Линклар

OzodTa’sir: Самарқандлик шифокорлар икки ойлик маошини олди


Ўзбекистонда нақд пул тақчиллиги ойлик иш ҳақларининг кечиктирилишига сабаб бўлаётгани айтилади.

Ўзбекистонда нақд пул тақчиллиги ойлик иш ҳақларининг кечиктирилишига сабаб бўлаётгани айтилади.

Самарқанд вилояти Пайариқ тумани марказий касалхонаси шифокорларига кечиктирилган икки ойлик маошлари берилди. Шифокорлар бу ҳақда ўтган ҳафтада Озодликка шикоят қилган эди.

Самарқанд вилояти Пайариқ тумани касалхонаси шифокорлари 14 август куни Озодликка мурожаат қилиб, икки ойдан буён маошсиз қолаётганидан шикоят қилган эдилар:

“Биз Самарқанд вилояти Пайариқ тиббиёт бирлашмасиданмиз. Сиз хақиқатан вазиятни ўзгартириш қўлларингиздан келадими, йўқми билмаймиз. Лекин таваккал қилиб боғланиб кўраяпмиз. Пайариқ туман тиббиёт бирлашмасида ҳозир май ойи учун маошлар берилган, холос. 2 ойдан буён бўш косага термулиииб ўтирибмиз. Шифохона ишчилари июнь ва июль маошларини ҳали ололгани йўқ. Лекин шуниси аниқки, бошқа туман тиббиёт бирлашмаларида бундай муаммо йўқ. Ахир яқинда мустақиллигимизнинг 24 йиллик тўйи. Бу раҳбарлар президент юритаётган сиёсатга қаршими ёки улар суньий муаммолар яратишни ва халқни қийнашни ўзларига мақсад қилиб олганми?!”, деб ёзган эди бир гуруҳ шифокорлар.

Бу воқеа Озодликда ёритилганидан сўнг орадан беш кун ўтиб, касалхона шифокорлари яна таҳририят билан боғланиб, муаммолар ҳал бўлганини ва маошлар тўлиқ берилгани ҳақида хабар берди:

“Ҳурматли Озодлик, гап йук. Бугун 18 август куни, соат 3:00да маошларимиз, яьни июнь ва июль ойлигимиз пластикимизга тўлиқ тушди. Гап йук, бор йўғи 5 кун ичида мақсадга эришилди. Озодликка ишондим, сўзи билан иши бир ташкилот экан. Энди фарзандларимизни бемалол мактабга кийинтирадиган, қарзларимизни берадиган ва мустақиллик байрамини ҳам нишонлайдиган бўлдик. Биз, шифокорлар, сизларга соғлик саломатлик ва ҳеч қачон бизга ишингиз тушмаслигини тилаймиз. Бошқа гап айта олмасак керак”, деб ёзади шифокорлар.

13 август куни Наманган вилояти Поп тумани Пунгон шаҳарчаси аҳолисининг газ баллонлари кечикиб берилаётгани ҳақидаги шикояти Озодликда ёритилганидан сўнг зудлик билан баллонларни тарқатиш йўлга қўйилган эди. Пунгонликларга кўра, уларнинг Озодликдаги чиқишининг эртасигаёқ газ баллонлари олиб келиниб, арзон нархда берилган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG