Линклар

logo-print

Тулада Ўзбекистондан олиб чиқилган қимматбаҳо буюмлар мусодара қилинди


Ўзбекистон фуқаросидан Тула божхонасида мусодара қилинган ноёб буюмлар орасида мана шу хоч ҳам бўлган.

Ўзбекистон фуқаросидан Тула божхонасида мусодара қилинган ноёб буюмлар орасида мана шу хоч ҳам бўлган.

Тулага Тошкентдан келган поезддан топилган ноёб ва тарихий-маданий аҳамиятга эга буюмлар Россия фойдасига мусодара қилинди. Православлар хочи, қадимий диний китоблар ҳамда тангаларни Россияга олиб киргани учун ўзбекистонлик жавобгарликка тортилгани хабар қилинди. Айни пайтда, Тула божхоначилари бундай ҳолатлар “тез-тез учраб туриши” ҳақида гапирмоқда.

Тула шаҳар Привокзальний туман суди қарори билан тошкентлик фуқаро декларация қилинмаган моддий, маданий ва тарихий аҳамиятга эга буюмларни Россияга олиб киришга урингани учун жавобгарликка тортилди.

Мусодара қилинган осори-атиқалар Ўзбекистондан юборилган поезд контейнерида божхона хизмати ходимлари томонидан аниқланди, дейди Озодлик билан суҳбатда Тула божхонаси давлат инспектори Светлана Бегунова.

Ўзбекистондан олиб чиқилган хоч

Ўзбекистондан олиб чиқилган хоч

- Бу товарларни олиб киришга уринган одам “Ҳамюртларни кўчириш дастури” бўйича Ўзбекистондан Тулага доимий яшаш жойига келаётган бўлган. Унинг нарсалари ортилган контейнери бўлган. У оиласининг бутун кўчини ортиб келган. Уй буюмлари орасида декларацияда кўрсатилиши шарт бўлган товарлар ҳам бўлганини билмаган. Мен бу тарихий буюмлар қандай йўл билан Ўзбекистондан чиқиб кетганини билмадиму, уларни Россияга олиб киришда қонун бузилгани сабабли улар тўлиқ мусодара қилинди. Улар маданий қимматга эга буюмлар экани аниқланди, дейди Светлана Бегунова.

Божхона вакиласи Озодликка тақдим этган маълумотлардан тошкентлик сайёҳ багажидан қадимги “Исо Масиҳнинг чормихга тортилиши”хочи, олти дона ноёб черков китоби ва 19 дона тарихий ва маданий қимматга эга тангалар топилгани маълум бўлди.

Светлана Бегунова мусодара қилинган тангалар 1924-1967 йилларда чиқарилгани ва турли қимматга эга экани, улар орасида бир дона 1942 йилда гитлерчилар Германиясида босиб чиқарилган 10 пфенниг ҳам борлигини қўшимча қилди. Бу товарлар махсус санъатшунослик ва товаршунослик экспертизаларидан ўтказилгани ва улар тарихий-маданий қимматга эга экани тасдиқланди.

Кутубхонага қайтарилмаган ноёб асар

Кутубхонага қайтарилмаган ноёб асар

Қизиғи, топилган диний китоблар орасидаги "Иоанн Златоуст асарлари"нинг 7 жилдида "12060" қайд рақами ва "ЎРТА ОСИЁ ТЕМИР ЙЎЛЛАРИ" кутубхонаси муҳри турганини кўриш мумкин.

Идора расмийси сўзларига кўра, Россия Федерациясининг “Маданий жиҳатдан қимматбаҳо буюмларнинг олиб чиқилиши ва олиб кирилиши”тўғрисидаги Қонунга мувофиқ маҳаллий суд мусодара қилинган диний мазмунга эга нашриёт маҳсулотларини диний муассасага, тангаларни эса музейга доимий сақлашга топширди.

- Тула шаҳрининг Привокзальний туман суди қарори билан у жавобгарликка тортилди, декларация қилинмаган мулки давлат муассасалари ҳисобига мусодара қилинди, аммо унинг ўзи ҳеч қандай жаримага ёки бошқа жазога тортилгани йўқ. Бундай ҳолатлар бизда тез-тез учраб туради. У шунчаки “Бу буюмлар менинг оиламга тегишли”, деб декларацияда белгилаб бериши керак эди, холос: ҳеч қандай муаммо ҳам бўлмасди. Бундай ҳодисаларга эътибор қаратаётганимиз сабаби шунда – айниқса Россияга кўчиб келаётган фуқаролар декларация қилиниш керак бўлган буюмлари борлигини кўрсатишни унутмасликлари зарур, деди инспектор Светлана Бегунова.

Россия томонидан мусодара қилинган Таврот

Россия томонидан мусодара қилинган Таврот

Ҳозирда суд қарори билан хоч ва диний китоблар Тула диний семинариясига, тангалар эса Тула тарихий ўлкашунослик музейига топширилгани маълум бўлди.

Россия божхонасида Озодликка бундай ҳолатлар олдин ҳам кузатилгани айтилди. Хусусан, 2014 йилнинг 22 майида Тула божхоначилари томонидан Ўзбекистондан олиб чиқилган яна бир асар - Тавротнинг ўта ноёб нусхаси мусодара қилинган.

Кейинроқ, Тула божхоначилари Ўзбекистон фуқаросидан яна уч дона қимматбаҳо иконани олиб қўйган ва Россия давлати ҳисобига ўтказгани маълум бўлди.

2011 йилда Туланинг Новомосковский божхона постида яна иккита иконани олиб киришга ўринган ўзбекистонлик аёл жавобгарликка тортилган эди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG