Линклар

Ўзбекистон президентининг тўнғич қизи Гулнора Каримовага қарашли экани айтиладиган City Makon кўнгилочар маркази очиқ кимошди савдосига қўйилади. Бу ҳақда “Биржа” газетаси қайдига таянган ҳолда Ўзбекистондаги қатор интернет-нашрлар хабар тарқатди.

Маълумотларга кўра, 92 минг квадрат метр майдонда жойлашган кўнгилочар маркази 14 миллиард 750 миллион сўмга (расмий курс бўйича қарийб 5,7 миллион АҚШ доллари, “қора бозор” курси бўйича эса тақрибан 3,2 миллион АҚШ доллари) баҳоланган.

2012 йил сентябрида асъасаю дабдаба билан очилган City Makon марказида болалар учун таълим маркази, савдо дўконлари, спорт майдончалари, емакхоналар ва 3D кинотеатрлар жойлашганди.

2013 йил октябрида Ўзбекистонда Гулнора Каримованинг бизнес империясига ҳужум бошланганидан кўп ўтмай Алишер Навоий номидаги Миллий боғ яқинидаги бу марказ ҳам фаолиятини тўхтатганди.

City Makon кўнгилочар маркази кимошдисига таклифномани тадбиркорларга Тошкент шаҳар Чилонзор туман суд ижрочилари бўлими юборган.

Кимошдида иштирок этиш учун муҳтамал сармоядор кўнгилочар марказ бошланғич нархининг 10 фоизини, яъни 1 миллиард 475 миллион сўм тўлаши лозим бўлади.

Айни пайтда Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси журналистларга мазкур объект уларнинг рўйхатида йўқлигини айтиб, бўлажак кимошди тўғрисида бирор-бир изоҳ беришдан бош тортган.

2013 йил кузида City Makon кўнгилочар марказидан ташқари Гулнора Каримовага қарашли теле ва радиоканаллар, қатор дўконлар, кинотеатрлар ва тунги клублар ёпилган. Ўша пайтда бу объектлар “таъмир учун” ёпилгани билдирилганди.

2014 йил апрелида Гулнора Каримовага алоқадор бўлган бу объектлар давлат фойдасига ўтказилгани тўғрисидаги хабар тарқалган ва бу маълумотни Озодликнинг Ўзбекистон ҳуқуқ тартибот идоралари ҳамда Давлат мулк қўмитасидаги манбалари тасдиқлаганди.

Ўтган йил июлида Ўзбекистон Бош прокуратураси Гулнора Каримованинг бизнесдаги коррупцион схемаларига алоқадор кўрилаётган икки ҳамкори - Рустам Мадумаров ва Гаяне Авакянлар узоқ муддатга озодликдан маҳрум қилинганини очиқлаган. Прокуратура мазкур ишга дахлдор яна 13 киши судланганини маълум қилган. Гулнора Каримованинг ўзи эса ўшандан буён уй қамоғида экани иддао қилинади.

Гулнора Каримова ва ҳамкорлари (Ўзбекистон Бош прокуратураси таъбирича, уюшган жиноий гуруҳ) билан боғлиқ коррупцион жиноятлар юзасидан АҚШ ҳамда Швеция, Швейцария, Франция, Ҳолландия ва Норвегия каби Европа мамлакатларида ҳам жиноий ишлар очилган.

Дейлик, ўтган ҳафта АҚШ расмийлари Ўзбекистон президентининг қизи Гулнора Каримова учта йирик телеком ширкатидан пора олгани иддаоларига оид коррупция тергови доирасида 1 миллиард АҚШ долларига тенг маблағини музлатишни сўраб, Европанинг беш мамлакатига мурожаат қилгани тўғрисида хабар қилинган.

Қўшма Штатлар тергов идоралари Гулнорага қарашли экани тахмин этилаётган Женевадаги виллани ҳам муҳрлашга уринаётгани айтилмоқда. The Wall Street Journal газетасининг тергов идораларидаги ишончли манбалар ҳамда суд ҳужжатларига таяниб, хабар қилишича, АҚШ терговчилари Ўзбекистон президенти Ислом Каримовнинг тўнғич қизига пора бергани гумон этилаётган TeliaSonera, Vimpelcom ва МТС ширкатларига алоқадор банк ҳисоб рақамларини ҳам ҳибсга олишни илтимос қилган.

АҚШ ва Европа мамлакатлари тергов идоралари Гулнора Каримова йиллар давомида телеком ширкатларидан камида 1 миллиард АҚШ доллари миқдорида пора олганини гумон қилмоқда.

Телеком ширкатларидан пора олишда воситачилик қилгани гумон этилаётган Takilant фирмаси Гулнора Каримованинг хос ёрдамчиси, ҳозирда қамоқ жазосини ўтаётган Гаянэ Авакян номига расмийлаштирилган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG