Линклар

Маъшуқасини интернетда шарманда қилмоқчи бўлган ошиқ 5 йилга кесилди


Самарқандда кадастр идораси раҳбари 3 минг доллар пора билан ушланди. Хонанда Муниса саёз шеър учун, Афсона очиқ-cочиқ кийим учун танқидга учради. 2100 йилда Ўзбекистон аҳолиси 2050 йилга қараганда кескин камаяди. Жорий ҳафта матбуот шу каби воқеалар ҳақида ёзди.

“Кадастр идораси раҳбари ер эвазига пора талаб қилди”

Самарқанд вилояти Оқдарё туман ресурслари ва давлат кадастри идораси бошлиғи С.Турсунов хусусий тадбиркордан 3 минг доллар пора олгани учун жиноий жавобгарликка тортилди (“Ҳуқуқ”, 20 август).

Кадастр раҳбари 3,5 гектар ер ажратиш эвазига тадбиркордан пора талаб қилган. Терговда кадастр идораси бошлиғи 35 нафар тадбиркорнинг мурожаатларини кўриб чиқмасдан йўқотиб юборгани ҳам фош этилган.

Шунингдек, мазкур вилоятнинг Ургут тумани давлат солиқ инспекцияси ходимлари Ж.Қодиров, Қ.Султонов, Б.Умаров ва М.Азизовлар йигирмага яқин тадбиркордан даромад солиғи сифатида йиғиб олинган 33 миллион сўмни ўзлаштиргани аниқланган.

“ИИВ расмийси Тошкент чорраҳаларидаги янги видеокамералар қандай ишлашини тушунтириб берди”

Тошкент шаҳрида йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлашнинг компьютерлаштирилган тизими ишга туширилмоқда (“Тошкент оқшоми”, 14 август).

Ички ишлар вазирлиги Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси раҳбари Холматжон Сайдалиевга кўра, чорраҳаларга ўрнатилган видеокамералар светофорнинг тақиқланган ишорасига ҳамда белгиланган тезлик талабига бўйсунмаслик ҳолатларини қайд этиб боради.

Автоматлаштирилган бошқарув тизими қоида бузилган жой, вақт ва транспорт воситасининг давлат рақамини қайд этади. Лекин тизим қоидани бузган ҳайдовчининг шахсини аниқлаш имкониятига эга эмас. Битта транспорт воситасини ишончнома, ижара шартномаси орқали бир неча шахс бошқаргани боис қоидабузарликни айнан ким содир этганини аниқлаш чигаллашиши мумкин.

“Бундан кўринадики, эндиликда транспорт воситасини ишончнома орқали бошқа шахсга бериш унчалик ҳам ишончли ва мақбул йўл ҳисобланмайди”, дейди мамлакатнинг бош йўл ҳаракати нозири Х.Сайдалиев.

Маълум қилинишича, видеокамера қоидабузарликни қайд этган вақтдан уч кун ичида транспорт воситаси эгаси номига маъмурий баённома юборилади.

“2100 йилда Ўзбекистон аҳолиси 2050 йилга қараганда кескин камаяди”

2100 йилда Ўзбекистон аҳолиси 2050 йилга нисбатан 5 миллион кишига камаяди (“Адолат кўзгуси”, 20 август).

БМТнинг демографияга оид ҳисоботига кўра, 2050 йилда мамлакат аҳолиси 37,126 миллион, ярим асрдан кейин эса 32,077 кишини ташкил этади.

БМТ тахминларига қараганда, аҳоли сони камайиши қарамай, Ўзбекистон Ўрта Осиё минтақасининг энг кўп нуфусли давлати бўлиб қолади.

“Қашқадарёда маккора уч опа-cингил ушланди”

Қашқадарёлик уч опа-сингил Сўғдиёна, Розия ва Нигина Омоновалар фирибгарлик жиноятида айбланди.

“Постда” газетаси хабарига кўра, опа-сингиллар фуқаро Зилола Рўзиевадан Москвадаги Замонавий гуманитар академияга ўқишга киритиш эвазига 4000 доллар пул олган. Бунга ҳам қаноат қилмаган фирибгар опа-сингиллар З.Рўзиевага магистратура, унинг икки укасига бакалавриатда ўқишни ваъда қилиб, уларни Россияга олиб борган.

Россияда эса жабрланувчиларни бир йил давомида ишлатиб, маошини ўзлаштирган. Маккора опа-cингиллар қилмиши учун жавоб берадиган вақт келгани таъкидланган.

“Маъшуқасини шантаж қилган тошкентлик ошиқ 5 йилга қамалди”

Тошкентлик 22 ёшли йигит яхши кўрган қизининг оиласини шантаж қилди. “Ҳуқуқ” газетасининг ёзишича, йигит номи ошкор этилмаган қиз билан ижтимоий тармоқда танишиб, ишқий муносабатга киришган, сўнгра уни турли ҳолатларда суратга олган.

Кейин эса ўша суратларни чоп этиб, конвертда қизнинг ота-онасига юборган; агар 3 минг доллар берилмаса, суратларни интернетда тарқатиб қизни шарманда қилажагини айтган.

Қизнинг ота-онаси ҳуқуқ идорасига мурожаат қилгач, йигит қўлга олинган. Жиноят ишлари бўйича Мирзо Улуғбек тумани суди товламачи ошиққа 5 йил озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинлаган.

“Хонанда Муниса саёз шеър учун, Афсона очиқ-cочиқ кийим учун танқидга учради”

Ёшлар ўртасида таниқли хонанда Муниса Ризаеванинг янги “Сакраменто” қўшиғи матнида ўзбекча ва хорижий тиллардаги сўзлар мош ва гуручдек аралашиб кетган (“Даракчи”, 20 август).

Ўзбек тили қўпол равишда бузилган қўшиқда “Бўлди, бўлди, йиғламенто, Бузилмасин косметико. Кўз ёшларим томчилатма, Логика логикали” каби саёз сатрлар мавжуд.

“Ижодда камнамо, бироқ инстаграмда фаол” хонанда Афсона эса ўта калта либосдаги расми учун танқид қилинган.

“Қизиқ, тикувчилар либосидан мато аяшяптими ёки ёзнинг жазирамаси хонандаларни “очилиб-сочилиб” юришга мажбур қиляптими?” деб ёзади шоу бизнес нашри.

Хонанданинг мухлисларидан бири эса “Эҳтиёт бўлинг, кейинги бекат “Ўзбекнаво...” дея унинг лицензиядан айрилишига ишора қилади.

“Наманганда 762 миллион сўмлик уяли телефонлар мусодара қилинди”

Наманганда беш кишидан иборат гуруҳ божхона тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузишда айбланди (“Диёнат”, 20 август).

Ўзбекистон фуқароси бўлган беш йигит Қирғизистондан уяли телефон олиб ўтаётганда қўлга олинган.

Чет элда ишлаб чиқарилган 1238 дона, 762 миллион сўмлик уяли алоқа воситалари ҳамда жиноят қуроли деб топилган “Ласетти” машинаси давлат фойдасига мусодара қилинган. Қайд этилишича, беш йигитга тегишли жазо тайинланган.

“Куёвникига қирқ кунгача овқат ташиш одати ҳамон сақланиб қолмоқда”

Ўзбекистоннинг айрим ҳудудларида куёвнинг хонадонига келинникидан қирқ кунгача овқат ташиш одати ҳамон сақланиб қолмоқда (“Оила даврасида”, 20 август).

Айрим оилалар мана шундай олди-бердилар туфайли юз кўрмас бўлиб кетаётир. Тарихчи Дилшодбек Назарбековга кўра, бу одат даставвал келин бўлиб тушган қиз янги хонадоннинг ош-овқатига мослашиши учун ўйлаб топилган.

Қайд этилишича, янги келиндан қирқ кун хабар олиб овқат ташиш мажбурий эмас. Бу ҳолатда ҳам дабдаба ва исрофгарчиликдан сақланиш, мазкур одатни обрўга айлантирмаслик лозим.

XS
SM
MD
LG