Линклар

“Исломий давлат” телевизор кўришни ман қилди


"Исломий давлат" аҳоли ўртасида ўзига қарши хабарлар тарқалишининг олдини олиш мақсадида телевизор кўришни тақиқламоқда.

"Исломий давлат" аҳоли ўртасида ўзига қарши хабарлар тарқалишининг олдини олиш мақсадида телевизор кўришни тақиқламоқда.

Мазкур ҳафтада суриялик фаоллар ва гувоҳлар Озодлик радиосига берган суҳбатларида “Исломий давлат” жангарилари гуруҳни қораловчи хабарларни эфирга узатувчи “хавфли” хорижий каналларни аҳоли кўра олмаслиги учун йўлдошли антенналарни ва телевизорни бузиб ташлаётганини айтишди.

Телевизорни фақат жума куни Қуръон тиловат қилинганда кўриш мумкин

Ой бошида жангарилар телевизор томша қилишга қарши чора кўриш бўйича фармон чиқарган эди. Фаолларнинг айтишича, фармон жангари гуруҳ бошқарувидаги масжидларда, жумладан, жангариларнинг де-факто пойтахти ҳисобланмиш Раққа шаҳридаги масжидларда 7 август куни эълон қилинган.

Раққалик Муҳаммад ал-Али Озодлик радиоси билан суҳбатда ушбу фармон шу ойнинг бошида ал Фаввоз масжидида ўқилган жума намози пайтида эълон қилинганига гувоҳ бўлганини айтди.

Ушбу мақолада номи тилга олинган барча шахсларнинг исми хавфсизлик нуқтаи назаридан ўзгартирилди.

Али WhatsApp орқали юборган хабарида “Ал Фаввоз масжиди имоми ДАИШни тарафдори ўлароқ маълум”, деб ёзди. “ДАИШ” – “Исломий давлат”нинг эски номи – ИШИДнинг арабча қисқартмаси бўлиб, жангарилар бу сўзни ҳақорат ўлароқ қабул қиладилар.

“Имом жума намозига келганларга “Ал-Жазира”, “Ал-Арабия” ҳамда бошқа каналлар хато, асоссиз ва ёлғон янгилик тарқатишини, шу сабаб телевизор кўриш тақиқланишини айтди”, дейилади WhatsApp орқали юборилган хабарда.

Алининг айтишича, оддий аҳолига фақат жума куни телевизор кўришга рухсат берилади. Аммо фақат Қуръонни қироат қилишга бағишланган дастурларни томоша қилиш мумкин холос.

Жангарилар уйларга бостириб кириб, телевизорларни бузмоқда

Маҳаллий фаолларнинг айтишича, “Исломий давлат” жангарилари фармонни татбиқ қилиш учун Суриянинг Ҳасака вилоятида жойлашган Ал Шаддода шаҳрида одамлар уйига кириб, телевизор мосламаларини буза бошлаган.

Ал шаддодалик бир гувоҳ Озодлик билан суҳбатда: “Улар йўлдошли антенналарни ҳамда приемникларни бузиш учун уйларга бостириб кирмоқда”, деди. Шаҳарнинг бошқа турғунлари ҳам буни тасдиқлади.

Жангари гуруҳ ўз ҳукмронлигини мустаҳкамлаш учун босиб олган ерларидаги аҳолини ташқи дунёдан йироқлаштириб, мунтазам равишда уларга гуруҳни қўлловчи тарғиботни кўрсатиб келади. Телевизор кўришнинг ман этилиши ҳам айнан шу мақсадни кўзлайди.

"Исломий давлат"нинг пропаганда майдони

Ўтган йилда шимолий Сурия ва Ироқда кенг ҳудудларни босиб олган ва халифалик эълон қилган жангари гуруҳ Раққанинг асосий майдонларига улкан экранларни ўрнатган бўлиб, улар орқали ўзининг пропаганда видеоларини кўрсатиб туради.

Раққа турғуни Абу Носир Озодлик билан WhatsApp орқали суҳбат қилиб: “Улар бошида Ал Рашид боғи ҳамда Далла, Сааҳ, ҳамда Наим майдонларида тўрт экран ўрнатишди”, деб ёзди.

Абу Носирнинг айтишича, жангарилар яна икки йирик машинадан экран сифатида фойдаланиб тарғибот қилишади.

“Энг хавфлиси, томошабинларнинг асосий қисмини болалар ташкил қилади”, дейди Абу Носир.

“Исломий давлат” жангарилари охирги бир йил давомида бир неча марта ваҳшийликларга қўл урди, инсон ҳуқуқларини поймол қилди. Жангарилар эгаллаб олинган ерлардаги аҳоли экстремистик гуруҳни қораловчи ёки унга салбий таъриф берувчи хорижий дастурларни кўришини истамайди. Шу сабаб улар телевизор кўришни ман қилишди.

"Исломий давлат" интернетни ҳам тақиқлаган

“Раққани овоз чиқармай қиришмоқда” кампанияси асосчиси Ҳамуд ал-Муса: “ДАИШ телевидениени гуруҳга таҳдид солувчи хавф ўлароқ кўради”, дейди.

Мусанинг айтишича, “Исломий давлат” оддий аҳоли кўнгилочар дастурларни уйда эмас, балки махсус “медиа нуқталарида”, яъни, жангарилар тарғибот видеоларини кўрсатадиган будкаларда кўришини истайди.

Муса жонини сақлаб қолиш учун Суриядан Туркияга қочиб ўтган. Озодлик билан суҳбатда фаол “медиа нуқталарида” “ДАИШ қандай қилиб кишиларни, аёлларни ва болаларни ўлдираётгани акс этган видеоларни кўриш мумкин. Олиш мумкин бўлган ягона “янгилик” шундан иборат”, деди.

Мусанинг айтишича, жангарилар болалар учун мўлжалланган ТВ дастурларни айниқса ёмон кўради.

“Болалар уcун дастурлар ДАИШ учун хавфли, чунки улар одатда болалардан ўз мақсадларида фойдаланишади. Шунинг учун болалар фақат жангариларга қулоқ солиши керак”.

Мусанинг фаолияти сабаб унинг отасини жангарилар 77 кун асир сақлаб, қийноқларга дучор қилиб, июнь ойи ўртасида бошини танасидан жудо қилишди. Фаолнинг айтишича, “Исломий давлат” бошқарувидаги Раққа Афғонистонда толиблар ҳукмронлик қилган даврни эслатади. Толиблар ўшанда кинотеатрларни ёпиб, телевизор кўришни ман қилган эди.

“Исломий Давлат” оддий аҳоли ташқи дунё билан алоқа қила олмаслиги учун бошқа чораларни ҳам кўриб келмоқда. Июль ойида экстремистик гуруҳ раққаликларга уйда Интернетдан фойдаланишни ман қилди. Фақатгина гуруҳ бошқарувидаги кафеларда Wi-Fi уланишдан фойдаланишга рухсат берилди.

Жангарилар яна ижтимоий тармоқлардан фойдаланишга ҳам чекловлар қўйиб келади.

Озод Европа/Озодлик радиоси мухбири Жоанна Парасюк қаламига мансуб ушбу мақолани инглиз тилидан Нодир Атаев таржима қилди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG