Линклар

Танишинг, Путин гаровга олган асирлар


Гаровдаги уч асир: Эстон Кохвер, Олег Сенцов ва Надя Савченко

Гаровдаги уч асир: Эстон Кохвер, Олег Сенцов ва Надя Савченко

Бири полиция зобити; бири кинорежиссёр; яна бири учувчи.

Ўз ватанларидан зўравон хориж давлати томонидан ўғирлаб кетилиб, зиндонбанд этилган уч инсон – учаласининг ҳаёти остун-устун, тақдирлари шубҳа остида.

Танишинг, улар Владимир Путин гаровга олган асирлар, иккиси эркак бири аёл. Улар Кремль хўжайини халқаро қоидалар, меъёрлар ва қонунларга қарши эълон қилган уруш қурбонларидир.

Путин сўнгги икки йилдаги ҳаракатлари кўпчилини хайратга солди. У Адольф Гитлер давридан бери Европада бошқа бир давлат ҳудудини тортиб олган илк етакчидир. У Украина шарқида минглаб одамнинг жонига зомин бўлган мутлақ асоссиз урушни бошлади. У Россияда бемаъни ксенофобия, тоқатсизлик ва репрессия жазавасини бошлади. У Ғарб билан таҳликали қарама-қаршилик ўйинини бошлади.

У одам ўғрисига ҳам айланди – амалда бу уни халқаро мафия тўдабошисига тенгалштирди.

Полиция зобити

Москва Эстон Кохвер Россия ҳудудида Эстония фойдасига жосуслик фаоляти билан шуғулланган пайтда қўлга олинганини иддао қилмоқда. Лекин у жосус ҳам эмас, Россия ҳудудида қўлга олинган ҳам эмас. Унинг бирдан-бир айби ўз вазифасини бажаргани ва Россия учун қулай нишонга айлангани.

Кохвер Эстония Ички хавфсизлик хизмати – КаПо зобитидир. Бу идора АҚШнинг Федерал тергов бюросига ўхшаш тизимдир.

Кохвер Эстонияда конрабанда билан шуғулланган рус уюшган жиноий гуруҳни тергов қилаётган пайтда ўғирлаб кетилади. 2014 йилнинг 5 сентябрь куни тонгда Кохвер Эстониянинг Мииксе қишлоғи яқинидаги овлоқ ўрмонда, Россия чегарасидан бир неча километр берироқда, информатор билан учрашувга кетаётган бўлган.

Бу тузоқ бўлган. Пситримадан бошқа нарса эмас эдию бу. Учрашувга кетаётган Кохвер пистирмага учрайди, шовқинли гранаталар билан чалғитилиб, тўппонча нишони остида ўғирлаб, Россияга олиб кетилади.

Эстония ва Россия чегарачиларидан иборат гуруҳ Кохвер ғойиб бўлган жойга бориб, у ерни кўздан кечиришади. Икки тилда ёзлиган протоколда, воқеа жойидаги оёқ излари ўрганилиб, бир гуруҳ шахслар Эстонияга Россиядан киргани ва кейинчалик ортга қайтгани тўғрисидаги хулоса акс этган. Протоколда шовқинли гранаталардан ҳосил бўлган чуқурлар борлиги ҳам қайд этилган.

Кўпчилик тарафидан қораланган судлов натижасида, 19 август куни Кохвер жосусликда айбдор, деб топилиб, 15 йилга қамоққа ҳукм этилди.

Кинорежиссёр

Россия Олег Сенцов террорчи эканини иддао қилмоқда. Лекин у террорчи эмас. Сенцовнинг ягона айби жасурликдир – ўз ватани Москва тарафидан аннексия қилинишига очиқ қаршилик қилганидир.

Сенцов “Геймер” номли фильм билан шуҳрат қозонган украиналик кинорежиссёрдир. У икки болани катта қилаётган ёлғиз ота ҳамдир.

Асли қримлик бўлган Сенцов Украинада ғарбпараст Евромайдон ҳаракатининг ашаддий тарафдорларидан биридир. У Россия Қримни аннексия қилишига қарши очиқчасига чиққан ва ярим оролда қуршовга олинган Украина ҳарбийларига озиқ-овқат етказишда қатнашган.

Сенцов Россия махсус хизмати томонидан 2014 йил 11 май куни Семферепольда аннексияга қарши намойишда иштирок этишидан кўп ўтмай кўчада кетаётган пайтда олиб кетилган.

Бир неча кун ўтиб, унинг дараги Москвадаги ҳибсхонадан чиқади ва “Единая Россия” партияси ҳамда “Қримдаги рус жамияти” ташкилоти идоралари биноларига ўт қўйганликда айбланади. Бундан ташқари, кинорежиссёрни Ленин ҳайкали ва унинг олдидаги мангу оловни портлатишга уринганлик айблови қўйилади.

Прокурорлар ўз иддаоларини дастаклаш учун етарли далиллар келтирмади ва унга қарши кўрсатма берган ягона гувоҳ ўз кўрсатмаларини босим остида берганини таъкидлаб, улардан воз кечди.

19 август куни Сенцов устидан Ростов-Донда ўтказилган судлов унга 23 йиллик қамоқ жазоси берилиши билан якунланди.

“Сиздан ҳеч нарса сўрамайман”, деди Сенцов сўнгги сўзида. “Босқинчилар суди моҳиятан адолатли бўла олмаслигини ҳамма тушунади. Менинг сўзларимни ҳурматсизлик, деб қабул қилманг судья жаноблари”, дея қўшиб қўйди у.

Учувчи

Путин гаровга олган уч халқаро асир орасида энг машҳури Надя Савченкодир.
Москва Савченко қотил эканини иддао қилмоқда. Унинг ягона айби ўз мамлакати мустақиллиги учун ҳаётини хавф остига қўйганидир.

Украинанинг илк жанговар пилоти Савченко Донбассда россияпараст айирмачиларга қарши кўнгилли сифатида курашган. У 2014 йил июнь ойи ўрталарида, Луганск вилоятининг Металист қишлоғи яқинида украин аскарларини қутқариш операциясида операцияси пайтида айирмачилар тарафидан асир олинади.

19 июнь куни айирмачилар уни темир трубага кишанлаган ҳолда сўроқ қилаётгани тасвирланган видеони эълон қилади.

Бир неча ҳафта ўтиб, Савченконинг дараги Россиядаги ҳибсхонадан чиқади. Унга ракета ҳужумида ҳалок бўлган россиялик икки журналист ўлимига алоқадорлик ва кейинчалик Россия чегарасини ноқонуний кесиб ўтганлик айби қўйилади.

Унинг адвокатлари Савченко мобил телефонидаги ёзувлар ва видео журналистлар ҳалок бўлган пайтда у аллақачон асир олинганига исботдир, демоқда. Савченко айбдор, деб топилса, унга 25 йил қамоқ жазоси берилиши мумкин.

Ғирром давлат ўлжалари

Путин гаровидаги асир бўлишдан ташқари Кохвер, Сенцов ва Савченкони бирлаштирувчи яна бир нуқта бор.

Учаласи собиқ Совет Иттифоқида туғилган, мамлакатлари мустақилликка эришганидан кейин ўз ватанларининг содиқ фуқароларига айлана олган.

СССРнинг қулашини фожиа, деб билувчи Путин учун эса бу уларни ўлжа, деб кўриши учун етарли жиноятдир.

Лекин бошқалар учун улар зўравон давлат томонидан ноқонуниий ўғирлаб кетилган гавровдаги асирлардир.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG