Линклар

Ўзбек кўмири камайди¸ прокуратура жиноят изларини қидирмоқда


Озодлик манбаларига кўра¸ Фарғона истелмолчиларига кул миқдори 70-80 фоизгача етадиган яроқсиз кўмир давлат белгилаган нархдан бир неча баравар қимматга сотилмоқда.

Озодлик манбаларига кўра¸ Фарғона истелмолчиларига кул миқдори 70-80 фоизгача етадиган яроқсиз кўмир давлат белгилаган нархдан бир неча баравар қимматга сотилмоқда.

“Ўзбеккўмир” кўмир қазиб олиш ва сотиш акциядорлик жамияти эълон қилган сўнгги баëнотга кўра¸ мамлакатда кўмир қазиб олиш 2015 йилнинг биринчи ярмида ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 11¸4 фоизга камайган. Газ Хитойга сотилиб¸ мамлакат аҳолиси ва саноати асосан кўмирга қараб қолаëтган вазиятда очиқланган бу баëнот билан айни пайтда норасмий манбалар¸ “Ўзбеккўмир”да кенг кўламли фирибгарлик ва ўғирликлар тафтиш этилаëтганини таъкидламоқда. “Ўзбеккўмир” матбуот котиби Озодлик билан суҳбатда бу иддаони рад этди.

Ўзбекистонда кўмир қазиш ва сотишга ваколатли ягона тизимга айлантирилган “Ўзбеккўмир” акциядорлик жамияти эълон қилган сўнгги баëнотга кўра¸ 2015 йилнинг биринчи ярим йилида жами1,789 миллион тонна кўмир қазиб олинган ва бу кўрсаткич ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 11¸ 4 фоизга камдир.

Жорий йилнинг январь-июнь ойларида жамият истеъмолчиларга 1,829 миллион тонна кўмир сотган ва бу ҳам ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 14¸5 фоизга камдир.

Айни пайтда¸ йил бошида расмий матбуотда 2015 йилда “Ўзбеккўмир”нинг 543 миллион 600 минг долларлик инвестиция лойиҳаларини амалга ошириши ва мамлакат кўмир саноатининг 3-4 бараварга ошиши хабар қилинган эди.

Расмий изоҳ

Озодлик билан суҳбатда “Ўзбеккўмир” матбуот хизмати раҳбари Светлана Ким¸ кўмир қазиб олиш ҳажмининг камайишини шундай изоҳлади:

- Ҳозир асосий куч конларни очишга ташланган. Лекин биз режани бажараяпмиз. Инвестиция дастурлари асосан ишлаб чиқаришни модернизация қилишга¸ ишлаб чиқариш эса¸ янги конларни очишга йўналтирилган¸ деди “Ўзбеккўмир” расмийси.

2014 йилдан бошлаб Хитойга сотилаëтган газ ҳажмини 56 фоизга оширган Ўзбекистон ҳукумати энергетик сектор баробарида ишлаб чиқариш ва аҳолини ҳам табиий газдан узиб¸ кўмирга қайтариш режасини ишлаб чиқди.

Бу режани амалга ошириш мақсадида ўнлаб қарор¸ қолаверса¸ хориж сармоясига асосланган катта сармоя дастурлари ишлаб чиқарилди.

Ўзбекистонда қазилаëтган кўмирнинг 80-85 фоизи Ангрен конлари ҳиссасига тўғри келиши боис¸ кейинги йилларда бу конларни модернизация қилишга миллиардлаб маблағ сарфланди.

Норасмий изоҳ

Ангренлик ҳуқуқ фаоли Дмитрий Тихонов йиллардан бери Ўзбекистондаги энг йирик Ангрен очиқ кўмир конларидаги жараëнларни яқиндан кузатиб келади.

Ҳукумат кетма-кет чиқараëтган қарорлар ва ëтқизилгани айтилаëтган сармояларга қарамай¸ “Ўзбеккўмир” маҳсулоти камайганини Тихонов ангренлик мутахассислар берган маълумотлар асосида шундай изоҳлайди:

- Ҳукумат бутун энергетик блокни кўмирга ўтказишга қарор қилганидан бери¸ асосий диққат Ангрен конига қаратилди. Кейинги 20 йил давомида Ангренда мавжуд конларни қазиш билан шуғулланишган бўлса¸ сўнгги йилларда янгиларини очишга аҳамият қаратилди. Аммо конларни очиш жараëнида технология жиддий бузилмоқда. Оқибатда¸ кейинги икки йил ичида бир неча бор ер ўпирилиб¸ мен билганим¸ иккита экскaваторни босиб қолди¸ битта машинист нобуд бўлди. Битта экскаваторни амаллаб чиқаришди¸ иккинчиси бутунлай яроқсиз ҳолга келди. Технологияга амал қилинмаслиги боис рўй берган бундай ўпирилишлар “Ўзбеккўмир”нинг режалаган кўмирни қазиб олишига имкон бермаëтир¸ дейди Тихонов.

“Ўзбеккўмир” маҳсулоти ҳажмининг камайиши ортидаги иккинчи йирик сабаб¸ ҳуқуқ фаоли¸ қолаверса¸ соҳа мутахассислари таъкидича¸ марказлашган коррупциядир:

- Азалдан ¸ очиқ кўмир конларидаги ўғирлик катта бўлиб келган ва яқинларгача бу ўғирликни конлар яқинида яшовчи аҳоли қиларди. Аммо бир неча йил олдин конларни қўриқлаш кескин кучайтирилди ва аҳоли томонидан қилинадиган ўғирликларга батамом барҳам берилди. Лекин бу билан ўғирлик камаймади¸ аксинча. Бугунги ўғрилар “Ўзбеккўмир” раҳбариятига яқин¸ кон ва уни қўриқлашга алоқадор одамларнинг ўзидир. Кўмир ўғирлашнинг янги ва марказлашган схемалари пайдо бўлди ва бугун муваффақиятли ишламоқда¸ дейди Ўзбекистондаги энг йирик Ангрен кўмир конидаги вазиятни яқиндан кузатиб келаëтган ҳуқуқ фаоли Дмитрий Тихонов.

Кўмир Фарғонада¸ кукуни Ангренда...

Озодлик манбаларининг таъкидича¸ Ангрен конидан ўғирланаëтган кўмирнинг аксар қисми¸ кечаю кундуз Фарғона водийсига ташилмоқда.

Кузатувчиларга кўра¸ Фарғона водийси табиий газ таъминотидан деярли мутлақ узиб қўйилгани боис¸ айнан водийдаги ишлаб чиқарувчи ва аҳоли¸ ўғирланган кўмирнинг асосий бозорига айланган.

Водий кўмир бозоридаги жараëнларни бевосита кузатиб келаëтган мутахассиснинг ўз исми сир қолиши шарти билан Озодликка айтишича¸ Ангрендан ўғирланаëтган сараланган кўмирнинг Фарғона¸ Андижон ва Наманган бозорларига қалбаки ҳужжатлар билан олиб келинаëтгани водийликларга сир бўлмай қолган:

- “Ўзбеккўмир” кўмир сотиш ваколатига эга ягона монополист. Хусусий тадбиркорларнинг кўмир савдосига аралашувига сунъий тўсиқлар яратилганидан бери водийдаги “Ўзбеккўмир”га қарашли шохобча-омборлар сифати яроқсиз бўлган кўмирни олиб бориб¸ водий аҳолисига давлат белгилаган нархдан 2-3 баравар қимматга¸ тарозига тортмасдан¸ олсанг шу¸ олмасанг катта кўча¸ деб ўтказаяпти.

Айни пайтда¸ Тошкент-Ўш трассасида юрсангиз¸ катта самосвал ва юк машиналарига ортилган кўмирнинг бемалол водий вилоятларига ташилаëтганига бевосита гувоҳ бўласиз. Ангрендан ўғирланаëтган¸ нисбатан сифатли бу кўмир қора бозорга бораяпти¸ дейди хавфсизлик боис ўз шахси сир тутилишини сўраган Озодлик манбаси.

Кўмир қироллари?

Бу мутахассис иддаосича¸”Ўзбеккўмир” омборига тушмай ўғирланаëтган кўмирлар ортида айнан давлат концернидан жиноий синдикатга айлантирилган “Ўзбеккўмир” раҳбариятидаги гуруҳ турибди:

- 2007 йилдан 2011 йилгача “Ўзбеккўмир” раҳбариятини Ҳамроқул Хурсанов бошқарди ва жиноий иш қўзғатилиб¸ қамоққа ҳукм қилинди. Хурсановдан кейин Қосимов Муҳиддин Одилович деган одам бошқарувга келди ва бир йилча ўтиб-ўтмай ишдан олинди. Ундан кейин Олимхўжаев Шавкат деган одам бошқарди ва бу одам ўз туғилган кунида иш жойида ўта сирли ҳолатда тўсатдан вафот этди.

Уч-тўрт йилдан бери “Ўзбеккўмир” раҳбарлари алмашиб келади¸ лекин икки шахс – “Ўзбеккўмир”нинг савдо ишлари бўйича биринчи ўринбосари Умаров Носир ва уни савдо бўлими бошлиғи Ғаффохўжаев Йўлдош¸ бевосита кўмир савдосига боғлиқ шахслар бўлса ҳам¸ ўз ўрнида қолаяпти.

Хурсанов қамалиб кетди¸ Қосимов тушунарсиз ҳолда ишдан олинди¸ Олимхўжаев иш жойида ўлиб қолди¸ лекин Умаров ва унинг одамлари жойида қолаяпти. Янги бошлиқ Пўлатов Шуҳрат икки ойча аввал ишга тайинланди (20 май куни Олмалиқ шаҳар ҳокими Шуҳрат Пўлатов Вазирлар Маҳкамаси қарори билан “Ўзбеккўмир”га бош директор этиб тайинланди – таҳр.). “Ўзбеккўмир”даги муаммоларнинг асосий айбдорлари¸ Умаров ва унинг гуруҳидир, деб иддао қилди Озодликнинг “Ўзбеккўмир”га яқин манбаси.

"Жарима билан қутулишди"

Манба таъкидича¸ “Ўзбеккўмир” базасида ишлаб келаëтган бу жиноий синдикат фаолияти йиллардан бери прокуратура томонидан тафтиш қилинмоқда ва давлат мулкини ўғирлаш¸ фирибгарликлар юзасидан қатор жиноий ишлар очилган:

- “Ўзбеккўмир” раҳбариятида йиллардан бери ишлаëтган одамлар Ўзбекистон Бош прокуратураси томонидан қўзғатилган жиноят иши бўйича ўтказилган суриштирувларда иштирок этиб¸ кўрсатма бериб¸ яқинда давлатга 1¸5-2 миллиард сўм (давлат курси бўйича тахминан 800 минг¸ қора бозор бўйича 400 минг АҚШ доллари – таҳр.) жарима тўлашди. Билишимча¸ ўтган ҳафта шунча маблағ дарҳол давлатга тўланган. Давлат раҳбарининг ойлиги 2 миллионга етмайдиган Ўзбекистонда бу амалдорлар бунча пулни қаердан олди? Жиноят иши ҳали якунига етиб¸ суд ҳукм чиқармагани учун¸ бу одамлар ҳали ҳам ўз лавозимида ўтирибди. Ўзбекистонда кўмирнинг қора бозорини яратиб¸ халқни қақшатаëтган бу амалдорларнинг ҳомийлари тепада ўтирганига қарамай¸ прокуратуранинг давлат мулкнинг ўғирланишини ўрганмоқда¸ дейди жараëндан бевосита хабардорлигини таъкидлаган Озодлик манбаси.

Ангренлик ҳуқуқ фаоли Дмитрий Тихонов ҳам “Ўзбеккўмир”даги ўғирликлар¸ хусусан¸ сифат борасидаги кенг кўламли қаллобликлар юзасидан прокуратура йиллардан бери текширув олиб бораëтганидан хабардорлигини айтади:

- Билишимча¸ сўроқ қилинаëтган жорий амалдорлар ҳамма айбни қамоқда ўтирган олдинги бош директор Хурсановга тўнкаб¸ сувдан қуруқ чиқишмоқда. Жиноий ишга тортилган амалдорлардан бирининг “Тоштурма”да икки ойча ўтириб чиққандан сўнг¸ “тергов балосидан қутулгани учун” худойи берганидан хабарим бор¸ дейди ангренлик кузатувчи.

“Ўзбеккўмир” матбуот котибаси Светлана Ким¸ жамият раҳбариятининг тергов қилинаëтгани ва Умаров ва Ғаффорхўжаевларнинг 2 миллиард сўмга яқин жарима тўлаганига оид бу иддаоларни рад этди:

- Буларнинг ҳаммаси текширилмаган маълумотлар ва бизда ҳеч қандай жиноий иш бўлган эмас¸ деди “Ўзбеккўмир” матбуот котибаси Светлана Ким Озодлик билан суҳбатда.

Озодлик йиллардан бери Ўзбекистонда¸ айнқиса¸ куз-қиш ойларида кескинлашиб¸ аҳолини танг ҳолга солиб қўяëтган энергетик бўҳрон шароитида стратегик маҳсулотга айланган кўмир саноати¸ ундаги жиноий схемаларни ўрганиш ва ўз суриштирувини ўтказишда давом этади.

Бу вазиятга ойдинлик киритиши мумкин бўлган маълумот¸ ҳужжат ва далилларни Skype манзиллари¸ шунингдек¸ ижтимоий тармоқлар орқали Озодликка юборишингиз мумкин.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG