Линклар

logo-print

Россия суди ўзбек муҳожирини икки жойидан пичоқлаб кетган миллатчи фуқаросига икки йиллик шартли жазо тайинлади. Бухоролик Раҳмиддин Камолов ва унинг ҳимоячиси Хорошевский туман судининг бу қарорини “миллатчилик ва ирқчилик кўринишидан бошқа нарса эмас"лигига жамоатчилик эътиборини қаратиб, ўз ҳақлари учун курашишни давом эттиришини айтмоқдалар.

Россиялик мўри тозаловчи Андрей Байдаков ўзбекистонлик меҳнат муҳожири Раҳмиддин Камоловни пичоқлаб кетгани учун 2 йиллик шартли жазога тортилди. Хорошевский туман суди судьяси “судланувчининг норасида болалари борлиги” ва “айбига иқрор бўлиш истаги мавжудлиги”ни инобатга олиб, бундай енгил жазо қўллаганини билдирди.

Бухоролик 27 ёшли Раҳмиддин Камоловнинг адвокати Абусуфён Гайтаев Озодлик билан суҳбатда Хорошевский туман судьяси Юлия Дворжанская “ирқчиларга хос услубда” ҳукм чиқарганини айтади.

“Мен Россия судларининг айниқса осиёлик ёки рус бўлмаганларга нисбатан бундай “инсонпарварлиги”ни ҳеч қачон учратмаганман”, дея кулади адвокат.

- Москва шаҳар судидаги маҳкамада бу қарорда мен учун расизм аломатлари кўриниб турганини очиқчасига гапирдим. Тасаввур қилинг: одам ўта оғир жиноят содир этганликда айбланмоқда, жабрланувчи қамоқ жазоси берилишини талаб қилмоқда, судья эса айбловчилар исбот-далилларини инобатга олмасдан, гўё “судланувчи айбига иқрор бўлиб, қилмишидан пушаймонлиги туфайли" шундай юмшоқ жазо бериб ўтирибди. Айбланувчи мутлақо пушаймон бўлгани йўқ, очиқчасига кулиб ўтирди! Энг қизиғи, томонлар тортишуви пайтида унинг адвокати сўзга чиқиб, “Раҳмиддин ўз қилмишига яраша жазо олди, Байдаков уни пичоқ билан ургани қилмишига яраша!” деди. Суд давомида аксинча – менинг ҳимоям остида бўлган ўзбекистонликнинг ўзи айбдорга чиқарилишига сал қолди! У дўстлари билан бечора русларга ташланган экан... Агар сиз бу судьянинг шунга ўхшаш ишларда шартли ҳукм чиқарганини топиб бера олсангиз, мен мутлақо ўз даъволаримдан воз кечаман, - дейди ўзбек муҳожири ҳуқуқларини судда ҳимоя қилган Абусуфён Гайтаев.

Суд маҳкамасида судланувчи Байдаков Камоловнинг ўзи унинг қўлидаги пичоққа қорни билан ташланганини гапириб берган, ваҳоланки, экспертиза зарба аниқ юқоридан пастга урилганини исботлаб берганди. Суд тергови давомида“гувоҳлар” ҳам мигрантлар бир четда ўтирган рус ёшларига ташланиб, калтаклагани тўғрисида кўрсатма берган.

Адвокат Гайтаев: "Агар миллатчи Андрей Байдаков ўзбекистонлик томонидан пичоқланганида, судья мигрантни иккиланмасдан камида 5 йилга қамоққа ташлаши аниқ эди", дейди.

Ҳимоячи ҳакамнинг ўзи суд жараёнида миллатчилик ва ирқчилик чиқишлари билан кўпчиликни ҳайратга солганини маълум қилди.

Судья Дворжанскаянинг: “Нега рус бўлмаганлар келаётганини кўриб сиз 02 га қўнғироқ қилмадингиз, қўрқмадингизми?” саволига мен: “Нима, ҳар гал хорижликларни кўрганда 02 чақириш керакми?”​ дея аниқлаштириш киритдим, - деди ҳимоячи.

Абусуфён ўзбек муҳожирига нисбатан суднинг холис бўлмагани, уни очиқчасига ёқтирмагани кўриниб турганини қўшимча қилди.

Қизиғи, бундай юмшоқ жазо тайинланишини қонунчилик ҳимоясида турган прокурорлар ҳам ёқлаб чиққан.

Ўзбекистон фуқароси Раҳмиддин Камоловга ҳуқуқий ҳимоя тақдим этган “Фуқаровий кўмак” ташкилоти бу жиноий иш юзасидан чиқарилган ҳукмни “судьянинг мигрантга бўлган нохолис муносабати” дея баҳолади.

Озодлик билан суҳбатда Раҳмиддин Камоловнинг ўзи суд ундириб берган арзимаган товон пули ҳатто дори-дармонига ҳам етмаганини айтиб берди.

27 ёшли суҳбатдош Андрей Байдаков бошчилигидаги бир гуруҳ миллатчи ёшлар 2014 йилнинг 13 сентябрида унга ҳужум қилганини гапиради:

Раҳмиддин Камолов миллатчилар ҳужумидан кейин

Раҳмиддин Камолов миллатчилар ҳужумидан кейин

- Шу куни тожикистонлик Феруз исмли дўстим менга қўнғироқ қилиб айтдики, маст бўлган иккита националист келиб, у сим-карта сотаётган стол устига пивосини қўйган. “Пивони ол бу ердан, мумкин эмас, жарима қилишади” деса, уни уриб кетишган. Уларни охранник ташқарига чиқариб юборгандан кейин у бақувват болалар ташқарида кутиб туришганини айтди, “чиқолмаяпман”, деди. Мен бордим, магазиндан мен билан Ферузни кузатишга яна 5-6 ёш йигит чиқди. Биз 10 ларда чиқиб, паркда кетаётган эдик, улар олдимиздан чиқди. “Нима кераги бор бундай муомала қилишнинг?” деб, нормал гаплашиб турувдик. Бироздан кейин гавдали бир бола келди. Гапиришидан у буларнинг лидери экан. Ана ўша бола бошлади сўкинишни, муштлашув бошланиб кетди. Ундан олдинроқ мен ёш болаларга: “Қочинглар, уруш бошланади”, деган эдим. Биз иккаламиз қочиб қутулиб, 20-30 метрча югуриб қочганимиздан кейин ўнг томон, жигаримда қаттиқ оғриқ сездим: қарасам – қонаб ётибди, - дея эслайди ўша кечани Раҳмиддин.

У бироз вақтдан кейин реанимацияга олиб кетилгани, шифокорлар пичоқ жигар ва ўпкага текканини аниқлаганини айтди. Раҳмиддин Боткина касалхонаси хирурглари томонидан икки жойидан операция қилинди, узоқ муддат шифохонада ётиб даволанди.

Шифохонадан чиққанидан кейин ҳам у 3 ой давомида қаттиқ ҳаракат қила олмаган:

- Ҳозиргача – бир йил ўтди бўлмаса – оғир юк кўтара олмайман. Прокурор ва суднинг миллатчилиги, Ўрта Осиёдан келган муҳожирларга паст назар билан қарашини ҳамма билади, бу ажабланарли ҳолат эмас. Ноҳақ судьядан бирор ҳақли қарор ҳам кутмаган эдим. Мен, шунчаки, норозилигимни билдириш мақсадида арз қилган эдим, - деди бухоролик Раҳмиддин Камолов.

Ўзбек муҳожири ва унинг ҳимоячиси суд қарори ўзгартирилишига кўзи етмаётганларига қарамасдан, эндиликда бу қарор устидан юқорироқ инстанцияларга шикоят қилмоқчилар.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG