Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 23:21

Қирғизистонда қийноқ қўллаш ҳолатлари кўпаймоқда


Ишенбек Жўлдўшбеков ўтган йил кузида 47-қамоқхона ходимлари томонидан қийноққа солингани тўғрисида ҳуқуқ ҳимоячиларига арзланган. Қийноқларнинг олдини олиш бўйича миллий марказ ходимлари текшириб борганида Ишенбек ўзини Тўлўгелди, Асқат ва Нурик исмли қамоқхона ходимлари бўғиб, ўлдирмоқчи бўлганларини айтган. Ишенбекнинг акаси Талант Жўлдўшбековга кўра, шу воқеадан кейин унинг укаси яна калтакланган.

- Дубинка, қамчи билан уришган. Қовурғаларида оёқ излари қолган. Оёғига, сонига сим билан уришган, турли усуллар билан қийноққа солишган. Шундай қилиб укамни жинни қилиб қўйишди, - дейди Талант Жўлдўшбеков.

У укасининг калтаклангани борасида прокуратурага мурожаат қилгани, бироқ ҳуқуқ-тартибот идоралари унинг арзини эътиборсиз қолдирганини айтади.

Жазони ўташ давлат хизмати вакили Элеонора Сабатарова мазкур воқеа юзасидан жиноий иш қўзғатилиб, қамоқхона ходимлари вақтинча ишдан бўшатилганини маълум қилди:

- Жазони ўташ жойларида қийноқ факти бўйича ариза тушган шу ҳолатгина бўлса керак. Негаки, бизда қийноқлар йўқ десак ҳам бўлаверади. Бундай ҳолатларнинг олдини олиш учун камералар ўрнатилган. Мазкур ҳолат юзасидан тергов ишлари кетмоқда, прокуратура ҳам бу бўйича ишламоқда. Ариза келиши билан исми тилга олинган ходимлар ишдан четлатилган. Буни қийноқ деб ҳам бўлмайди. У қоида бузгани учун отряд раҳбари келиб тушунтирса, нари-бери судралиб, уриниб йиқилган. Ўшанда кўкарганлари сақланиб қолиб, арзланган деган маълумот бор, - дейди Элеонора Сабатарова.

Қирғизистондаги Қийноқларни олдини олиш миллий маркази эса Ишенбек каби куч ишлатар тизим ходимлари томонидан қийноққа солинганлар сони озаймаётганини таъкидламоқда. Марказ раҳбари Нурдин Сулаймановга кўра, қийноқ ҳолати юзасидан ўтган йили олтмиш одам арзланган бўлса, жорий йил етти ойидаёқ улар сони элликдан ошган.

Айтиш жоизки, 2010 йилги Ўш воқеаларидан сўнг ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари томонидан ўзбекларга нисбатан куч ишлатилган ҳолатлар кўп кузатилган. Исмини очиқлашимизни истамаган ўшлик ҳуқуқ фаолларидан бирига кўра, Ўшда ўзбекларга нисбатан тартиб посбонлари томонидан куч ишлатиш ҳолатлари аввалги йилларга нисбатан сезиларли даражада камайган бўлса-да, бироқ учраб туради.

- Бизга бу йилда беш одам қийноқ бўйича ариза билан келган. Қийноқлар турли ҳолатларда бўлган. Бирини ГАИ ходими тўсганида ҳақини талаб қилгани учун урган. Яна бири милицияга тушганида калтак еган, бошқасини Миллий хавфсизлик хизмати ходимлари урган. Шундай арзлар келиб тушган. Улардан айримлари прокуратурага арзланишдан бош тортишди. Чунки уларнинг кейинги хавфсизлигига ҳеч қандай кафолат йўқ. Асосан қамоқ жазосига ҳукм қилинувчилар арзланяпти прокуратурага, - дейди суҳбатдошимиз.

“Қилим шами” ҳуқуқни ҳимоя қилиш маркази етакчиси Азиза Абдурасулова куч тизимларидаги калтаклаш, қийноқ билан жиноятни тан олдириш каби кўринишлар озаймаётганининг асосан икки сабаб борлигини айтади:

- Энг асосий сабаб - қийноқ қўллаган одамларнинг жавобгарликка тортилмай, жазодан қутилиб кетаётгани бўляпти. Бугунги кунда прокуратура томонидан қийноқ ҳолати бўйича қўзғатилган юзлаб жиноий иш бор. Уларнинг баъзилари терговда, кўпи судга ўтказилган. Судга борганда эса турли сабаблар билан жавобгарликдан қутилиб кетишаяпти. Битта иш 3-4 йилга чўзилиб, қўлга олинганларнинг жазо чораси ўзгартирилиб, озодликда юришибди. Иши судга қайтиб келмай, турли жойларда йўқ бўлиб кетган ҳолатлар ҳам бор. Иккинчи асосий сабаб - қийноқ қўллаган хизмат ходими тергов, суд давомида ишдан четлатилмай, ўз лавозимида қолаётгани бўляпти. Ишлаётган одамнинг босим кўрсатиш, қўрқитишга имкони кўп бўлади, - дейди ҳуқуқ фаоли Азиза Абдурасулова.

Расмий маълумотларга кўра, ўтган йили 220 киши қийноққа солингани борасида арзланган. Улардан 49 та ҳолат бўйича жиноят иши очилган, саккизта ҳолат бўйича иш судга ўтказилган.

XS
SM
MD
LG