Линклар

90-йилларнинг иккинчи ярмида ҳар икки ойда бир марта Тошкентга боришимга тўғри келган. Дастлаб Ўш-Тошкент автобусида қатнаб юрдим.

Кейин, Каримов ўшликлар Ўзбекистоннинг нонини еб қўяяпти деганидан сўнг - “Ҳар бир ўшлик Анжандан икки буханкадан нон олиб чиқиб кетганида ҳам, биласизми қанча бўлади?!” - Ўш-Тошкент тўхтади ва йўлим бироз оғирлашди: амаллаб Андижонга етиб олиб, у ёғига таксида кетадиган бўлдим.

Бир гал пўрим бўлгим кепкетдими, ҳар қалай бўйнимга галстук бойлаволдим. Андижон автовокзали ёнидаги такси “пятак”ка бориб, Тошкентга бораримни айтишим биланоқ таксист олд ўриндиққа жойлашиб олган бир қарияни қўярда-қўймай орқа ўриндиққа кўчирди.

Қариянинг ўрнига мени таклиф қилди. “Тинчроқ кетамиз”, деди анжанлик учар шўпир галстугимга ишора қилиб.

Шўпир бола нимани назарда тутганини Қамчиққа етиб-етмаёқ тушундим: йўллардаги мелисалар машинамизни деярли тўхтатмади.

“Галстугингизга раҳмат”, деганди шўпир бола Шимолий вокзал олдида хайрлашаркан.

Қарийб 20 йил олдинги бу гапни, Қарши-Ғузор трассасида икки фақирнинг йўлмелисага куч ишлатганини ўқиб, эсладим.

Ўқирканман, хайрон бўлмадим. Йўлмелисага раҳмим келмади. Ахир у - ўша – бундан 20 йил олдин галстугимдан қўрққан мелиса эмасми?

Ахир, ҳеч нарса ўзгаргани йўқ-ку ўшандан бери? Ҳудуд ўша, жамият ўша, президент ўша, сиёсат ўша, тартиблар ўша-ўша...

Жамият Амалдорлар ва Фақирларга, Кучлилар ва Заифларга, Бойлар ва Мискинларга бўлинган.

Мелиса шу жамиятнинг моделидир. У бир вақтнинг ўзида:

ҳам Амалдор, ҳам Фақир;

ҳам Кучли, ҳам Заиф;

ҳам Бадавлат, ҳам Мискиндир.

Ҳамма гап - навбатдаги “клиенти”нинг ким эканлигини ментнинг ўз вақтида илғаб қолишида.

Илғаб қолса – Амалдорга Фақирона, Кучлига Заифона, Бадавлатга Мискиндай муомала қилади.

Акси ҳам бўлади.

Акси кўпроқ, тез-тезроқ бўлади. Чунки Амалдордан Фақир, Кучлидан Заиф, Бадавлатдан Мискин кўп.

Мент адашса, яъни Кучлини Заиф, деб ўйласаю шунга яраша муомала қилса, “авария бўлади” – калтак ейди Қарши-Ғузор трассасида егандай.

Тўғри, гап йўқ, мелиса бедахл бўлиши керак. Лекин Ўзбекистонда бўлолмайди. Чунки ментга қўл кўтаришга “дух”и етган йигитнинг ортида, албатта, Амалдор акаси, Кучли тоғаси, Бадавлат амакиси бор.

Қонунчи, дерсиз?

Кулгимни қистатманг. Қонун Фақирга, Заифга, Мискинга ишлайди.

Амалдор, Кучли ва Бадавлат олдида Қонун фақирдир, заифдир, мискиндир.

Гапни 90-йилларнинг иккинчи ярмидан бошлагандим.

Энди 90-йил ёзидаги гап.

Ўшанда вице-президент Шукрулло Мирсаидов Совминнинг мажлислар залида Тошкент жамоатчилиги билан учрашган, бир баҳонаи сабаб билан учрашувда мен ҳам қатнашгандим.

Мажлисда қатнашган демократлар ўша кунги масала юзасидан митинг ўтказмоқчилигини айтиши билан Мирсаидов “Урайим”, деб ҳайқирди.

“Урайим”нинг “Ура”си айтилиб, “йим”ига етиб-етмаёқ узуун залнинг пойгагида, эшик олдида ўтирган генерал (Тошкент мелисасининг ўша пайтдаги бошлиғи) дик этиб, ўрнидан ғоз турди: Мен шу ерда.

Мирсаидов: Агар мана булар эртага митингга чиқса, савалайсан. Бўлмаса ўзингнинг бошинг кетади. Уқдингми?!

Урайим генерал: Есть!

Ўшанда хаёлимга келган гап ҳануз эсимда: агар Мирсаидов “Ол!”деса, ҳозир демократларни кўпчиликнинг олдида сочидан судраб олиб чиқиб кетармикан?

Тўғри, ўша куни Мирсаидов “Ол!” демади.

Лекин кейин дедилар-ку, ҳануз деб келаяптилар-ку!

“Ол!”

“Ол!”

“Ол!”

Хўш, “Ол!” деса олаверадиган, демасаям олаверадиган ментга нега раҳмим келиши керак?

Ахир у ўз тақдирини ўзи танламадими?

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG