Линклар

logo-print

Ўш: Мирзақматов ишига оид ҳукм ўзгаришсиз қолдирилди


Ўшниг собиқ мэри Мелис Мирзақматов тарафдорлари ўтказган митингдан лавҳа, Ўш, 2015 йил 17 августи.

Ўшниг собиқ мэри Мелис Мирзақматов тарафдорлари ўтказган митингдан лавҳа, Ўш, 2015 йил 17 августи.

Ўш вилоят суди собиқ мэр Мелис Мирзақматов иши бўйича шаҳар суди чиқарган ҳукмни ўзгаришсиз қолдирди. Етти йиллик қамоқ жазосини кўзда тутган бу ҳукм Мирзақматовни октябрь ойига мўлжалланган парламент сайловида қатнашиш имкониятидан маҳрум қилиши мумкин.

17 август куни Ўш вилоят суди собиқ мэр Мелис Мирзақматов адвокатларининг шаҳар суди ҳукми юзасидан киритган шикоят аризасини кўриб чиқди. Иш кўриб чиқилаётган пайтда вилоят суди биноси олдида Мирзақматовнинг мингдан зиёд тарафдори митинг ўтказди. Суд мажлиси чоғида тартибни 500 чоғли милиция ходими сақлаб турди.
Мирзақматов адвокатларининг апелляция тартибидаги шикоят аризаси ўтган ҳафта кўриб чиқилиши лозим эди, бироқ собиқ мэр тарафдорларининг норозилиги туфайли 17 августга кўчирилганди.

10 август куни бўлиб ўтган митингда Мирзақматов тарафдорлари суд коллегиясига ишончсизлик билдирган ҳамда шаҳар ва вилоят судлари хатти-ҳаракатига баҳо бериш учун Конституциявий палатага илтимоснома йўллаган.

Шунга қарамай, душанба куни Ўш вилоят суди Мирзақматов ишиyb кўриб чиқиб, шаҳар судининг шу йил 22 июлида чиқарилган ҳукмини ўз кучида қолдирди. Шаҳар суди Мирзақматовни “мансаб суиистеъмоли”да айбдор деб топиб, мол-мулкини мусодара қилиш йўли билан 7 йилга озодликдан маҳрум қилиш ҳақида ҳукм чиқарганди.

Мирзақматов тарафдорлари норозилик намойиши ўлароқ суд залини ҳукм ўқилмасидан олдин тарк этдилар. Собиқ мэрнинг адвокати Чинара Жақипбекова мижозининг иши юзасидан қарор шошилиб қабул қилингани, вилоят суди коллегияси аъзолари, процессуал меъёрларга зид равишда, ҳар қандай саволга жавоб бериш учун маҳкама залидан ташқарига чиқиб келаверганини қайд этди. Унинг фикрича, бу судьяларнинг “юқори буйруғи билан” ишлаётганидан далолат бериши мумкин.

Эслатиб ўтамиз, 2014 йил ноябрида Мирзақматовга Ўшдаги эстакада кўприги қурилишидаги коррупцион жиноятлар юзасидан Қирғизистон Жиноят кодексининг 304-моддаси (“Мансаб суиистеъмоли”) бўйича сиртдан айблов билдирилган, чунки бу пайтга келиб собиқ мэр хорижга чиқиб кетган эди.

Ҳозир, турли маълумотларга кўра, Шинжонда ёки Россияда яшириниб юрган Мирзақматов кузда бўлиб ўтадиган парламент сайловида қатнашиш истагини билдирган. Унинг фамилияси “Ата-Мекен” партиясидан бўлган депутатликка номзодлар рўйхатида учинчи ўринда турибди.

Таҳлилчи Рита Қарасартова суд ҳукми Мирзақматовни сиёсий саҳнадан олиб ташлаши мумкинлигини айтаркан, айни пайтда бу уни миллий қаҳрамонга айлантириш мумкинлигини ҳам эҳтимолдан соқит қилмайди.

- Бу ҳукмдан кейин уни рўйхатдан олиб ташлашса керак, негаки, 4 октябргача [юқори инстанцияга] шикоят қилиб, ҳукмни бекор қилишга вақт етмаса керак, агар унгача президент маъмурияти билан келишиб, оқланиб қолмаса, - дейди Рита Қарасартова.

Ўтган ой Ўш шаҳар суди билан 7 йилга озодликдан маҳрум қилинган Мелис Мирзақматов 2010 йилги миллатлараро низо пайтида Ўш шаҳри мэри лавозимида ишлаган.

XS
SM
MD
LG