 мингга яқин тижорат моли турлари бор, - дейди Иқтисодиёт вазирлиги солиқ сиёсати бўлими раҳбари Талайбек Бекташев.

Аввал Қирғизистонга Хитой, Туркия каби мамлакатлардан олиб келинган молларнинг килограммига 35-50 цент атрофида солиқ олинган бўлса, Қирғизистон Евросиё иқтисодий иттифоқига қўшилгач, божхона тўлови 2 долларга етди. Мутахассисларга кўра, шу сабабли Хитой моллари нархи ҳам бундан буён икки-уч баробар қимматлаши мумкин.

Ёш тадбиркорлар бирлашмаси раҳбари Руслан Акматбек фикрича, Қирғизистон Евросиё иқтисодий иттифоқига қўшилгач, реэкспорт озайиши мумкин, бироқ тўхтамайди.

- Қўшни Қозоғистон Евросиё иқтисодий иттифоқига қўшилганидан кейин бож тўловларини йўқ қилади дейиш тўғри бўлмайди. Негаки уларнинг солиқ, божхона тизими бошқача. Бу схемалар уларга фойда олиб келаётгандан кейин маълум бир вақтгача сақланиб қолаверади. Ҳеч ким келаётган фойдадан воз кечгиси келмайди-да. Шу сабабли савдогарларимиз молларини ўтказолмай қийналмоқда. Хитой моллари қимматлаши ҳам турган гап. Лекин бож тўлови қимматласа ҳам Евросиё иқтисодий иттифоқи мамлакатларига Хитой моллари биз орқали ўтади, -дейди Руслан Акматбек.

Эслатиб ўтамиз, Қирғизистон шу йилнинг 12 августидан бошлаб Евросиё иқтисодий иттифоқига тўла аъзо бўлди. Шу кундан бошлаб қозоқ-қирғиз чегарасида божхона тўсиқлари олиниб, савдо молларини олиб ўтиш эркин юритилиши айтилган.

2014 йил май ойида Россия, Беларус ва Қозоғистон Евросиё Иқтисодий Иттифоқини таъсис этиш ҳақидаги ҳужжатни имзолаган эди. Кейинчалик Арманистон иттифоққа қўшилди. Қирғизистон билан иттифоққа аъзо давлатлар сони бештага етди.

XS
SM
MD
LG