Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 13:14

Россия ва Эрон ҳарбий ҳамкорликни кучайтирмоқчи


Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров (ў) ва Эрон ташқи ишлар вазири Муҳаммад Жавод (ч), Москва, 2015 йил 17 августи.
Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров (ў) ва Эрон ташқи ишлар вазири Муҳаммад Жавод (ч), Москва, 2015 йил 17 августи.

Дунёнинг қудратли мамлакатлари ҳамда Эрон ўртасида эришилган келишувга биноан Теҳронга қарши жорий қилинган халқаро санкциялар бекор қилинганидан кейин Россия ва Эрон ҳарбий ва иқтисодий ҳамкорлик кўламини оширмоқчи.

Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров ва Эрон ташқи ишлар вазири Муҳаммад Жавод Зариф 17 август куни Москвада учрашиб, иккала тараф ҳам Эрон ядровий дастури бўйича эришилган битим “яқин ҳафталарга ишга тушиши”га умид қилишларини билдиришди.

Расмий учрашув кетидан бўлиб ўтган матбуот анжуманида Лавров: “Эрон ядровий дастури бўйича вазиятни ҳал қилиш учун қилинган қарорларни инобатга олиб ва икки президент эришган битимлар руҳида Россия-Эрон алоқаларини янги, янада юксакроқ даражага олиб чиқиш учун бугун барча шароит бор”, деди.

Эрон Президенти Ҳасан Руҳоний ва Россия Президенти Владимир Путин июль ойида Уфа шаҳрида бўлиб ўтган БРИКС мамлакатлари саммитида учрашган эди. Учрашув чоғида икки президент Эронга қурол-аслаҳа сотишга қўйилган эмбарго ва бошқа санкциялар бекор қилинса, ўзаро ҳамкорликни оширишга келишди.

Россия матбуоти тарқатган хабарларда ёзилишича, Лавров ва Зариф Россиянинг Эронни С-300 ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари билан таъминлашини ҳам муҳокама қилган.

Кремль апрель ойида Россия президенти 2010 йили Эронга С-300 ракета тизимларини сотишга қўйилган тақиқни бекор қилувчи фармонни имзолагани ҳақида хабар тарқатган эди. АҚШ ва Исроил Эрон бу тизимлардан ўзининг ядровий иншоотларига қарши келажакда амалга оширилиши мумкин бўлган ҳужумларга қарши фойдаланиши мумкинлигини айтиб, Москвани Теҳронни бундай тизимлар билан таъминламасликка чақириб келади.

17 август куни Зариф Эрон Россия билан алоқаларга “улкан аҳамият бериши”ни ҳамда “Вена келишуви икки тараф ўртасидаги муносабатларни ровожлантиришга катта ёрдам бериши”ни айтди.

“Вена келишуви икки мамлакат ўртасидаги алоқаларни ривожлантиришга улкан ҳисса қўшади”, деди Зариф.

Эронга қарши санкциялар бекор қилинганидан кейин мамлакат билан келишувлар имзолаш бўйича юзага келиши кутилаётган халқаро рақобатда Россия етакчилик қилишга ошиқаётгани айтилмоқда. Москвани Эроннинг ядровий энергия сектори жуда қизиқтиради.

17 август куни Лавров Москва ва Эрон ўртасида саккизта ядровий мосламани қуриш Эроннинг энергия секторини кучайтиришини айтди. Ўтган йилнинг ноябрь ойида россиялик ва эронлик расмийлар Россия қуриб берган Бушеҳр иншоотида Росатом ширкати томонидан тўрт янги реактор, бошқа бир иншоотда яна тўрт янги реактор қуриш шартлари келишилгани ҳақида хабар тарқатишган эди.

Икки мамлакат ташқи ишлар вазирлари Суриядаги фуқаролар урушига биргаликда дипломатик ечим таклиф қилишни ҳам муҳокама қилган.

Лавров ҳам, Зариф ҳам Сурия президенти Башар ал-Ассадни қўллашини билдирди.

“Сурияликлар ўз тақдирларини, ўз келажакларини ўзлари ҳал қилишлари керак, хорижий мамлакатлар эса бунга эришишни енгиллатиши керак, холос”, деди Зариф.

Унинг айтишича, Сурия бўҳронини фақат сиёсий йўл билан ҳал қилиш мумкин. Зариф яна: “Бу масала бўйича Россия Федерацияси билан қарашларимиз бир хил ва шундай давом этади”, дея қўшимча қилди.

АҚШ, Европа Иттифоқи, Форс кўрфази мамлакатлари ҳамда Суриянинг мўътадил мухолифатчилари Ассадни ҳукумат бошида қолдирадиган ҳар қандай тинчлик режасига қарши чиқиб келади.

14 июль куни Венада Эрон ва дуёнинг қудратли мамлакатлари ўртасида эришилган битимда Теҳроннинг ўз ядровий дастурини қисқартириши эвазига халқаро санкцияларни бекор қилиш кўзда тутилган. АҚШ ва бошқа бир қатор мамлакатлар Эроннинг ядровий дастури бомба яратишга қаратилганини айтиб келади.

Битим АҚШ Конгрессида қаршиликка дуч келаётгани сабабли ҳали кучга киргани йўқ. Президент Барак Обама Конгресс аъзолари битимга қарши чиқадиган бўлса, ижроия ҳокимияти етакчиси сифатида унга берилган ҳуқуқлардан фойдаланишини таъкидлаб келади.

Мамлакатдаги барча масалалар бўйича сўнгги қарорни чиқарувчи Эрон Олий раҳбари оятуллоҳ Али Хоманаий битимни қўллаш-қўлламаслигини омма олдида билдиргани йўқ. Шундай бўлса-да, айрим хабарларга кўра, оятуллоҳ ядровий дастур бўйича келишувга эришиш мақсадида олиб борилаётган музокараларни қўллайди.

Озодликнинг инглиз хизмати тайёрланган ушбу мақолани Нодир Атаев ўзбекчага ўгирди.

XS
SM
MD
LG