Линклар

Украина ҳарбий қўмондонлиги тан олинмаган ДНР ва ЛНР “Минск шартномаларини бекор қилиш” ва “Россиядан ёрдам сўраш” мақсадида фаол ҳарбий ҳаракатларни бошлаб юборганини иддао қилмоқда. Айни пайтда, Украина шарқидаги вазият 17 августга ўтар кечаси янада оғирлашгани айтилмоқда.

Россия Украина билан чегара ҳудудларда 50 мингга яқин ҳарбий аскарларини жамлади.

Бу ҳақда сешанба куни хабар қилган Украина Бош штаби расмий вакили Владислав Селезневга кўра, “шу тариқа Россия Киевга босим ўтказишга уринмоқда”.

17 августга ўтар кечаси Украина шарқидаги вазият янада мураккаблашгани ва фаол жанговар ҳаракатлар бошлангани хабар қилинди.

Украин ҳарбий разведкасининг хабар қилишича, Донецк вилоятининг Сартана қўрғонини айирмачилар томонидан ўққа тутилиши натижасида уч нафар маҳаллий фуқаро ҳалок бўлган.

Ҳукумат қўшинлари қўмондонлиги вакилларига кўра, айирмачилар томонидан тузилган Донецк ва Луганск “халқ республикалари” жанговар ҳаракатларни “Минск шартномаларини бекор қилиш мақсадида” бошлаган.

Сешанба куни бўлиб ўтган брифингда сўзга чиққан Донбассдаги махсус амалиётлар штаби вакили Анатолий Стельмах айирмачилар Киевни янги жангговар ҳаракатлар домига тортмоқчи экани ва бунинг ортидан Россиядан “ёрдам сўраш”ни мўлжаллаётганини иддао қилди.

- Ундан ташқари, босқинчилар реактив артиллерия ишлатаётганини яширишга ҳам уринмаётир ва сурбетларча Донбасснинг фуқаровий биноларига ўқ ёғдирмоқда, дея таъкидлади Стельмах.

Киев расмийларига кўра, 17 август куни ЛНР ва ДНРчилар 86 маротаба жанговар ҳаракатларни тўхтатиш режимини бузгани қайдга олинган.

Донецк айирмачилари эса украин ҳарбийларини ўтган кечаси Донецк, Докучаевск ва Қизил Партизан қўрғонларини ўққа тутганликда айблади.

Шунингдек, кузатувчилар Азов денгизи дарвозаси вазифасини бажариб келаётган Мариуполь шаҳри атрофида жанглар авж олганини қайдга олди.

Ҳодиса жойида бўлган халқаро назоратчилар интенсив артиллерия ва ракета отишувлари 10 август куни бошланганини хабар қилмоқда.

Мариуполь шаҳри айирмачилар томонидан эгалланган Украина шарқидаги ҳудудларни Россия томонидан аннексия қилинган Қрим яриморолини боғлаб турувчи йўлда жойлашган.

Сўнгги бир ҳафта давомида Украина ва россияпараст айирмачилар ҳарбий ҳаракатларни тўхтатиш борасида имзоланган Минск шартномаларини бузганликда бир-бирларини айблаб келмоқда.

XS
SM
MD
LG